Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш 8 фоиздан 25 фоизга оширилади

13.06.2023, 18:34

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш 8 фоиздан 25 фоизга оширилади

O’zLiDePдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятидаги ишончли вакили Шуҳрат Аслановнинг китоблик сайловчилар билан учрашуви юксак кўтаринкилик ва ҳамжиҳатликда ташкил этилди. 

Дастлаб ишончли вакил Президентликка номзоднинг ҳаёти, меҳнат фаолияти, сайловолди дастурининг бешта устувор мақсадлари билан сайловчиларни таништирди.

Учрашувда янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси асосида юртимизда тарихий ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, улуғвор ўзгаришлар иқтисодиётимиз ва жамиятимизнинг барча жабҳаларини – ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий соҳалардан тортиб, маданий-гуманитар соҳаларгача қамраб олганлиги, хусусан, электоратимиз манфаатига алоқадор бўлган мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш борасида қатор чекловлар бутунлай бекор қилинганлиги алоҳида таъкидланди.

Айниқса, аграр соҳадаги ўзгаришлар дала меҳнатчиларининг кўнглидаги гап бўлди. Пахта ва ғаллачиликда давлат буюртмасидан тўлиқ воз кечилиб, эркинлик берилди, фермерларнинг манфаатдорлиги ошди. Бугунги кунда мамлакатимизда 100 мингга яқин иқтисодий барқарор, кўп тармоқли фермер хўжаликлари шаклланди, мутлақо янгича усулда ишловчи мингга яқин агрокластерлар фаолияти йўлга қўйилди. Энг қувонарлиси, 200 минг гектар экин майдони аҳолига деҳқон хўжалиги юритиш учун ажратиб берилиши бир ярим миллион фуқаролар, жумладан, ёшлар ва аёлларнинг даромадли меҳнат билан банд бўлишига имкон яратди.

Номзод сайловолди дастурида мазкур ислоҳотларнинг давоми сифатида 2030 йилгача қишлоқ хўжалигида бир гектардан олинадиган ўртача даромадни 3 минг доллардан 5 минг долларга етказилиши, ҳосилдорлик пахта бўйича ўртача 45-50 центнерга, ғалла бўйича – 80-85 центнерга оширилиши, қўшимча 300 минг гектар майдон ўзлаштирилиб, уларда интенсив боғ ва узумзорлар ташкил этилиши белгиланган.

Маҳаллий сабзавот, полиз, картошка уруғлик таъминоти ҳозирги 15 фоиздан 50 фоизга етказилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш 8 фоиздан 25 фоизга оширилади. Агротармоқда 2,5 миллион тонна қувватга эга бўлган 100 та янги логистика марказини ишга тушириш чоралари кўрилади.

Шунингдек, соҳада экспорт ҳажмини ҳозирги 1,6 миллиард доллардан йилига 10 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар ишга солинади.

Сўзга чиққанлар учрашув иштирокчиларини партия номзоди учун овоз беришга чорладилар.

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    413
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+