Устувор мақсадимиз – инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратиш!

08.06.2023, 16:19

Устувор мақсадимиз – инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратиш!

Мамлакатимиз ҳаётидаги ўта муҳим ва тарихий аҳамиятга эга сиёсий воқеа — муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови сўнгги йилларда олиб борилаётган кенг кўламли демократик ўзгаришлар ва туб ислоҳотлар натижасида юртимизда юзага келган мутлақо янги ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва маънавий-маърифий муҳитда бўлиб ўтмоқда.

Ушбу ислоҳотлар партиямиздан номзод Шавкат Мирзиёевнинг инсон қадрини улуғлаш, одамларни ҳаётдан рози қилиш, уларнинг узоқ келажакда ёки эртага эмас, балки айнан бугун яхши яшашини таъминлаш, “Давлат — инсон учун”, “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори”, “Аввал инсон, кейин жамият ва давлат” деган мутлақо янги тизимни ҳаётга татбиқ этиш каби ислоҳотлар мақсадига айлантирилган улуғвор эзгу ғояларига асосланган.

Бугунги кунда Янги Ўзбекистон орзусихалқни, миллатни, фуқаролик жамияти институтлари ва бизнес ҳамжамиятини бирлаштирувчи, йўлга бошловчи олий мақсадга айланди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг XI съездида номзодимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев узоқ йиллар давомида йиғилиб қолган, жамиятда ўз ечимини кутаётган тизимли муаммолар ва воқеликни чуқур таҳлил қилиб, тарихан қисқа вақтда Ўзбекистон давлатчилигидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш борасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар билан бир қаторда, келгуси етти йил ичида амалга оширилиши лозим бўлган устувор мақсад ва йўналишлар, стратегик вазифаларни баён этди. Улар, шубҳасиз, бугундан қурилаётган келажагимиз, барпо этиладиган эртанги кунимиз қиёфасини аниқлаб беради.

Ушбу стратегиянинг энг устувор йўналиши — ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратишдан иборат.

Сифатли билим, таълим ва тарбия — Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдевори

Янги Ўзбекистон айнан мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади, мамлакат тараққиёти илм-фан ва инновацияга таянади. Зеро, мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимиз эса янги Уйғониш даври, глобаллашув даврида мамлакатимиз рақобатбардошлигининг тўрт таянч устунидир.

Мамлакатимизда бир-бири билан чамбарчас боғланган таълим-тарбия соҳаси — мактабгача таълим, мактаб таълими, ўрта махсус ва олий таълим тизимлари, илмий-тадқиқот муассасаларини ривожлантириш бўйича беқиёс ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Хусусан, қисқа муддатда таълим-тарбия соҳаси тубдан ўзгартирилгани:

- болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 72 фоизга олиб чиқилиши;

- мактаб таълимида қўшимча 700 минг ўқувчи ўрни яратилиши, 200 га яқин мутлақо янгича мазмун ва шаклга эга бўлган Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар ҳамда 400 та хусусий мактаб ташкил қилиниши;

- математика-физика ва кимё-биология фанларини ривожлантириш бўйича қарорлар қабул қилиниши ва амалга оширилиши;

- таълимга замонавий методика, сифат ва рақобат кириб келиши, дарсликларнинг энг илғор хорижий тажрибалар асосида тўлиқ янгиланиши, мактабларга минглаб хорижий муаллимлар олиб келиниши, мураббийлар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилиши;

- ёшларнинг олий таълим билан қамров даражаси 2016 йилдаги 9 фоиздан 2022 йилда 38 фоизгача — 4,2 баробар, олий таълим муассасалари сони эса 3 баробар (77 тадан 210 тага) ошгани, 65 нодавлат ОТМ ташкил қилиниши (2016 йилда умуман бўлмаган), хорижий ОТМ филиаллари сони 4,2 баробар кўпайиши кабилар бу борада амалга оширилган ишлар кўламидан дарак беради.

Натижада бугун қанча-қанча оддий оилалар фарзандлари халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлмоқда, 1 миллиондан ортиқ йигит-қизимиз олий таълимда таҳсил олмоқда (2016 йилда 270 минг нафар), нуфузли хорижий олийгоҳларга кирмоқда. Уларнинг ота-оналари қувончи чексиз.

