Янгиланаётган Конституция - шаън ва қадр-қимматимиз ҳимоячиси

31.03.2023, 12:05

Янгиланаётган Конституция - шаън ва қадр-қимматимиз ҳимоячиси

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фахриддин Саматов Жарқўрғон туманидаги 2-сонли касб-ҳунар мактабида 12 та маҳалла раислари, хотин-қизлар фаоллари, ҳоким ёрдачилари ва ёшлар етакчилари, ўқитувчилар, партия фаоллари билан учрашув ўтказди. Учрашув мавзуси янгиланаётган Конституциямиздаги ўзгаришлар, уларнинг ижтимоий ҳаётимизда қандай ўрин тутишига бағишланди.

Депутат ўзргартириш киритилган моддалар, улардаги нормалар ҳақида тушунтириб ўтаркан, хусусан, унда давлатнинг ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш мажбурияти кучайтирилаётгани таъкидланди. Бу қоидалар эса мамлакатимиздаги 685 минг нафардан ортиқ ўқитувчиларнинг профессионал ўсиши ҳамда ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватланиши уларнинг жамиятдаги ижтимоий мақоми, обрўсини янада оширишга хизмат қилади.

Худди шундай учрашув тумандаги Марказий поликлиника, туман ҳокимлигида ҳам ўтказилди. Унда хусусан, аҳоли кафолатланган бепул тиббий хизматлардан фойдаланиши ҳам лойиҳага киритилгани, аҳоли саломатлигини асраш билан боғлиқ нормалар 4 баробар кўпайтирилаётгани айтиб ўтилди. Бу эса аҳоли соғлиғини ишончли муҳофаза этиш ҳамда оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда жуда муҳим аҳамиятга эгадир.

Маълумот учун айтиш керакки, жорий йилда “Кафолатланган хизматлар пакети” қайта кўриб чиқилиб, унда 20 турдаги касалликлар бўйича диагностика, даволаш ва профилактика хизматлари ҳажми тўлиқ қамраб олинади.

Кўп учрайдиган 20 турдаги касалликлар бўйича бирламчи бўғиндаги бепул анализ турлари – 15 тадан 25 тагача, текширувлар – 10 тадан 20 тагача, дорилар – 64 тадан 90 тага оширилади.

Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи қоидалар ҳам янада такомиллаштирилди. Жумладан, давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ҳамда маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароит яратиши, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашиши, зарур ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлаши мустаҳкамланди.

O'zLiDeP Сурхондарё вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    342
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+