Давлат бошқаруви тизими тубдан ислоҳ қилинади

28.12.2022, 15:18

Давлат бошқаруви тизими тубдан ислоҳ қилинади

Сўнгги йилларда давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, ислоҳотларнинг дастлабки босқичида давлат хизматларини кўрсатиш тизими тубдан такомиллаштирилди. Шунингдек, давлат органлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича самарали механизмлар жорий этилди, давлат функцияларини хусусий секторга ўтказишнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Мурожаатномада ҳозирги кунда давлат аппаратида такрорланишларнинг кўплиги, кераксиз штатлар мажудлиги, марказлашувнинг юқорилиги такидланиб, бугунги мураккаб масалаларга тўғри ечим топиш учун ортиқча вақт, куч ва ресурс сарфланаётгани айтилди. Бугунги кунга келиб давлат идоралари сони кескин ошиб кетиши натижасида ихчам давлат бошқаруви аппаратини шакллантиришга имкон бермаяпти. Бошқарув тизимида салбий бюрократик омиллар кўпайишига олиб келмоқда.

Дунёнинг юқори иқтисодиёга эга бўлган 38 та давлатни ўзида жамлаган Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти Кенгашининг “Тартибга солиш сиёсати ва давлат бошқаруви бўйича тавсиялари”да давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш бўйича 12 та ҳолат назарда тутилган. Шулардан бири барча даражадаги давлат бошқаруви тизимида турдош тартибга солиш масалаларини аниқлаш орқали такрорланиш ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймасликдир.  Шунингдек, муайян соҳада давлат бошқарувини ягона давлат органига юклаш орқали мазкур соҳани комплекс ривожлантириш, яхлит позиция ва тизимли ёндашувни шакллантириш, турдош ва ўзаро боғлиқ тармоқларни ривожлантириш белгиланган.

Кўпгина ривожланган мамлакатларда ихчам давлат бошқаруви аппарати шакллантирилган. Масалан, Францияда – 18 та вазирлик, Германияда – 14 та вазирлик, Японияда – 13 та вазирлик, Финляндияда – 12 та вазирлик, Нидерландияда – 11 та вазирлик ташкил қилинган. Албатта, бу ислоҳотлар орқали давлат маблағларини тежашга, уларни тўғри ва оқилона фойдаланишга, давлат органлари халққа чинакам хизмат қилишига ҳамда бюрократияни кескин камайишига олиб келади.

Мазкур тажрибалардан келиб чиққан ҳолда Мурожаатномада назарда тутилган ислоҳотларнинг биринчи босқичда вазирликлар ислоҳ қилиниши, Ҳукумат иш услуби ҳам тубдан ўзгариши, энг аввало, вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилиши белгиланди. Қолаверса, ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтиш юзасидан муҳим таклифлардан бири сифатида давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 30-35 фоизга қисқариши бўлди. Дарҳақиқат, ушбу таклиф халқаро стандартларга кўра, “смарт” яъни ақлли бошқарув шакли тобора оммалашиб бораётганлигини англатади. Унинг марказида эса инсон манфаатлари ётади.

Бунда вазирлик ва идоралар ўртасида ўзаро такрорланадиган вазифа ва функциялари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан такрорланадиган вазифа ва функциялар қисқартирилади. Амалга ошириш тартиби ёки механизми мавжуд бўлмаган, шунингдек, бирор-бир тузилмага юклатилмаган вазифа ва функциялар қайта кўриб чиқилади. Шунингдек, бугунги кунда номарказлаштириш жараёни орқали 26 та республика даражасидаги функциялар тегишли ҳудудий давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўтказилди.

Хўш, бу орқали нималарга эришилади?

Биринчидан, бошқарув тизимидаги ортиқча, бир-бирини такрорлайдиган тузилмаларни қисқартириш эвазига  ихчам ва самарали бошқарув тизими яратилади.

Иккинчидан, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни тезкорлик ҳал этишда давлат бошқарув органлари фаолиятини рақамлаштиришни янада такомиллаштириш ва маъмурий органларнинг мустақиллигига эътибор қаратилади.

Учинчидан, қабул қилинган дастурлар ижроси юзасидан марказий ва маҳаллий раҳбарларнинг ҳисобот бериш тизимини янги сифат босқичига олиб чиқиш мақсад қилинган.

Тўртинчидан, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми аниқ белгиланади ва кадрларни танлашда халқчил мезонларни қонуний мустаҳкамланади.

Бешинчидан, давлат бошқаруви тизими ва маъмурий тартиб-таомилларни оптималлаштириш орқали давлат бюджети ортиқча сарф-харажатлар ва юкламалардан халос бўлади.

Юқорида келтирилган масалалар давлат бошқарувини халққа яқинлаштиришга, уни инсон омилига йўналтириш мақсадига эришишга хизмат қилади.

Манзурахон Эгамова,

O'zLiDeP Андижон вилоят кенгаши фаоли

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    735
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+