Ишончли вакил саноатчилар билан учрашди

01.07.2023, 14:54

Ишончли вакил саноатчилар билан учрашди

Президентликка Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятидаги ишончи вакили Қувондиқ Санақулов Навоий шаҳридаги саноат соҳасида меҳнат қилаётган сайловчилар билан учрашди.

Саноатчилар шаҳри – Навоийдаги “Фарҳод” номидаги маданият уйида бўлиб ўтган учрашувда сайловчиларга номзоднинг сайловолди дастуридан ўрин олган бешта стратегик мақсад ҳақида сўз юритилди. 

- Келгуси етти йилда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотлар янада жадал давом эттирилиб, барча саъй-ҳаракатлар фаол ишга солинади, деди у. – Номзод дастуридаги ҳар бир мақсад ва ғоя “Инсон – жамият – давлат” тамойили асосида халқимизнинг барча тоифасига муносиб турмуш шароитини яратиб бериш асносида уларни ҳаётдан рози қилишга қаратилган.

Сўнгра ўтган олти йилликда вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва саноатни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишларга тўхталди. Мазкур муддатда вилоят иқтисодиёти 1,4 баробар ошиб, 67 триллион сўмни ташкил этди. Саноат ишлаб чиқариш 1,3 баробарга ошди. Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида саноатнинг улуши 2017 йилда 46,0 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб 69,3 фоизга етди.

Номзоднинг кимё саноатини ривожлантиришга бераётган эътибори натижасида 2017-2022 йилларда вилоятда умумий қиймати 2 миллиард АҚШ долларидан ортиқ 66 та лойиҳа ишга туширилиб, 3 минг 600 нафар янги иш ўрни яратилди.  Машиносозлик саноати бўйича умумий қиймати 14 миллион АҚШ долларилик 12 та лойиҳа ишга туширилди ва 383 та янги иш ўрни яратилди.

Айнан Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Навоийда саноат соҳасини янада ривожлантиришга кенг имкониятлар эшиги очилди. Масалан, Кармана туманида БАА билан умумий қиймати 110 миллион АҚШ долларилик 100 МВт қувватига эга қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилиши туфайли саноат корхоналари сони кейинги олти йилда сезиларли даражада ошгани у кишининг соҳада олиб бораётган ислоҳотлари самарасидир. Сайловолди дастурда саноат секторни ривожлантириш борасида муҳим вазифалар белгилангани эса тадбиркорлар учун катта имкониятлар яратилишини кафолатлайди.

Ишончли вакил Қувондиқ Санақулов тадбир иштирокчиларини халқимиз фаровонлиги йўлида тинмай изланаётган, Янги Ўзбекистонни барпо этишга ўз ҳаётини бағишлаган фидойи инсон, юртимизда учинчи Уйғониш даврини бошлаб берган давлат арбоби Шавкат Мирзиёев учун овоз беришга чақирди.

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    360
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+