Қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожи учун овоз берамиз!

16.06.2023, 15:57

Қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожи учун овоз берамиз!

Жорий йилнинг 9 июль куни бўлиб ўтадиган муддатидан илгариги Ўзбекистон Республикаси Президентлиги сайловларида O’zLiDePдан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилоятидаги ишончли вакили Сайёра Файзиеванинг сайловолди ташвиқот учрашувлари қизғин давом этмоқда.

Ишончли вакил Сайёра Файзиеванинг Оҳангарон туманидаги “Ёшлар маркази”да йиғилган сайловчилар билан учрашуви ҳам юқори кўтаринкиликда ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, партия вилоят Кенгаши ходимлари, туман фаоллари, жамоатчилик, тадбиркор ва фермерлар, нуронийлар, ёшлар ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этишди.

Шавкат Мирзиёевнинг вилоятдаги ишончли вакили ўз нутқи аввалида сўнгги йилларда инфратузилмаси тубдан яхшиланиб, тобора обод қиёфа касб этаётган Оҳангарон тумани ижтимоий, иқтисодий ҳаётида рўй берган ўзгаришлар, оҳангаронликларнинг бунёдкорлик салоҳиятини алоҳида эътироф этди.

Ишончли вакил фикрича, сўнгги олти ярим йил мобайнида бу ерда тасдиқланган давлат дастурлари доирасида жами 84 км ички йўллар ва 12 та кўприклар таъмирланди. Шу билан бирга дастурдан ташқари 183 км узунликдаги тупроқ йўллар шағаллаштирилди.

Бунинг натижасида тумандаги 34 та қишлоқ ва маҳаллалардаги ички йўл ва кўприкларнинг носозлиги билан боғлиқ муаммолар бартараф этилиб, аҳоли учун сифатли ва қулай йўл-инфратузилмаси яратилди.

Қолаверса, мамлакатда асосий драйвер соҳалардан бирига айланган қишлоқ хўжалигида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, кластер тизимини жорий этилиши натижасида пахта, ғалла ҳосилдорлиги 25-30 фоизга, мева-сабзавот экспорти эса 2 баробар ошди, соҳага 5 миллиард доллардан ортиқ хусусий инвестиция киритилди. Ўтган икки йилда 200 минг гектар унумдор ер майдонлари аҳолига ажратиб берилди. Натижада 2 миллиондан зиёд фуқаронинг бандлиги таъминланди.

O’zLiDeP номзоди бу галги Сайловолди дастурида ҳам халқчил ғоя ва ташаббусларни ўз ичига олган устувор мақсадлар қаторида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратган.

Хусусан, одамларни ҳаётдан рози қилиш учун барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида драйвер соҳалардан бирига айланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотган фермерларга қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизи қайтарилишининг белгилангани таҳсинга сазовор!

Шунингдек, 2030 йилгача бир гектардан олинадиган ўртача даромад 3 минг доллардан 5 минг долларга етказилиши режалаштирилиб, бунда ҳосилдорликни пахта бўйи ча ўртача 45-50 центнерга, ғалла бўйича – 80-85 центнерга ошириш, қўшимча 300 минг гектар майдонни ўзлаштириш ва уларда интенсив боғ ва узумзорлар ташкил этиш, маҳаллий сабзавот, полиз, картошка уруғлик таъминотини ҳозирги 15 фоиздан 50 фоизга етказиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни 8 фоиздан 25 фоизга ошириш, агротармоқда 2,5 миллион тонна қувватга эга бўлган 100 та янги логистика марказини ишга тушириш кўзда тутилмоқда. Натижада соҳада экспорт ҳажмини йилига ҳозирги 1,6 миллиард доллардан 10 миллиард долларга етказиш имконияти пайдо бўлади. Эътиборлиси, қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришларига мос ҳолда ривожлантириш, тупроқ ва яйловларда деградациянинг олдини олиш бўйича миллий дастур қабул қилинади. Умуман, аграр соҳага жами 15 миллиард доллар инвестициялар жалб этилади.

Ишончли вакил тадбир иштирокчилари билан хайрлашаркан, юртимизни янада ривожлантиришни мақсад қилиб олган энг муносиб номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақирди.

Зухро Мирзоҳамдамова,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    434
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+