Тадбиркорлар учун тенг ва кенг имкониятлар яратилади

13.06.2023, 18:33

Тадбиркорлар учун тенг ва кенг имкониятлар яратилади

O‘zLiDePдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилоятидаги ишончли вакили Сайёра Файзиева ўзининг сайловчилар билан навбатдаги учрашувини Ангрен махсус индустриал зонасида ўтказди. Учрашувда Ангрен шаҳри фаоллари, депутатлар, нуронийлар, ёшлар ҳамда хайрихоҳлар иштирок этишди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувни партия Тошкент вилоят кенгаши раиси Тўлқинжон Файзиев очиб берди. Сўнг ишончли вакил номзоднинг сайловолди дастури, таржимаи ҳоли, айни кунга қадар олиб борган фаолияти хусусида атрофлича маълумот берди.

Хусусан, сўнгги олти ярим йилда Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда амалга оширилган оқилона сиёсат, изчил ислоҳотлар, шунингдек, вилоят иқтисодий ҳаётида юз берган улкан ўзгариш, эришилган ютуқлар айни фаолиятнинг маҳсули эканини алоҳида таъкидлади.

Айниқса, мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш борасида қатор чекловлар бутунлай бекор қилингани, тадбиркорларга узоқ йиллардан бери тўсиқ бўлган юзлаб муаммолар ўз ижобий ечимини топгани, натижада ишбилармонлар сони 2016 йилга нисбатан салкам олти бараварга ошгани қайд этилди. Номзод Шавкат Мирзиёевнинг халқчил сайловолди дастурининг иккинчи мақсади ҳам одамларни ҳаётдан рози қилиш учун барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашдан иборат этиб белгилангани айтиб ўтилди. Жумладан, бизнесни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларга эркин фаолият юритиши учун энг қулай шароитлар яратиш йўналишидаги ишлар бундан буён ҳам давом эттирилиши хусусида тўхталди.

Қайд этишича, партия номзодининг сайловолди дастурида энг аввало, солиқ тизимини соддалаштириш ва барча тадбиркорлар учун тенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Келгуси йилларда бизнес учун қўшилган қиймат, фойда, айланма ва мол-мулк солиқ ставкалари оширилмаслиги қатъий кафолатланмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотган фермерларга қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизи қайтарилиши ҳам келгусида соҳа ривожига ижобий таъсир кўрсатиши муқаррар.

Учрашувда бир гуруҳ фаоллар ҳам сўзга чиқиб, мамлакат иқтисодий ҳаётида эришилган ютуқларнинг туб замирида сўнгги олти ярим йилда амалга оширилган оқилона сиёсат ётганини таъкидлашди. 

Тадбир якунида ишончли вакил йиғилганларни бўлажак сайловда ўзининг қатъияти, салоҳияти билан мамлакатни барқарор иқтисодий тараққиёт йўлидан оғишмай етаклаб боришга қодир бўлган энг муносиб номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чорлади.

O‘zLiDeP Тошкент вилояти Кенгаши 

матбуот хизмати

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    346
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+