Сирдарё вилояти: “Ишбилармон аёл-2022” кўрик-танловининг биринчи ўрин соҳибаси, Сайхунобод туманидаги “Олимжон қизи Шоирахон” фермер хўжалиги раҳбари Шоирахон Шаматова

31.08.2022, 17:35

Сирдарё вилояти: “Ишбилармон аёл-2022” кўрик-танловининг биринчи ўрин соҳибаси, Сайхунобод туманидаги “Олимжон қизи Шоирахон” фермер хўжалиги раҳбари Шоирахон Шаматова

Бугунги кунда ҳукуматимизнинг тадбиркорликка, айниқса аёллар тадбиркорлигига кенг йўл очиб бераётганлиги, етарлича имкониятлар яратилаётганлиги қувонарлидир. Бугунги замон аёли қудратли техникаларни бошқармоқда, бизнес ва ишбилармонликда янги-янги марраларни кўзламоқда, ер билан тиллашиб, деҳқон-фермер хўжаликларига раҳбарлик қилмоқда.

Бугун мен ҳам ана шундай фермер хўжалигига эга бўлиб, 119 гектар ҳамда “Sirdaryo Politex” МЧЖнинг 120 гектар ижара ер майдонига буғдой ва пахта экинларини экканмиз. Буғдойдан мўл ҳосил етиштириб, олдимизга қўйган режани 105 фоизга уддаладик. Фермер хўжалигимизда 10 нафар доимий ва 45 нафар мавсумий ишчилар бўлиб, уларнинг 46 нафари аёллардан ташкил топган. Бундан ташқари ўз томорқамизга эгамиз. Томорқада етиштирилган полиз ва сабзавот экинлари хўжалик аъзоларига тақсимлаб берилган.

Бугунги бозор иқтисодиёти шароитида ҳар бир оила учун бу жуда катта ёрдам бўлади. Ишчиларимиз бозорга бориб полиз ва сабзавот маҳсулотларни сотиб олмайдилар, ушбу маҳсулотларга кетадиган маблағни фарзандларининг кийим-боши, рўзғорининг камига сарфлайдилар. Бундан ташқари боғимиздаги мевалар ҳам тақсимлаб берилади. Ҳар ойда ўз вақтида иш ҳақлари тўлаб борилаётганидан, яратилган шароитлардан ишчилар мамнун. Маҳалламиздаги ишсиз аёлларимиз учун келажакда яна 20 дан ортиқ иш ўринлари яратиш ниятидаман.

Бундан ташқари “Шоирахон” маҳалласидаги кам таъминланган оилаларга, ёлғиз аёлларга, ногирон ва ётиб қолган фуқароларга ҳам ўз маҳсулотларимиздан тарқатишни одат қилганмиз.

Юртимизда мен каби тадбиркор аёллар кўпаяётганидан хурсандман. Уларнинг барчаси ғолибликка арзийдиган тадбиркор ва ишбилармонлар. Бу танлов мен учун катта имтиҳон бўлди. Иштирокчиларнинг шаҳдига, ғайратига қараб хавас қилдим, бир томондан кучли ҳаяжонда бўлдим. Иш бошқариш усуллари, қўшимча хизмат турлари ташкил қилиш, фаолият кўламини кенгайтириш каби масалаларда улар билан ўртоқлашиб, менда янги ғоялар туғилди. Ўз олдимга янги режалар қўйдим. Бунинг учун O'zLiDePга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

  • Кўрилди
    475
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+