Иқтидорли талабалар тенгдошларини сайловда муносиб номзодга овоз беришга чақирди

23.06.2023, 18:54

Иқтидорли талабалар тенгдошларини сайловда муносиб номзодга овоз беришга чақирди

O‘zLiDePдан Президентликка кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилоятидаги ишончли вакили Сайёра Файзиеванинг сайловолди ташвиқот тадбирлари қизғин давом этмоқда. У бу гал Тошкент давлат аграр университетида талаба-ёшлар ҳамда профессор-ўқитувчилардан иборат сайловчилар билан учрашди.

Қайд этганидек, бугун Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ёшлар ишлари билан шуғулланадиган алоҳида агентлик, Ёшлар академияси ва Олий Мажлис палаталари ҳузурида “Ёшлар парламенти” ташкил этилди, ҳудудларда “Лойиҳалар фабрикаси” иш бошлади. Йигит-қизларга сифатли таълим бериш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Партия номзоди Шавкат Мирзиёев ҳам ўз сайловолди дастурида ёшларни ҳаётда муносиб ўрнини эгаллаши масаласига жиддий эътибор қаратган. Жумладан, Янги Ўзбекистоннинг асосий устуни – билим, таълим ва тарбия бўлиши учун зарур шароитларни яратиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлади.

Биотехнология, сунъий интеллект ва бошқа юқори технологик йўналишларда истеъдодли ёшларни энг нуфузли хорижий олийгоҳларга давлат ҳисобидан ўқишга юбориш бўйича 200 миллион долларлик дастурларни амалга оширилади. Келгуси етти йилда илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришга 1 миллиард доллар ажратилиши учун молиявий имкониятлар янада кенгайтирилади.

Учрашувда сўзга чиққан “Шуҳрат” медали соҳибаси Дилноза Усмонова, университетнинг таянч докторантлари ўртасида “Қишлоқ хўжалиги” йўналиши бўйича Президент стипендияси соҳиби Сардор Хайруллаев, “Беруний” номидаги давлат  стипендияси соҳибаси Мумтозбегим Очилова, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Чарос Анварбекова, “Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси” соҳиби Улуғбек Эргашев, иқтидорли талаба Руфат Зайнулин, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги стипендияси соҳиби Дилшод Исмоилов, университет ёшлар етакчиси Сардорбек Исроилов ўзларининг илм-фан ва инновациялар соҳасида қўлга киритган ютуқларининг замирида Шавкат Мирзиёевнинг ғамхўрлиги ётганини таъкидлашди. Ўз тенгдошларини ёшларнинг чинакам ҳомийси, мададкори бўлган Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлаб, овоз беришга чорлашди.

Зухро МИРЗОҲАМДАМОВА,

O‘zLiDeP Тошкент вилоят кенгаши бўлим мудири

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    573
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+