Фарзандларимиз эрта ёшдан бошлаб замонавий технологияларга ўргатилади

20.06.2023, 19:49

Фарзандларимиз эрта ёшдан бошлаб замонавий технологияларга ўргатилади

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига O‘zLiDePдан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилоятидаги ишончли вакили Сайёра Файзиева Юқори Чирчиқ туманида сайловчилар билан учрашди.  

Унда Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Атхам Назирқулов, турли соҳа ходимлари, фахрий, тадбиркор, нуроний, хотин-қизлар ва ёшлардан иборат хайрихоҳ ва фаоллар иштирок этишди.

Ишончли вакил кейинги йилларда Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракати билан мамлакатимиз, хусусан, Тошкент вилоятида олиб борилаётган йирик ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, уларнинг аҳоли фаровонлиги ва ҳудуд ривожи йўлидаги аҳамияти ҳақида тўхталди.

Бугун тарғибот тадбири ўтказилаётган Astrum IT академиясининг барпо этилиши ҳам юртимизда инновацион технологиялар соҳасида олиб борилаётган самарали ислоҳотларнинг амалий натижаси эканини эътироф этди.

Партиядан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёев сайловолди дастури мазмун-моҳиятини халқчил тилда кенг тушунтириб бераркан, унда келгуси етти йилда Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожлантириш чора-тадбирларини аниқ белгилаб берилганига эътибор қаратди.

Унинг қайд этишича, сайловолди дастурида белгилаб берилган мақсадлар рўёбга чиқиши натижасида фарзандларимизни эрта ёшдан бошлаб замонавий технологияларга ўргатиш мақсадида ҳар бир боғча компьютер синфи билан таъминланади. Сунъий интеллект ва бошқа юқори технологик йўналишларда йилига 500 нафар истеъдодли ёшлар энг нуфузли хорижий олийгоҳларга давлат ҳисобидан ўқишга юборилади. Келгуси етти йилда илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш учун 1 миллиард доллар ажратилади.

Бундан ташқари, илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш орқали меҳнат унумдорлиги 2 баробарга оширилади. 2030 йилгача мис ишлаб чиқариш 3,5 баробар, олтин – 1,5 карра, кумуш – 3 марта, уран – 3 баробар оширилади. Тарихимизда илк бор альюминий, литий, пўлат, графит ишлаб чиқариш орқали 2,5 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратилади. Автомобилсозлик соҳасида ишлаб чиқариш ҳажми уч баробар оширилади. Йилига 300 мингта электромобиль ишлаб чиқарилади.Саноатда қўшилган қиймат ҳажми 20 миллиард  доллардан 45 миллиард долларга етказилади.

Учрашувда сўзга чиққан тумандаги фаоллар, нуронийлар, турли соҳа вакиллари ҳамда ёшлар партия номзодининг сайловолди дастурида ҳеч бир соҳа ва йўналиш эътибордан четда қолмаганини таъкидлашди. Ўзини эл-юрт тақдирига дахлдор деб билувчи ҳар бир инсон унда белгилаб берилган мақсадларни амалга ошириш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол инсонлар юрти бўлган Янги Ўзбекистонни бунёд этишда номзодга елкадош бўлиши лозимлигини қайд этишди.

Йиғилганларни 9 июль куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловида иштирок этиб, фуқаролик бурчларини бажаришга ва энг муносиб номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақиришди.

Зухро МИРЗОҲАМДАМОВА,

O‘zLiDeP Тошкент вилоят кенгаши бўлим мудири

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    266
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+