Шу билан бирга, бу соҳадаги ўзгаришлар амалга оширилаётган ишлар дебочасидир. Бугун таълим сифатини таъминлаш масаласи долзарб аҳамиятга эга бўлмоқда. Халқаро экспертлар билан ўтказилган таҳлиллар натижасига кўра, бугун ҳаётимиздаги мавжуд шароитлар болаларга фақат 60 фоиз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун имкон бермоқда.

Шу муносабат билан, номзодимиз Шавкат Мирзиёев дастурида бу йўналишда қуйидаги вазифалар устувор, деб белгиланди.

Биринчидан, 2030 йилга қадар мактабгача таълимга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қоплаб, қамровни 100 фоизга етказиш ва боғчаларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш. Ушбу мақсадда:

- 7 фоизлик ставкада 10 йил муддатга кредит бериш учун имконият яратилиб, ишлаб чиқариш корхоналарининг боғча қуришга сарф этиладиган харажатларини солиқлардан тўла озод қилиш тартиби ишлаб чиқилади;

- 2030 йилга қадар қўшимча 2 мингта боғча қуриш чоралари кўрилади;

- эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун боғча, жумладан, хусусий боғча харажатлари давлат томонидан қоплаб бериш тартиби жорий этилади;

- ҳар бир боғчани компьютер синфи билан таъминлаш чоралари кўрилади. Бу, ўз навбатида, болаларни эрта ёшдан бошлаб замонавий ахборот технологияларига ўргатишга ва уларнинг келажакда юксак салоҳиятга эга бўлишига хизмат қилади.

Шунингдек, боғча ва мактаблар инфратузилмасини ривожлантириш, жумладан, фильтрланган ичимлик сув, санитария-гигиена инфратузилмаси билан тўлиқ таъминлаш ҳамда болаларнинг соғлом овқатланишига кўмаклашиш мақсадида уларга оқсил, витамин ва минераллар билан бойитилган сут ва йод билан тўйинтирилган нон маҳсулотлари берилиши йўлга қўйилади.

Иккинчидан, мактабларда қўшимча 2,5 миллион ўқувчи ўрнини яратган ҳолда таълим сифати тубдан яхшиланади. Шу мақсадда:

- “Йилига 500 минг ўқувчи ўрни” дастури ишлаб чиқилиб, амалга оширилади;

- хусусий таълимга қўшимча енгилликлар берилиб, давлат-хусусий шериклик тамойили асосида мактаблар қуриш кенг жорий этилади;

- бошланғич синф ўқувчилари таълим планшетлари билан тўлиқ таъминланади ва бунинг учун зарур молиявий имкониятлар яратилади;

- чекка ҳудудларда “мактаб автобуслари” бепул йўлга қўйилади;

- 2030 йилгача барча туман ва шаҳарларда “Истеъдод — Интилиш — Истиқбол” номли ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиб, уларда Президент мактабларидан кам бўлмаган шароит яратилади ва эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун 70 фоиз квота ажратилади;

- барча мактабларга “тил эгалари” бўлган ўқитувчилар жалб қилинади, бу мақсадларга ҳар йили 200 миллиард сўм маблағ ажратиш чоралари кўрилади. Зеро, хорижий тилларни билиш — ёшларимиз учун дунё эшикларини очадиган калит.

Учинчидан, олий таълим ва илм-фан тизимларини илғор хорижий тажриба асосида ривожлантириш. Шу мақсадда:

- дунёдаги “Топ-500”га кирадиган чет эл олийгоҳлари билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма ўқув дастури ва “икки дипломли тизим”ни (“double degree”) жорий этиш асосий вазифа бўлади. Бугунги кунда жаҳоннинг (АҚШ, Германия, Франция, Италия, Финляндия, Нидерландия, Туркия, Россия, Индонезия, Исроил ва бошқа қатор давлатлар) нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорликдаги “double degree” таълим дастурлари асосида ўқитиш қамрови кенгаймоқда.

