Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш ўқув маркази фаолияти билан танишилди

23.02.2023, 15:41

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш ўқув маркази фаолияти билан танишилди

Чорвачиликни ривожлантириш мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг устувор вазифаси саналади. Шу боис давлатимиз томонидан бугунги кунда чорвачилик билан шуғулланаётган фермер хўжаликлари учун қатор имтиёзлар берилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов раҳбарлигидаги  ишчи гуруҳи Қарши туманида жойлашган “Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш ўқув маркази”да туман фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари  билан мулоқот қилди.

Мазкур даргоҳ бундан икки йил муқаддам ишга туширилган бўлиб, вилоятда чорвачиликни ривожлантиришга илмий ёндошувни ташкил этиш  мақсад қилинган эди. Бу ерда республиканинг таниқли олимлари иштирокида ташкил этиладиган ўқув-семинарларида фермер хўжаликлари ва аҳоли хонадонларида сунъий қочириш орқали зотли молларни кўпайтириш, паррандачилик, балиқчилик, қўйчилик ва асаларичиликни ривожлантириш борасидаги янгиликлар амалиётга татбиқ этиш режалаштирилган. 

Партия етакчиси воҳа чорвачилигини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этган марказ фаолияти бугунги кунда яхши ташкил этилмаётганлигини танқид қилди. Уни малакали мутахассислар билан таъминлаш, воҳа қишлоқларида марказ томонидан деҳқон хўжаликлари ва хонадонларда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичиликни ташкил этиш ва ривожлантириш борасида кўргазмали семинарлар ташкил этиб, аҳолини оилавий тадбиркорликка йўналтириш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни жойида бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берди.

- Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан ўқув машғулотлари ташкил этиладиган тадбирларга воҳанинг энг тажрибали фермер хўжаликлари раҳбарлари таклиф этилиши керак, - деди Актам Хаитов. – Айниқса, хонадонида чорва, парранда, балиқчилик, қўйчилик билан шуғулланаётган қишлоқ одамларига чорва моли ёки паррандасини  касалликлардан асраб қолишда марказ мутахассисларининг маслаҳатлари асқотиши табиий. Бугун катта чорвачилик фермаларини эгаллаб олган фермерлар ерлардан чорва озуқаси етиштиришни кўпайтириш, дала четларига манзарали дарахт кўчатлари экишни унутмасликлари керак. Қанийди ҳар бир хонадонда туяқуш, зотдор моллар, от ва асалари боқиш йўлга қўйилса, аҳолининг  турмуш фаровонлиги тубдан яхшиланар эди. Партия депутатлари бу борада аҳоли ўртасида кенг кўламда тушунтириш-тарғибот ишларини амалга оширишлари зарур.

Мулоқот давомида Президентимизнинг жорий йил 26 январдаги “Пахта хомашёси етиштирувчилар фаолиятни янада қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида фермер хўжаликлари учун берилган қатор имтиёзлар ҳақида айтиб ўтилди. Хусусан, фермер хўжаликлари ҳудудида қуриладиган “Дала дўкони” учун ажратиладиган  кредитни тўлаш учун етти йиллик имтиёз берилиши, минерал ўғит ва ёқилғи мойлаш материалларини биржадан ҳеч бир устамасиз харид қилиш ҳуқуқи берилганлигини алоҳида таъкидлади.

  • Кўрилди
    805
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+