Давлат байроғига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлишга йўл қўйилмайди

19.06.2023, 18:04

Давлат байроғига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлишга йўл қўйилмайди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилиниб, депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Давлат байроғи мамлакатимиз суверенитетининг рамзи бўлиб, унда миллий давлатчилигимиз, мустақил ва мустаҳкам давлат барпо этиш борасидаги эзгу ғоямиз, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлигимиз, орзу-мақсад ва интилишларимиз акс этган. У ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни ҳам мужассам этган.

Бугун миллий ифтиҳоримиз рамзи бўлган байроғимиз фақат Ўзбекистон Республикаси давлат рамзи эмас, шу юртда туғилиб, шу заминнинг меҳридан қониб яшаётган барча эл-элатларнинг тинчлик ва аҳиллик тимсолига, қалбларни яқинлаштирадиган воситага айланди.

Ушбу ҳужжат фуқаролар томонидан ўз Ватанига бўлган ғурур ва ифтихор ҳис-туйғуларини ифода этиши учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғидан фойдаланиш имкониятини янада кенгайтириш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, лойиҳада амалдаги Қонунга бир неча ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши таклиф этилмоқда.

Жумладан, давлат байроғидан спорт мусобақаларида, оммавий жисмоний тарбия тадбирларида, маданий ва ўзга оммавий тадбирларда, оилавий байрамларда, хотиравий саналарни байрам қилишда ҳамда бошқа ҳолларда ҳам байроғимизга нисбатан зарур ҳурматни таъминлаган ҳолда фойдаланилишга рухсат бериш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, давлат рамзига зарур ҳурмат билан муомала қилган ҳолда ундан ва унинг тасвири туширилган белгилардан жамоат жойлари ва биноларда, яшаш ёки иш жойларида ҳамда уларга туташ бўлган ҳудудларда, транспорт воситаларининг салонида фойдаланиш мумкинлигини белгилаш белгиланмоқда.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасига тегишлилик белгиси сифатида Давлат байроғи ва унинг тасвири туширилган белгилардан Ўзбекистон Республикаси вакили бўлган жисмоний ва юридик шахслар томонидан расмий халқаро тадбирларда фойдаланишда, ҳарбий ёки бошқа давлат хизматида бўлган шахслар томонидан кийим-кечак ва фарқловчи нишонларда қўллашда, халқаро спорт мусобақалари ҳамда Ўзбекистон чемпионатлари учун спорт кийимларини тайёрлашда фойдаланишга рухсат бериляпти. Қолаверса, Давлат байроғига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлинишига йўл қўйилмайдиган ҳоллар аниқ белгилаб берилмоқда.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши Давлат байроғидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга ҳамда жамиятда мамлакатимизга нисбатан меҳр-муҳаббат туйғуларини ва ватанпарварлик ҳиссини янада оширишга хизмат қилади.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирди. Жумладан, фракция аъзолари Нодир Жумаев, Дониёр Ғаниев ҳамда Виктор Паклар қонун лойиҳасининг ғоятда муҳимлиги ва зарурлигини айтиб, унинг қабул қилиниши орқали фуқаролар ундан ўз хонадонларида, иш жойларида эркин фойдаланиши мумкинлигини қайд этдилар.

Йиғилишда берилган таклифлар инобатга олинган ҳолда қонун лоҳиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.

  • Кўрилди
    253
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+