Тадбиркорлигини бошлаш истагида бўлган 35 нафар гурланлик ёшлар йирик ишлаб чиқариш корхоналар фаолияти билан танишди

20.06.2022, 16:33

Тадбиркорлигини бошлаш истагида бўлган 35 нафар гурланлик ёшлар йирик ишлаб чиқариш корхоналар фаолияти билан танишди

Мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан зиёд. Бу – аҳолининг қарийб 55 фоизини ташкил этади. Замон талабларини илғаш ва амалга ошириш, соҳа ва тармоқларни олға бошлашда бу жуда катта таянч, бебаҳо хазинадир.

Бугунги кунда 18-30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоиз экани қайд этилган. Жойларда ёшлар ўртасида ишсизликни бартараф қилиш бўйича олиб борилган ўрганишлар ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, улар учун кредит ажратишда ҳалигача кўплаб камчиликлар сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.

Жорий йил 15 июн куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва мономарказлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам жорий йилда 404 минг нафар ўрта таълим, 151 минг нафар касб-ҳунар таълим, 125 минг нафар олийгоҳ битирувчилари, жами 680 минг нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича муҳим вазифа тургани эътироф этилди. Уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорликка жалб қилиш, ўзини ўзи банд қилишга эришиш муҳим масала эканлиги таъкидланди. Мазкур йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва ёшлар бандлигига кўмаклашишда  O'zLiDeP депутатлари, партия фаоллари ҳам четда тургани йўқ.  Бу борада маҳаллабай ишлаш тизими катта самара бераётир.

Гурлан тумани “Мойли” маҳалласи ҳоким ёрдамчиси, O'zLiDeP туман Кенгаши раиси Умиджон Базарбаев саъй-ҳаракатлари натижасида маҳалланинг ўзига хос ҳаёт тарзидан келиб чиқиб хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришни йўлга қўйишга кўмаклашилмоқда. Хусусан, У.Базарбаев томонидан 35 нафар  тикувчилик, ишлаб чиқариш каби йўналишларда ўз фаолиятини бошлаш истагини билдирган хотин-қизлар ва ёшлар  "GURLAN GLOBAL TEKS" компанияси тикув цехи ҳамда “AVAR WOODS” MCHJ цехи фаолияти билан таништирилди. 

-Тикувчиликка қизиқаман. Банк кредити ва ўз маблағларим ҳисобига тикувчилик цехи ташкил этишни ният қилганман. Бугунги туманимиздаги йирик ишлаб чиқариш корхоналарига қилинган саёҳат менда катта таасурот қолдирди. Тадбиркорликни ташкил қилиш, фаолиятни юритиш ва албатда сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришда муҳим бўлган жиҳатлар билан танишдик. Корхонада иш ўрганиш бўйича таклифларни олдик. Ўйлайманки бу келажакда ўз фаолиятимизни йўлга қўйишимизда катта тажриба бўлади, -дейди тадбир иштирокчиси Санобар Каримова.

Наргиза Каримова,

O’zLiDeP Гурлан туман Кенгаши аппарат раҳбари

  • Кўрилди
    447
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+