Бу жамиятимиз ва давлатимиз тараққиётига хизмат қилувчи зарур мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш ва таълим сифатини оширишга хизмат қилмоқда;

- биотехнология, сунъий интеллект ва бошқа юқори технологик йўналишларда истеъдодли ёшларни энг нуфузли хорижий олийгоҳларга давлат ҳисобидан ўқишга юбориш бўйича 200 миллион АҚШ долларилик дастурлар амалга оширилади. Ушбу ташаббуслар дунёнинг аксарият мамлакатлари “Тўртинчи саноат инқилоби” арафасида турган бир пайтда Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади;

- илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришга 1 миллиард АҚШ доллари ажратилиши учун молиявий имкониятлар янада кенгайтирилади.

Шунингдек, маданият, санъат ва адабиёт вакиллари, маънавият соҳаси ходимлари, барча зиёлиларнинг машаққатли ва шарафли меҳнатини қадрлаш ва рағбатлантириш бўйича қўшимча чоралар кўриб борилади.

Номзодимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ушбу ташаббуслар мамлакатимизнинг инновацион ривожланиш йўлидан жадал ҳаракатланиши, “билимлар иқтисодиёти” ҳамда “рақамли иқтисодиёт”, “ахборот жамияти” шакллантирилишига эришишнинг муҳим ва зарур шартлари сирасига ҳам киради. Зеро, келажагини ўйлаган, жаҳон тараққиётидан ортда қолишни истамаган давлатлардан нафақат ўзгаришлар фалсафасини англаш қобилияти, балки уларнинг ҳаётимизга кириб келиш суръатларини ҳисобга олган ҳолда мобиллик, тезкорлик, кенг кўламли ишларни кечиктирмасдан амалга ошириш талаб қилинади.

 Соғлом ва баркамол миллатгина буюк ишларга қодирдир

Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда барча учун малакали тиббиётни яратиш, соғлиқни сақлаш тизимини аҳолига қулай тарзда янгилаш, мамлакатимизни аҳолиси ўртача умр кўриш даражаси юқори бўлган илғор давлатлар қаторига киритиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Ушбу ислоҳотлар замирида Шавкат Мирзиёевнинг “сиҳат-саломатлик ҳар бир инсон, бутун аҳолимиз учун ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган буюк неъматдир” деган эзгу мақсади мужассамдир.

Маълумки, касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш оила учун ҳам, давлат учун ҳам самарали ва фойдалидир. Шу боис, мамлакатимизда профилактик тиббиёт ривожига устувор аҳамият қаратилмоқда.

Энг аввало, бирламчи тиббиёт бўғинини, тез ва шошилинч тиббий ёрдам тизимини янада ислоҳ қилиш, яхшилашга эътибор қаратилиб, ҳар бир маҳаллада “хонадонбай” ишлайдиган патронаж хизматини ташкил этиш орқали соғлиқни сақлаш тизими аҳолига яқинлашишига эришилди.

Биргина 2022 йили жойларда 136 та оилавий шифокорлик пункти ва оилавий поликлиника ҳамда чекка ҳудудларда 1000 дан ортиқ маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилди. Оилавий шифокорлар томонидан аҳолига бепул тарқатиладиган 70 хилдаги дори-дармон учун маблағлар ҳажми ўтган йилларга нисбатан 3 баробар оширилди. Оилавий поликлиникаларда кундузги даволаш ўринлари ташкил этилиши натижасида 740 минг киши шифохонага бормасдан, бевосита ўзи истиқомат қилаётган маҳаллада муолажа олиш имкониятига эга бўлди.

Юқори малака ва технологиялар талаб қиладиган тиббий хизматлар кўлами ҳам кенгаймоқда. Авваламбор, ҳудудларда 23 та ихтисослашган тиббиёт марказининг юздан ортиқ филиали фаолият бошлади. Натижада илгари пойтахтда амалга оширилган 200 турдаги операция ва ташхисларни маҳаллий шифохоналарда ўтказиш имконияти яратилди. 130 дан зиёд турдаги жарроҳлик амалиёти вилоят шифохоналарида, 60 тури эса туманларда биринчи марта йўлга қўйилди.

Тиббиёт ходимларининг ойлик маоши 3,3 баробар оширилиб, уларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилишига чек қўйилди. Шунингдек, халқ табобати аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг қўшимча усули сифатида эътироф этилди ва уни ривожлантириш бўйича чоралар кўрилмоқда.

