Муаммолар кўп, аммо унинг ечими ҳам бор

26.08.2022, 17:55

Муаммолар кўп, аммо унинг ечими ҳам бор

Наманган вилояти Уйчи туманидаги “MEGA ICE HOME” хусусий корхонасида асосан мевани қуритиш ва қадоқлаш ишлари амалга оширилади. Бундан ташқари корхонада совутиш тизими ҳам мавжуд бўлиб, ҳудуддаги тадбиркорларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қиш ойларида сақланади. Ҳозирги кунда корхонада 8 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Корхона раҳбари Ёқубжон Дадахановнинг айтишига кўра, ишлаб чиқариш қувватини ошириш ҳисобига яна 8 нафар янги иш ўрни яратилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Барно Мирзамова мазкур корхонада бўлиб, яқинда давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгилаб берилган вазифалар ва уларнинг ижроси юзасидан корхона ишчилари билан суҳбатлашди. Очиқ мулоқотда тадбиркорлар учун қўшимча қиймат солиғи 12 фоизга туширилгани ва бу имтиёз орқали корхонага қанча миқдорда фойда қолиши ва бу фойда хусусий корхона истиқболи йўлида сарфланиши хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Айниқса, хусусий бизнес субъекти фаолиятини кучайтириш ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишда тадбиркорларга берилган қатор имтиёз ва енгилликларнинг аҳамияти катта бўлаётгани тақсинга сазовордир.

Шунингдек, Б. Мирзамова Уйчи туманидаги “Чуртук” фуқаролари йиғини аҳолиси билан учрашувда сайловчилар томонидан маҳаллани ички кўчаларини асфальтлаш ва тунги ёритиш тизимларини барпо этиш, маҳалла ёшлари учун стадион қуриш, табиий газ тармоғига улаш, светафор ўрнатиш ҳамда маҳалла ҳудудидаги дастурга тушиб таъмирланган аммо сифатига эътибор берилмаган болалар боғчасини қайтадан таъмирлаш, 32-оилавий поликлиникани тиббий анжомлар билан таъминлаш каби масалалар юзасидан мулоқот олиб борди ва бу масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилашини билдирди.

Депутат 16-, 32-умумтаълим мактаби, “Исломобод”, “Хўжаобод”, “Янги чек” ва бошқа ҳудудларда бўлиб, аҳоли томонидан кўтарилган ижтимоий муаммоларни бирма-бир ўрганди ва ҳал этиш юзасидан ўз таклиф мулоҳазаларини билдирди.

Ф.Аҳмедов,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати ёрдамчиси.

  • Кўрилди
    403
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+