Ишончли вакил кончилар шаҳридаги сайловчилар билан учрашди

16.06.2023, 15:59

Ишончли вакил кончилар шаҳридаги сайловчилар билан учрашди

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятидаги ишончли вакили Қувондиқ Санақулов зарафшонлик сайловчилар билан учрашди.

Кончилар шаҳри – Зарафшондаги “Олтин водий” маданият уйида бўлиб ўтган учрашувда ишончли вакил сайловчиларга номзоднинг сайловолди дастуридан ўрин олган бешта стратегик мақсад ҳақида маълумот берди. Хусусан, келгуси етти йилда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотлар янада жадал давом эттирилиб, барча саъй-ҳаракатлар фаол ишга солинади. Дастурдаги ҳар бир мақсад ва ғоя “Инсон – жамият – давлат” тамойили асосида халқимизнинг барча тоифасига муносиб турмуш шароитини яратиб бериш асносида уларни ҳаётдан рози қилишга қаратилган. Белгиланган мақсадларнинг рўёби сифатида 2030 йилга бориб аҳолининг турмуш даражаси икки бараварга юксалади. 

Ўтган олти йилликда Зарафшон шаҳрида ҳам қатор бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Шаҳардаги мавжуд 13 та мактаб замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Шаҳар тиббиёт бирлашмасининг 150 ўринли даволаш бўлими биноси қурилди. Қизилқўм бағрида жойлашган Мурунтов, Довғизтов қўрғонлари аҳолисининг тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммоси тўлиқ бартараф этилди. Зарафшонликларнинг маиший ҳордиқ чиқаришлари учун “Фавворалар сайлгоҳи” ва шаҳар хиёбони барпо этилиб, аҳоли ҳордиқ чиқариши учун  севимли масканга айлантирилди. Шаҳарда инвестиция лойиҳаларини ўзлаштириш ҳам йилдан-йилга ошиб, бугунги кунда  169 млн 395 минг АҚШ долларилик ишлар амалга оширилиши натижасида 2 минг 400 дан зиёд иш ўрни яратилгани айтилди.

Ишончли вакил шундай дея зарафшонлик сайловчиларни Янги Ўзбекистоннинг меъмори, юртимизнинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш учун сиёсий ирода ва бутун салоҳиятини бахш этаётган Шавкат Мирзиёев номзоди учун овоз беришга чақирди.

– Мен Шавкат Мирзиёевнинг дастурини ўқиб чиқдим, – деди халқ депутутлари шаҳар кенгаши депутати Лайло Турсунова. – Айнан Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тадбиркорларга имкониятлар эшиги очилди. Ўтган йили ишга тушган “Зарафшон ойна” масъулияти чекланган жамияти мисолида айтаманки, шаҳарда хусусий ишлаб чиқариш корхоналари сони кейинги олти йилда сезиларли даражада ошди. Сайловолди дастурда хусусий секторни ривожлантириш борасида муҳим вазифалар белгилангани,ишбилармонлар учун катта имкониятлар яратилишини кафолатлайди.

13-мактаб директори Зилола Ҳотамова, Марказий кон бошқармасига қарашли ўқув маркази ишлаб чиқариш таълими устаси Тоҳхир Холмирзаев, бошқарма ташқи сув таъминоти ва бирлашган энергия хизмати ходими Огулбек Тошбоева ҳам сўзга чиқиб дастур мақсадларини қўллаб-қувватлади. Ўз соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар бардавом бўлиши учун барчани Шавкат Мирзиёев номзодига овоз беришга чақирди. 

Ишончли вакил Қувондиқ Санақуловнинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда.

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    406
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+