2016-2022 йилларда давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизими учун ажратилаётган маблағлар қарийб 4 баробар ошди. Шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ажратилаётган маблағлар 12 баробар кўпайтирилди. 2021 йилдан бошлаб, бирламчи бўғинда аҳолини 66 турдаги дори воситалари билан бепул таъминлаш йўлга қўйилди.

Энг муҳими, кўрилаётган чоралар натижасида аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 73 ёшдан ошишига эришилди. Келгусида ушбу кўрсаткични 78 ёшга етказиш вазифаси қўйилди.

Бу борадаги изчил ислоҳотларни сифат жиҳатдан янги босқичга чиқариш учун номзодимиз дастурида қуйидаги устувор вазифалар белгиланган.

Биринчидан, аҳоли ўртасида ижтимоий аҳамиятга молик касалликларни барвақт аниқлаш ва улар билан касалланиш кўрсаткичларини кескин камайтириш чораларини кўриш. Шу мақсадда:

- 2030 йилга қадар оналар ва болалар ўлими, болалар ўртасида ирсий касалликларни камида 2 баробар қисқартириш, онкологик, юрак-қон томир, диабет, нафас йўллари ва юқумли касалликлар бўйича эрта ўлимни эса 2,5 баробар камайтириш соҳадаги энг асосий вазифалардан бири бўлади;

- сил билан касалланиш даражасини кескин камайтириш учун зарур имкониятлар ишга солинади;

- жигар циррозига олиб келувчи “Гепатит С” касаллигини 100 фоиз давлат ҳисобидан даволаш йўлга қўйилади.

Иккинчидан, 2030 йилга қадар тиббиётга бюджетдан ажратиладиган йиллик маблағ ҳажмини 2 карра ошириб, 6 миллиард АҚШ долларига етказиш ва аҳолини кафолатланган тиббий хизмат билан қамраб олиш даражасини янада кенгайтириш. Бу йўналишда:

- 2024 йилдан бирламчи бўғин орқали энг кўп учрайдиган 10 та касалликни даволаш ва 6 та тиббий хизматдан иборат кафолатланган тиббий пакетни аҳолига бепул тақдим этиш бўйича зарур чоралар кўриш;

- туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, болаларга 7 турдаги витаминлар, йод ва фолий кислотасини бепул тарқатиш ишларини давом эттириш;

- 350 минг диабет, 1,5 миллион юрак-қон томир касаллиги бор беморларни даволаш билан тўлиқ қамраб олиш;

- ҳар йили юрак нуқсони бор 5 минг болани ва кўриш қобилиятини йўқотиш эҳтимоли юқори бўлган 10 минг чақалоқни бепул даволаш;

- соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш ва тиббий суғурта тизими жорий этиш назарда тутилган.

Учинчидан, онкологик беморлар даволаниши ва соғайиб кетиши учун зарур шароитлар яратиб, уларнинг одатий ҳаётга қайтишига кўмаклашиш. Жумладан:

- онкологик касаллиги бор 120 минг беморни даволаш билан тўлиқ қамраб олиш;

- онкологик беморлар ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш амалиётини йўлга қўйиш;

- эҳтиёжманд оилаларнинг онкологик касаллиги бор фарзандларида ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш харажатларини тўлиқ давлат ҳисобидан қоплаш учун молиявий ресурслар жалб қилиш бўйича зарур чоралар кўрилади.

Ижтимоий хизматлар соҳасини кенгайтириш ва камбағалликни қисқартириш — барқарор ривожланиш гарови

Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат тамойили конституциявий норма сифатида мустаҳкамланиши, инсон қадрини янада улуғлаш, ҳозирги ва келгуси авлодларнинг фаровон турмушини таъминлашга қаратилганини алоҳида эътироф этиш зарур. Зеро, бу икки тушунча ўзаро чамбарчас боғлиқдир.

Ижтимоий давлат, деганда, энг аввало, жамиятда ижтимоий адолат ва ҳамжиҳатлик тамойиллари ҳукм сурадиган, инсон капиталини ривожлантириш ва унинг имкониятларини юзага чиқариш учун зарур шароитлар яратилган, иқтисодиёти ижтимоий йўналтирилган ҳамда фуқаролар учун юқори ҳаёт ва турмуш даражаси, ижтимоий ҳимояни таъминлайдиган давлатни тушунамиз.

