Аграр тармоқда янги уфқлар очилади

21.06.2023, 09:49

Аграр тармоқда янги уфқлар очилади

Сўх туманидаги маданият марказида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилояти бўйича ишончли вакили Мавлудахон Ходжаева туман сайловчилари билан учрашди.

Учрашувда кейинг йилларда Сўх туманида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, турли соҳаларда эришилган ютуқлар, Шавкат Мирзиёевнинг Сўх туманига доимий эътибори алоҳида эътироф этилди.

Жумладан, фойдаланилмаётган ерларда ирригация ишларини бажариш ва сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш, кам сув талаб қиладиган экинлар экиш ҳисобига ўзлаштириш, бу ерларни ёшларга бўлиб бериш орқали уларни иш билан, даромад билан таъминлаш борасидаги ислоҳотлардан келиб чиққан ҳолда 2022 йил бошида ўзлаштиришга киришилган “Жавпая” массивида жами 1000 гектарга яқин ер фойдаланишга киритилмоқда.

Массивнинг юқори қисмидаги тоғлар бағрида эса ўрик боғи барпо этилди. Ҳудудда томчилаб суғориш тизими ўрнатилди. Янги ўрикзор, 50 сотихдан лотларга ажратилиб, кооперация усулида маҳаллий аҳолига, ишсиз ёшларга ажратиб берилди. Ўрик қаторлари ораларига полиз экинлари, ошқовоқ, дуккакли экинлар экилмоқда.

Учрашувда сўз олганлар бу каби ўзгаришлар сўхликларнинг йилдан-йилга фаровон яшашларига сабаб бўлаётганини қайд этишди.

Келгуси йилларда ҳам аграр тармоқни ривожлантиришга қаратилган бир қатор мақсадлар белгилаб олинди. Жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотган фермерларга қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизини қайтариш амалиёти йўлга қўйилади. Бу уларни янада ривожлантиришда кучли рағбатлантирувчи омил бўлади.

Ҳосилдорликни пахта бўйича ўртача 45-50 центнерга, ғалла бўйича – 80-85 центнерга ошириш учун зарур шароитлар яратилади. Қўшимча 300 минг гектар майдонларни ўзлаштириб, уларда интенсив боғ ва узумзорлар ташкил этиш режалаштирилади. Сабзавот, полиз, картошка бўйича маҳаллий уруғлик таъминоти ҳозирги 15 фоиздан 50 фоизга етказиш борасидаги мавжуд имкониятлар ишга солинади.

Учрашув якунида ишончли вакил Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида барчани O'zLiDePдан номзод Шавкат Мирзиёевга якдиллик билан овоз беришга чақирди.

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    219
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+