Жиззах вилояти: “Ишбилармон аёл-2022” кўрик-танловининг биринчи ўрин соҳибаси, томорқачи Озода Эргашева

31.08.2022, 17:26

Жиззах вилояти: “Ишбилармон аёл-2022” кўрик-танловининг биринчи ўрин соҳибаси, томорқачи Озода Эргашева

Ўзим ҳақимда гапириш мен учун жуда ноқулай. Чунки, бугун нимага  эришган бўлсам, уларнинг барчасида устозим, “Дўстлик”ордени соҳиби, халқ депутатлари Ш.Рашидов туман Кенгаши депутати Шарофат Нориеванинг хизматлари беқиёс. Болалигимдан Опанинг изидан қолмадим. Ўтган йиллар давомида, опанинг даъвати, беминнат ёрдами билан мини трактор бошқаришдан тортиб, чорвачилик, боғдорчилик, гулчилик сиру- синоатларини ўрганишга интилдим.

Одатда қизларимизга қиёсланувчи гўзал, нозик гуллар, айнан, қўлларни қадоқ қилиб, қалб қўри, меҳр эвазига қилинган меҳнат туфайлигина чирой очишини, кўнгилларга  қувонч бағишланишини англаб етдим.

Устозим раҳбарлик қилаётган Гулчи опа томорқа хизмати” МЧЖ кластер хизматида иш юритувчиман. Кластеримизда 114 киши доимий иш билан таъминланган. Улардан 50 нафари “Аёллар дафтари” ва 35 нафари “Ёшлар дафтари”даги  ёшлар бандлигини таъминлаб, кўплаб оилаларнинг хонадонларига даромад олиб кирилишига сабабчи бўлмоқдамиз. Айни пайтда маҳалламиздаги хонадонларда гул етиштиришни йўлга қўйиш мақсадида кичик иссиқхоналар ташкил қилинмоқда. “Аёллар дафтари”да турган хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида кластер қошида ташкил қилинган ўқув маркази, яъни “Агро соҳа аёллар уюшмаси” Жиззах вилоят филиалини 200 нафар опа-сингилларимиз гулчилик, паррандачилик, чорвачилик ва бошқа соҳаларда тамомлаб, ўз тадбиркорлик фаолиятларини бошлаш имкониятига эга бўлишди. Бу жараёнларда менинг ҳам камтарона улушим борлигидан бахтиёрман. Ўзим севган иш билан шуғулланиш, ўзгаларга баҳоли қудрат кўмак бериш, инсон учун катта бахт, деб ҳисоблайман.

Устозим маслаҳати билан ушбу кўрик-танловда иштирок этдим. Тўғриси, танловда ғолиб бўламан, деб ўйламаган эдим. Чунки, вилоятимизнинг барча туманларидан ташриф буюрган тадбиркор, фермер ва  ишбилармон аёлларимизнинг меҳнатлари ҳам ҳар қанча таҳсинга лойиқ эди.

Умуман, партия томонидан ташкил этилган ушбу танлов жойлардаги ишбилармон аёлларга, биз каби ёшларга маҳорат мактаби вазифасини ўтамоқда. Янги-янги марраларни эгаллашимизга куч ғайрат бағишламоқда.

Танлов ғолиблиги менга билдирилган катта ишонч эканлигини яхши англаб турибман. Бу ишонч эса, албатта, жуда катта масъулият ҳам юклайди. Насиб қилса, бундан кейин ҳам Янги Ўзбекистонимизнинг гуллаб-яшнаши учун бор кучу ғайратимни аямайман.

  • Кўрилди
    559
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+