Бундай давлатда барқарор ривожланишнинг муҳим мақсадлари бўлмиш — ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигига кўмаклашиш, таълим, соғлиқни сақлаш ва маънавий-маданий соҳаларнинг мунтазам тараққий этишини таъминлаш, самарали ижтимоий суғурта таъминотини йўлга қўйиш, жамиятда кескин ижтимоий фарқланиш ва ижтимоий тенгсизликка йўл қўймаслик, аҳолига муносиб турмуш шароитларини яратиш каби вазифаларга устувор аҳамият берилади.

Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолининг кўпчилик қисми ёшлардан иборатлигини ҳисобга олсак, ушбу тамойилнинг Конституциямизда мустаҳкамланиши ҳамда номзодимиз ушбу йўналишга устувор аҳамият қаратаётгани эътиборга молик.

Жумладан:

- кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими жорий қилинди;

- ижтимоий ёрдам кўлами 5 баробар оширилиб, 2 миллиондан ортиқ оила қамраб олинди;

- ҳозирги кунда ҳар бир эҳтиёжманд оила бюджет ва 3 та — “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” тизими орқали моддий ёрдам олмоқда. Бу мақсадларга бюджетдан ҳар йили ажратиладиган маблағ 18 триллион сўмдан ошди (2016 йилга нисбатан 8,2 баробар ортиқ). Ижтимоий таъминотга йўналтирилган маблағларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши эса 2,5 баробар кўпайди (2016 йилдаги 0,9 фоиздан — 2022 йилда 2,2 фоизга ошди);

- кам таъминланган оилалардаги болаларни парваришлаш учун тўланадиган нафақа қамрови кенгайиб, нафақа тайинлашда инобатга олинадиган болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача оширилди, мазкур тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача ҳамда нафақа миқдори ўртача 1,5 баробар оширилди;

- ишсизлик нафақаларининг энг кам миқдорлари 3,2 баробар оширилди, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган 20 дан ортиқ янги воситалар жорий этилди.

Лекин Ўзбекистонда оғир вазиятга тушган кўп тоифадаги аҳоли (ногиронлиги бор шахслар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотганлар, оилада зўравонликка учраган аёллар ва бошқалар) борлигига қарамай, ижтимоий ҳимоя фақат пул бериш билан чекланиб қолмоқда. Аслида, бу тизимнинг вазифаси аҳолини оғир аҳволдан чиқариш ва жамиятда ўз ўрнини эгаллаши учун кўмак беришдан иборат бўлиши керак.

Бу эса, ўз навбатида, ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини тўлиқ қайта кўриб чиқиш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишни тақозо этмоқда.

Мазкур мақсадда партия томонидан кўрсатилган номзод дастурида қуйидаги устувор вазифалар белгиланган.

Биринчидан, ҳар бир маҳаллада профессионал ижтимоий ходимлар фаолиятини ва ижтимоий хизматларни манзилли асосда кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш. Бунда:

- оғир ҳаётий аҳволга тушган ёки тушиш хавфи юқори бўлган ҳар бир оила бўйича алоҳида “ижтимоий хизмат иши” юритиш тартибини ишлаб чиқиш. Ушбу оилаларда шароитни яхшилаш, уларга даволаш, дориларни етказиш, фарзандларини боғча ва мактабга жойлаштириш, моддий ёрдам бериш каби ижтимоий хизматлар кўрсатиш манзилли чораларини амалга ошириш белгиланган;

- туманларда ижтимоий хизматларни “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатадиган ижтимоий хизматлар марказлари, психолог, ҳуқуқшунос, ижтимоий ходимдан иборат “мобиль гуруҳлар” фаолиятини йўлга қўйиш;

- болаларни васийликка олиш тизими, васийларни танлаш мезонлари ва мониторинг қилиш тартибини қайта кўриб чиқиш кўзда тутилган.

