Манасда нима бўляпти?

29.03.2018, 15:57

Манасда нима бўляпти?

Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Обод қишлоқ” дастури доирасида ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилган илк манзил – Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги ­“Манас” ҚФЙ бугун чинакамига обод қишлоққа айланмоқда.

“Обод қишлоқ” дастуридан кўзланган асосий мақсад тараққиётдан ортда қолаётган аҳоли масканлари, ижтимоий соҳа объектлари, ночор аҳволда кун кечираётган оилалар, юртимизнинг умумий манзарасига ярашмайдиган абгор кўринишдаги уй-жойлар, йўл ҳамда кўчаларни обод қилиш, одамларга муносиб шарт-шароит яратишдан иборатдир.

Аввал хабар қилинганидек, O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши Манасдаги Баҳористон кўчасида ободонлаштириш ишларини ўз зиммасига олган эди. Мазкур кўчада 46 та уй мавжуд бўлиб, 68 та оилада 294 нафар аҳоли яшайди. Ҳовлилардаги тандирхона, товуқхона, молхоналарнинг жами 2346 метр квадрат майдони, уйларнинг ташқи қисмида 3594 метр квадрат фасади бир хил кўринишда таъмирланди. Лойиҳа доирасида 64 нафар ишсизнинг 38 нафари иш билан таъминланди. Иқтисодий ночор оилаларга 6 бош қорамол, 29 бош қўй, 206 та парранда ҳомийлик асосида олиб берилди. Тарғибот тадбирларида депутатлар ва партия фаоллари томонидан 26 оилага жами 2 миллион 600 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Партиямиз аъзоси бўлган фаол тадбиркорлар ҳомийлиги асосида уйлар оралиғи 164 квадрат метр майдони шлакоблок ғишт билан ўралди, 3 та ҳовлига дарвоза ўрнатилди. Ҳовлиларга 2 миллион сўмлик 100 туп мевали ва 5 миллион 220 минг сўмлик 87 туп манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Кўчанинг икки томонига 16 миллион 800 минг сўмлик 280 туп арча, 7 миллион 440 минг сўмлик 186 туп мевали дарахт кўчатлари ҳамда 3 миллион сўмлик 2000 га яқин гуллар экилди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги O‘zLiDeP депутати, “Одил Фарҳод” хусусий корхонаси раҳбари Фарҳод Одилов томонидан икки хонадонга жами 3 миллион 800 минг сўмлик 4х12 ҳажмдаги 2 та иссиқхона ҳомийлик асосида қуриб берилди.

Партия фаоллари уйма-уй юриб, ҳар бир хонадон эгалари билан дилдан суҳбат қилишди. Мулоқот давомида фуқароларнинг ижтимоий аҳволи, яшаш шароитлари ўрганилди. Бўш турган томорқалардан даромад олиш йўллари борасида тушунчалар берилди. Тажрибали миришкорлар жалб қилинган ҳолда сабзавот ва полиз экинларини экишда яқиндан кўмаклашилди. Шароф Рашидов туманидаги “Холмўминов Зоҳид” фермер хўжалиги раҳбари Шарофат Нориева томорқадан унумли фойдаланиш бўйича уй бекалари учун амалий семинар ўтказди. Фермер томонидан Абдурашид Сулаймоновнинг хонадонига 3х4 ҳажмдаги иссиқхона қурилиб, турли хилдаги кўкатлар ва помидор кўчатлари экиб берилди.

O‘zLiDeP нафақат Дўстлик туманидаги Манас қишлоғида, балки бошқа ҳудудларда ҳам “Ҳар бир инсон бахтли яшашга ҳақли” шиори остида амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури доирасидаги ишларда ҳам фаол иштирок этишни мақсад қилган.

O‘zLiDePнинг Facebook ва Instagramдаги расмий саҳифаси ҳамда Telegram’даги каналига аъзо бўлиб, сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг!

  • Кўрилди
    2382
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+