Оиласидаги ногиронлиги бўлган одамга қаровчи эҳтиёжмандларга иш ҳақи тўлаш жорий этилади

21.06.2023, 09:48

Оиласидаги ногиронлиги бўлган одамга қаровчи эҳтиёжмандларга иш ҳақи тўлаш жорий этилади

O‘zLiDePдан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳридаги ишончли вакили Рустам Каланов Москва давлат халқаро муносабатлар институти Тошкент филиали мажлислар залида Мирзо Улуғбек тумани сайловчилари билан учрашди.

Унда туман кенгаши депутатлари, маҳалла раислари, фахрийлар, таълим, тиббиёт соҳалари вакиллари, хотин-қизлар ва ёшлар, тадбиркорлар, кенг жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ишончли вакил сайловчиларни номзоднинг ҳаёти, меҳнат фаолияти, бешта устувор мақсадни қамраб олган сайловолди дастури билан таништирди.

Тадбирда сайловолди дастурига биноан юртимизда ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимида амалга оширилиши кутилаётган ишлар ҳақида сўзланди. Хусусан, ҳар бир маҳаллада профессионал ижтимоий ходимлар фаолиятини ва ижтимоий хизматларни манзилли асосда кўрсатиш тизими йўлга қўйилади. Ҳаётда оғир аҳволга тушган ёки тушиш хавфи юқори бўлган ҳар бир оила бўйича алоҳида “ижтимоий хизмат иши” юритиш тартиби ишлаб чиқилади. Бунда, ушбу оилаларда шароитини яхшилаш, уларга даволаш, дориларни етказиш, фарзандларини боғча ва мактабга жойлаштириш, моддий ёрдам бериш каби ижтимоий хизматлар кўрсатиш назарда тутилган.

 Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича протез-ортопедия буюмлари билан таъминлаш учун йўналтириладиган маблағларни ҳозирги 80 миллиард сўмдан 250 миллиард сўмга кўпайтирилади. Ногиронликни белгилаш бўйича ҳозирги тиббий моделдан ижтимоий моделга ўтиш учун зарур чоралар кўрилади. Ногиронлиги бўлган шахсларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга бепул ўқитиш тизимини йўлга қўйиш уларнинг жамиятга интеграциясини янада кучайтирилади. Оиласидаги ногиронлиги бўлган одамга қаровчи эҳтиёжманд инсонларга иш ҳақи тўлаш тизими жорий қилинади. Ногиронлиги бўлган шахсларни бизнесга жалб қилиб, даромад топишга ўргатган, уларнинг маҳсулотини реализация қилишга кўмаклашган тадбиркорларга имтиёз ва афзалликлар бериш тартиби ишлаб чиқилади.  

Учрашув якунида ишончли вакил мана шундай эзгу ғоялари билан халқимиз фаровонлиги йўлида тинмай изланаётган, Янги Ўзбекистонни барпо этишга ўз ҳаётини бағишлаган фидойи инсон, юртимизда учинчи Уйғониш даврини бошлаб берган давлат арбоби Шавкат Мирзиёев номзодини бўлажак сайловда қўллаб-қувватлаб, овоз беришга барчани чақирди.

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    311
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+