Иккинчидан, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим яратилади. Жумладан:

- ортопедия, реабилитация, тиббиёт ва дори воситаларини ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўзи танлайдиган, давлат эса, фақат пулини тўлаб берадиган тизим жорий этилади;

- протез-ортопедия буюмлари билан таъминлаш учун йўналтириладиган маблағларни ҳозирги 80 миллиард сўмдан 250 миллиард сўмга кўпайтириш ушбу йўналишда устувор вазифа бўлади;

- ногиронликни белгилаш бўйича ҳозирги тиббий моделдан ижтимоий моделга ўтиш учун зарур чоралар кўрилади. Бунда, ишлаш истагидаги ногиронлиги бўлган шахсларга зарур шароитлар яратилади;

- ногиронлиги бўлган шахсларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга бепул ўқитиш ҳамда уларни бизнесга жалб қилиб, даромад топишга ўргатган, маҳсулотини реализация қилишга кўмаклашган тадбиркорларга имтиёз ва афзалликлар бериш йўлга қўйилади;

- ногиронлиги бор оила аъзосига қаровчи эҳтиёжманд инсонларга иш ҳақи тўлаш тизими жорий қилинади.

Учинчидан, Янги Ўзбекистонни — аёллари ҳаётдан рози бўлиб, бахтли-саодатли яшайдиган мамлакатга айлантиришга устувор аҳамият берилади. Бу борада, хусусан:

- хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, сифатли таълим олишини таъминлаш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, гендер тенглик масалалари бундан буён ҳам энг асосий вазифа бўлиб қолади;

- қийин аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар учун ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш хизмати кенгайтирилади;

- зўравонликка учраган аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича “Call-марказлар” ташкил қилинади;

- туғуруқ таътилидаги аёллар учун онлайн ишлаш тизими жорий этилади.

Тўртинчидан, қадрли отахон ва онахонларимизнинг соғлиғини тиклаш, мазмунли дам олиши учун қўшимча шароитлар яратиш бўйича махсус дастур қабул қилинади. Бунда:

- юртимиздаги уч миллиондан ортиқ нуронийлар ҳар йили бепул тиббий кўрикдан ўтказилиши, шифохона ва сиҳатгоҳларда даволаниши, улар учун юртимиз бўйлаб саёҳатлар ташкил этилиши бўйича барча шароитлар яратилиши;

- кексаларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун оилавий шифокорлик пунктлари ва поликлиникаларни қўшимча ускуналар билан таъминлаш чоралари кўрилиши;

- “Уч авлод учрашувлари”, “Оталар жасорати — ибрат намунаси”, “Ўнта ёшга — бир нуроний” ҳаракати каби маънавий-тарбиявий ишлар янада кучайтирилиши белгиланмоқда.

Бешинчидан, мамлакатимизда камбағалликни қисқартиришга қаратилган сиёсат изчил давом эттирилади. Жумладан:

- 3 миллион ёшнинг меҳнат қобилиятини ишга солиш орқали уларни камбағаллик чангалидан олиб чиқиш;

- ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид дастурлар камбағал аҳоли билан бирга даромади паст бўлган қатламларни ҳам қамраб оладиган тизим яратиш;

- тадбиркорларга “ижтимоий шериклик” асосида камбағал тоифа учун бандлик дастурларини амалга оширишда қўшимча имтиёз ва рағбатлар бериш, бунга ҳар йили камида 1 миллиард АҚШ долларини йўналтириш асосий вазифа бўлади.

Олтинчидан, ҳар бир оила ўз уй-жойига эга бўлиши учун зарур шароитлар яратилади.

Олдимиздаги етти йилдаги асосий вазифа — 15 миллиард АҚШ доллари йўналтириш ҳисобига, қўшимча 1 миллион хонадонли уй-жойлар қурилишини таъминлаш. Қурилиш-пудрат ташкилотлари ҳамда аҳолига арзон ва узоқ муддатли кредитлар тақдим этиш тартибини ишлаб чиқишди.

Азиз сайловчилар!

Мухтасар айтганда, партиямиздан кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастурида белгиланган барча мақсад ва йўналишлар халқимизнинг фаровон ва бахтли ҳаёт кечириши ҳамда турмушидан рози бўлиб яшаши учун хизмат қилади.

Ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар давомийлигини, халқимизнинг турмуш сифати янада ошишини истасангиз, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беринг!

Мавлуда ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

Шаҳноза ХОЛМАҲМАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    881
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+