Янгиланаётган Конституция: Давлат ёшлар ҳимоячиси

04.04.2023, 16:35

Янгиланаётган Конституция: Давлат ёшлар ҳимоячиси

Бугун юртимизда ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, янгиланаётган Конституцияда ҳам кўплаб соҳа ва йўналишлар қаторида ёшлар масаласига алоҳида устуворлик берилган.

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ўзаро ҳамкорлигида ўтказилган давра суҳбатида ҳам шу ҳақда сўз борди.

Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида ташкил этилган тадбирда O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши раиси Тўлқинжон Файзиев, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Миразиз Мирсултонов, Тошкент давлат Юридик университети доценти Икром Эргашев, Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги партия депутати Ли Вадим Геннадиевич ҳамда фаоллар иштирок этишди.

Унда сўз олганлар асосий эътиборни “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасида ёшларга оид қатор нормалар ўз ифодасини топаётганига қаратишди.  

Тадбирда қайд этилганидек, янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши билан давлат ўз зиммасига яна бир масъулиятни олмоқда. У ҳам  бўлса, давлат ёшларни ўз ҳимоясига олиши масаласи. Ёшлар ҳуқуқлари акс этаётган алоҳида моддага кўра, давлат ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди. Уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантиради. Шунингдек, давлат ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиб бериши белгиланмоқда.   

Ўқиш, муносиб иш топиш, оила қуриш, уйли бўлиш масаласи ҳар бир ёшни жиддий ўйлантирадиган, қийнайдиган масалалардан бўлиб, буларнинг барини бирданига ҳал қилиш жуда мушкул. Шу боис давлат эндиликда бу каби масалаларни ўз зиммасига олмоқда. Яъни, янгиланаётган Конституцияда ёшларнинг сифатли таълим олиши, ишга жойлашиши, уй-жойга эга бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Янги таҳрирдаги Конституцияда алоҳида бир бобнинг оила, болалар ва ёшлар масаласига бағишлангани, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир ўзгариш ва янгиланишлар ёшлар вакиллари томонидан мамнуният билан эътироф этилмоқда.

Ўзаро қизғин тарзда кечган суҳбатда иштирок этган қатнашчилар мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олишди.

Юртимизда кечаётган Конституциявий ислоҳотлар жараёнига бефарқ бўлмасдан, умумхалқ референдумида фаол иштирок этишга чорлашди.

  • Кўрилди
    858
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+