Депутат кўмаги билан 18 нафар фуқаро ишга жойлашди

28.02.2022, 11:55

Депутат кўмаги билан 18 нафар фуқаро ишга жойлашди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одинахон Отахонованинг шаҳрихонлик сайловчилар билан ўтказган очиқ мулоқоти қизғин ва кўтаринки руҳда ўтди.

Депутат ташаббуси билан беш муҳим ташаббус доирасида ташкил этилган спорт мусобақаларида ёшлар ўз маҳоратларини намойиш этди. Маҳалла фаоллари, онахонлар томонидан баҳор таоми - сумалак тайёрланди.

Парламент қуйи палатаси депутати О.Отахонова, туман ҳокими Ҳ.Дадахонов, туман прокурори Б.Худайбердиевлар иштирок этган тадбирда ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга барча соҳаларда ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиб бериш, айниқса, ёшларни спортга кенг жалб этиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани таъкидланди.

Учрашувда энг фаол ёшларга депутат томонидан турли совға-саломлар топширилди.

Тегишли соҳа вакиллари, туман ҳокими ва прокурори иштирокида Шаҳрихон туманида бўлиб ўтган учрашувда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлар ва ўзгаришлар хусусида сайловчиларга тушунчалар берилди. Энг муҳими, аҳоли томонидан кўтарилган масалаларга шу ернинг ўзида ечим топилди.

Депутат О.Отахонова ташаббуси билан ўтказилган “Бўш иш ўринлари” ярмаркасида 18 нафар ишсиз фуқаро иш билан таъминланди, 9 нафарига амалий, ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

–Аҳоли бандлигини таъминлаш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш бугунги ислоҳотларнинг асосий мезонидир, – деди О.Отахонова. – Шу сабабли жойлардаги учрашувларимиз давомида бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, тадбиркорликка қизиққан ёшларни бизнес ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, уларда замонавий бизнес юритиш кўникмаларини шакллантиришга ҳаракат қиляпмиз.

Фуқаролар учун ташкил этилган сайёр қабулда аҳоли вакиллари ўзларини қийнаётган масалалар бўйича депутатга мурожаат қилди. Аҳоли томонидан кўтарилган қатор масалалар ижобий ҳал этилди, ечими вақт талаб этадиган масалалар бўйича муддат белгиланиб, ижроси назоратга олинди.

Халқ вакили учрашувлари давомида тумандаги “Қайрағочгузар”, “Юзлар”, “Наврўз” маҳаллаларида бўлиб, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олди, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари улашди.

  • Кўрилди
    587
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+