Партиянинг ишбилармон аёли аниқланди

27.06.2022, 16:44

Партиянинг ишбилармон аёли аниқланди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси 19 йилдан зиёд вақт мобайнида юртимиздаги аёлларининг том маънодаги кўмакчисига айланди. Партия кўмаги билан мингдан ортиқ хотин-қизлар ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди.

Биргина, Ангрендаги партия шаҳар Кенгаши бугун ўз сафларида 2000 дан зиёд аёлларни бирлаштирган.

Ўтган давр мобайнида партия маҳаллий Кенгаши томонидан хотин-қизларнинг иқтисодий, ҳуқуқий билимларини ошириш, қайта касбга йўналтириш ва иш билан таъминлаш ҳамда оилавий корхоналар ташкил этиш борасида қатор хайрли ишлар амалга оширилди.

Партиянинг “Ишбилармон аёл” лойиҳаси бўйича ўтказилган кўрик-танловда ҳам мамлакатимиз тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида фаол иштирок этаётган шижоатли, изланувчан, ташаббускор, тадбиркор ва фермер хотин-қизларни саралаб олинди.

Танловнинг очилиш маросимида сўз олган партия Ангрен шаҳар Кенгаши аппарат раҳбари Муқаддам Нарбаева аёллар ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда O`zLiDePнинг тутган ўрни,  ўзаро самарали ҳамкорлик, бу борада амалга оширилаётган ишлар, истиқболдаги режалар тўғрисида тўхталди. Танлов иштирокчиларини унинг Низоми ва шартлари билан яқиндан таништирди. Тадбиркорлик йўналишида фаоллик, жонбозлик кўрсатаётган иштирокчиларни адолатли шартлар асосида беллашишга чорлади.

Партия шаҳар Кенгаши раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари Шоҳиста Мадиярова танлов иштирокчиларини таништириб,  уларнинг фаолияти тўғрисида қисқача ахборот берди.

Шундан сўнг, танловнинг ҳар бир иштирокчиси ўз кўргазмаларини ҳайъат аъзолари ва йиғилганларга таништириб, уни турли тақдимотлар ва фотокўргазмалар орқали изоҳлаб беришди.

Кўрик-танловда партия шаҳар Кенгаши “Аёллар қаноти” фаоллари, БПТ раислари, маҳаллалардан иштирок этаётган тадбиркор, фермер хотин-қизлар ва  партия фаоллари ўз билим, маҳорат ва тажрибалари доирасида беллашишди.

Адолатли ҳакамлар ҳайъати томонидан кўрик-танлов иштирокчиларининг фаолияти яқиндан диққат билан ўрганилгач, ғолиблар аниқланди.

Унга кўра, “Замонавий тадбиркор аёл портрети” номинациясига Г.Умаралиева, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли” номинациясига Ҳ.Хошимова, “Инвестицияларни жалб қилишда ташаббус кўрсатган ишбилармон аёл” номинациясига ҳунарманд Х.Байменова, “Битирувчи қизларга энг кўп иш ўрни яратган ишбилармон аёл” номинациясига тикувчи Н.Нозимова, “Энг ёш, фаол аёл тадбиркор” номинациясига эса Г.Джураевалар муносиб деб топилди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O`zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири

  • Кўрилди
    338
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+