Шавкат Мирзиёев наманганлик сайловчилар билан учрашди

16.06.2023, 16:02

Шавкат Мирзиёев наманганлик сайловчилар билан учрашди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 16 июнь куни Наманган вилояти сайловчилари билан учрашув ўтказди.

Тадбирни номзоднинг Наманган вилояти бўйича ишончли вакили Икромхон Нажмиддинов очди. У ўз сўзида Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида иқтисодиёт жадал ривожлантирилиб, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани, халқимизга муносиб шароитлар яратилаётганини таъкидлади.

Жумладан, Наманган вилоятида боғчалар сони 2 минг 700 тага, қамрови эса 73 фоизга етган. Ўнлаб янги мактаблар ва 115 та мактабда қўшимча бинолар қурилиб, қарийб 35 мингта ўқувчи ўрни яратилган. 9 мингта оиланинг уй-жой шароити яхшиланган, 744 та маҳаллада 5 триллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилган. Шунингдек, вилоятдаги 76 та маҳалла ишсизликдан ҳоли ҳудудга айланган, бу ерда аҳоли жон бошига даромад 950 мингдан қарийб 3 миллион сўмга ошган.

Маълумки, Наманган пухта тадбиркорлар юрти. Сўнгги олти ярим йилда вилоятда 30 мингдан зиёд янги корхона ташкил топиб, улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар 8,5 триллион сўмга етган. Бу – республика бўйича энг юқори кўрсаткичдир.

Шу боис номзод Намангандаги учрашувда тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталиб, ўз таклифларини баён этди.

Унга кўра, келгуси етти йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка 500 триллион сўм ёки аввалги йилларга нисбатан 2 баравар кўп кредитлар ажратилади. Тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг муқобил тизимлари жорий қилинади. Жумладан, Наманганда Ислом молиявий хизматларига кенг йўл очилади.

“Ижтимоий шериклик” асосида маҳаллалардаги аҳолини ўқитиб, уларни иш билан таъминлашга тайёр тадбиркорларга қўшимча имтиёзлар берилади. 2030 йилга қадар мамлакатимизнинг ҳар бир туманида камида мингта иш ўрни яратадиган 2 тадан янги саноат зоналари ташкил этилади. Кичик ва ўрта бизнесни йириклаштириш бўйича алоҳида рағбатлантириш тизими жорий қилинади.

Учрашувда Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури, жумладан, Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш режалари юзасидан маъруза қилди.

Унда, аввало, аҳолига муносиб турмуш шароити яратишга катта аҳамият қаратилди. Хусусан, ҳамёнбоп уй-жойлар қуриш ҳажми камида 10 марта оширилади. 1 минг 208 та кўп қаватли уй қурилиб, 34 минг оила ўз бошпанасига эга бўлади. 235 та боғча ва 28 та мактаб, 71 та тиббиёт муассасаси барпо этилади. Янги Наманган шаҳарчасида Италия тажрибаcи асосида Тўқимачилик саноати институти ташкил қилинади. Давлатобод туманида “Ибрат” хорижий тиллар университети учун ўқув биноси, кампус, кутубхона ва IT марказ қурилади.

Аграр тармоқдаги вазифалар ҳақида сўз борар экан, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириб, Наманганда йилига 700 миллион куб метр сувни иқтисод қилиш, каналларни таъмирлаш ва ёпиқ қувурли тизимга ўтиш зарурлиги таъкидланди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида 1 миллиард долларлик 2 мингдан зиёд лойиҳа амалга оширилиши қайд этилди.

Номзод келгуси етти йилда Наманганда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 2 баробар, яъни 41 триллион сўмдан 122 триллион сўмга ошириш режаси борлигини айтди. Бунга фаол инвестиция сиёсатини давом эттирибгина эришиш мумкин. Бу даврда вилоятда 20 миллиард долларлик 15 мингта лойиҳа ишга туширилади, 350 мингга яқин юқори даромадли янги иш ўрни яратилади. Жумладан, 46 та янги саноат зонаси, хизмат кўрсатиш соҳасида 5 мингга яқин корхона ташкил қилинади.

Умуман, Наманганни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун етти йиллик дастур қабул қилиб, унга жами 25 миллиард доллар йўналтирилиши таъкидланди. Бунинг натижасида 2023-2030 йилларда 1 миллион 600 минг аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаб, Наманганни камбағаллик ва ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш мумкинлиги қайд этилди.

Учрашув сўнгида партия вакиллари ва таклиф этилган меҳмонлар сўзга чиқдилар. Улар сайловолди дастуридан ўрин олган ҳар бир ташаббус вилоят аҳолисининг турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилишини таъкидлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    867
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+