Навоийда 350 та кўп қаватли уйлар қурилиши ҳисобига, 30 минг оила уй-жойга эга бўлади

23.06.2023, 18:54

Навоийда 350 та кўп қаватли уйлар қурилиши ҳисобига, 30 минг оила уй-жойга эга бўлади

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал – демократик партиясидан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятидаги ишончли вакили Қувондиқ Санақулов Томди тумани сайловчилари билан учрашди.

Унда туман фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, фахрийлар, таълим соҳаси вакиллари, хотин-қизлар ва ёшлар, тадбиркорлар, кенг жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ишончли вакил сайловчиларни номзоднинг ҳаёти, меҳнат фаолияти, бешта устувор мақсадни қамраб олган сайловолди дастури билан таништирди.

Ишончли вакил Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 21 июнь куни Навоий вилояти сайловчилари билан учрашуви давомида вилоятни келгуси етти йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари билан таништирди.

Хусусан, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини ҳал қилиш мақсадида 310 та давлат ва хусусий боғчалар ташкил этилади. Янги мактаблар қуриш ва мавжудларининг қувватини ошириш, хусусий секторни қўллаб-қуватлаш ҳисобига қўшимча 40 минг ўқувчи ўрни яратилади. Навоийнинг иқлимини ҳисобга олган ҳолда барча боғча ва мактаблар фильтрланган ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади.  

Кейинги етти йилда вилоятда 350 та кўп қаватли уйлар қурилиши ҳисобига, 30 минг оила уй-жойга эга бўлади. Минг километр сув тармоқлари барпо этилиб, вилоятда тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 85 фоизга етказилиши таъкидланди.

- Томди туманида ҳам ўзгаришлар бўлаяпти. Аммо кейинги олти йилда амалга оширилган ишлар ўн йилга татигулик бўлди, - деди туман мактабгача ва мактаб таълими бошлиғи М.Базарбаев. – 2017 йили туманда болаларнинг мактабгача таълим ташкилотига қамрови 34 фоизни ташкил этган бўлса, бугунга келиб 70 фоизга етди. Бу ишларнинг барчаси номзодимиз Шавкат Мирзиёев номи билан боғлиқ. Номзоднинг сайловолди дастури билан танишиб, эртанги кунимизнинг янада фаровон ва шукуҳли бўлишига яна бир бор ишондим. Бу гал ҳам халқчил дастурни амалга оширишига инонаман ва Шавкат Мирзиёев номзодига овоз беришга чақираман.

Учрашув якунида ишончли вакил барча сайловчиларни Шавкат Мирзиёев номзодини бўлажак сайловда қўллаб, овоз беришга чақирди.

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    488
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+