Халқ манфаатлари қонунларда акс этмоқда

22.05.2023, 19:09

Халқ манфаатлари қонунларда акс этмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бўлган, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир муҳим қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Дастлаб депутатлар “Ўлчаш воситаларини қиёслашдан ўтказиш соҳасига хусусий сектор жалб қилиниши муносабати билан “Метрология тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди.

Таъкидланганидек, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш ва мазкур соҳада хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун энг қулай шароит ва рағбатлар яратиш зарурати “Метрология тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни тақозо этмоқда.

Қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар эса ўлчаш воситаларини қиёслашдан ўтказиш хизматлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳисобланмайдиган юридик шахсларнинг метрология хизматлари томонидан кўрсатилишини таъминлаш орқали тадбиркорлик фаолияти субъектларига ўз фаолият доирасини кенгайтиришга, метрология соҳасида фаол рақобат муҳитини шакллантириш имконини беради.

Депутатлар мазкур қонуннинг O'zLIDeP учун аҳамиятли жиҳатларига тўхталиб, партия тадбиркорлар, ишбилармонлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли муҳофаза этишни таъминловчи қонунчилик меъёрлари ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш тарафдори эканини алоҳида таъкидлади.

Муҳокамалар давомида партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича асосли таклифлар берди. Қолаверса, фракция аъзолари ушбу ҳужжатнинг муҳимлигини эътиборга олиб, қатор саволларни ҳам ўртага ташлашди.

Мутасаддилар кўтарилган ҳар битта савол бўйича алоҳида тушунтиришлар берди. Қизғин кечган бахс-мунозаралар, узоқ давом этган савол-жавоблардан сўнг, билдирилган фикр-мулоҳазалар инобатга олинган ҳолда, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасини кўриб чиқиш чоғида уни иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар томонидан берилган таклифлар эътиборга олингани, ушбу ҳужжат ҳар томонлама пишиқ-пухта ҳолатга келтирилганини қайд этиб, уни қўллаб-қувватлашди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2022 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи ҳам кўриб чиқилиб, фракция аъзолари томонидан маъқулланди.

  • Кўрилди
    513
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+