Андижонда Ёшлар парламентига сайловлар қизғин тусга кирди

03.02.2023, 16:20

Андижонда Ёшлар парламентига сайловлар қизғин тусга кирди

Мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этади. Ёруғ келажагимиз эгалари бўлган ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланиб, уларни сиёсий фаол қатламга айлантириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Бунда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш, жамиятда ёшларни сиёсий фаол қатламга айлантириш ҳамда уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини амалда бойитиш, қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнига ёшларни жалб қилиш ва қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш орқали уларнинг парламент ҳаётига дахлдорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган “Ёшлар парламенти” ҳам муҳим роль ўйнамоқда.

Ёшларимизнинг мамлакат сиёсий ҳаётида фаоллигини оширишда катта мактаб вазифасини ўтаётган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентига ўтказиладиган бўлажак сайловга тайёргарлик ишлари Андижон вилоятида ҳам қизғин тусга кирди.

O’zLiDeP Андижон вилояти, шаҳар ва туман Кенгашлари томонидан танлов низомида кўзда тутилган вазифалар ижросига жиддий киришилиб, номзодларнинг ҳужжатлари тегишли тартибда қабул қилиб олинмоқда.

Ҳозирги кунда тегишли округдаги туманларда танловнинг саралаш босқичи ўтказилмоқда. Андижон шаҳар, Олтинкўл, Пахтаобод, Улуғнор, Балиқчи ва Марҳамат туманларида ҳам танлов низомида белгиланган тамойилларга қатъий риоя қилинмоқда.

Партия масъуллари ҳамда тегишли жамоат ташкилотлари фаолларидан иборат ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан номзодларнинг ҳужжатлари белгиланган тартибда кўздан кечирилиб, уларга танлов шартлари юзасидан тегишли тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда.

Албатта, юртимизда ҳали кашф қилинмаган, ўз иқтидорини юрт равнақи йўлида сафарбар қилишга тайёр, ўз сиёсий позициясига эга миллионлаб ёшларимиз бор. Уларни катта куч сифатида бирлаштиришдек эзгу мақсад, бизни юқоридаги каби ташаббусларни амалга оширишга ундайди.

Шухратбек Турғунов,

O’zLiDeP Андижон вилояти Кенгаши

бўлим мудири

  • Кўрилди
    552
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+