Ишончли вакил паркентлик сайловчилар билан мулоқот қилди

21.06.2023, 09:49

Ишончли вакил паркентлик сайловчилар билан мулоқот қилди

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига O‘zLiDePдан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилоятидаги ишончли вакили Сайёра Файзиева сайловолди ташвиқотини Паркент туманида давом эттирди.

Қизил тоғ қўрғонидаги 56-мактабда самимий ва очиқ мунозара руҳида ўтган учрашувда Олий Мажлиси Сенати аъзоси, халқ шоири Маҳмуд Тоир, туман фаоллари, тадбиркорлар, ёшлар, нуронийлар ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этишди.  

Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурининг мазмун-моҳиятини кенг ёритиб бераркан, унда белгиланган асосий бешта устувор мақсад борасида батафсил маълумотлар берди.  Эътироф этганидек, 2030 йилгача боғчаларга бўлган талаб 100 фоизга қондирилади. Эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун боғча харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади, ҳатто бола хусусий боғчага борса ҳам.

Мактаб етишмовчилиги муаммоси 7 йил давомида ҳар йили 500 мингтадан ўқувчи ўрни, жами 2,5 миллионта қўшимча ўрин яратиш орқали ҳал қилинади.  Боғча ва мактабларнинг ҳаммаси фильтрланган ичимлик суви билан таъминланади.

Информатика фани 1-синфдан ўқитилади. Чекка ҳудудларда бепул мактаб автобуслари қатнай бошлайди. Нажотни таълимда кўрган Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда “Янги Ўзбекистоннинг асосий устуни – билим, таълим ва тарбия бўлади!”.

 Мунозараларда сўзга чиққан Ўзбекистон халқ шоири  Маҳмуд Тоир бугун биз ифтихор билан тилга олаётган Янги Ўзбекистоннинг тамал тошини қўйиб, чинакам маънодаги бунёдкори бўлаётган Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати, халқчил ислоҳотларининг амалдаги натижаларини ҳар бир инсон ўз ҳаётида ҳис этаётгани хусусида ўз мушоҳадалари билан ўртоқлашди. Барчани инсон қадри улуғланган мамлакат барпо этишни кўзлаётган энг муносиб номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чорлади.

Учрашувда сўз олган тадбиркор Сурайё Телакова ҳам сўнгги олти йилда ўзи каби тадбиркор аёллар сафи тобора ортаётгани ҳақида тўлқинланиб гапираркан, бу ижобий ўзгаришларнинг бари оқилона сиёсат маҳсули эканига алоҳида урғу берди. Мамлакатимизда  аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлигини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини алқади. Юртимизда тадбиркорлар учун қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳити яратилгани, 20 август “Тадбиркорлар куни” деб белгилангани ва алоҳида давлат мукофотлари жорий қилинганини эътироф этди.

Паркентлик сайловчилар билан кўтаринки руҳда ўтган учрашув якунида ишончли вакил иштирокчиларни бўлажак сайловда янги Ўзбекистондаги ҳаётий ислоҳотларни жадал суръатда давом эттира оладиган, таълимнинг том маънодаги ҳомийси бўлган муносиб номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақирди.

Зуҳро МИРЗОҲАМДАМОВА,

O‘zLiDeP Тошкент вилоят кенгаши бўлим мудири

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    318
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+