Шавкат Мирзиёев тошкентлик сайловчилар билан учрашди

05.07.2023, 19:07

Шавкат Мирзиёев тошкентлик сайловчилар билан учрашди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 5 июль куни Тошкент шаҳридаги сайловчилар билан учрашув ўтказди.

Тадбирни номзоднинг Тошкент шаҳри бўйича ишончли вакили Рустам Калонов очиб берди. У ўз сўзида Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бошланган кенг кўламли ва ҳалқчил ислоҳотлар аҳолининг барча қатламларини қамраб олгани, бунинг натижалари кундалик ҳаётда яққол сезилаётганини қайд этди.

Хусусан, cўнгги 6 ярим йилда шаҳарда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2016 йилга нисбатан 1,7 баравар ўсиб, 150 триллион сўмни ташкил этди. Аҳоли жон бошига даромад 15 миллион сўмдан 51 миллион сўмга етди. Товарлар экспорти 2 миллиард доллардан ошган, хизмат кўрсатиш ва IT соҳасида экспорт эса 2,5 миллиард долларга яқинлашган. Пойтахтга 26 миллиард доллар инвестиция  киритилиб, тадбиркорлар сони 75 мингдан 140 минг нафарга ошган.

Шунингдек, ушбу йиллар Тошкент шаҳри учун чинакам бунёдкорлик даври бўлгани таъкидланди. Жумладан, пойтахтда
85 минг квартирали кўп қаватли уйлар қурилган, 16 минг оилага уй-жой сотиб олишга 11 триллион сўмлик субсидия ва ипотека кредити ажратилган. Умумий узунлиги 29 километрлик Юнусобод, Қуйлиқ ва Сергели метро йўналишларида 19 та метро бекати ишга туширилди. 2 мингта замонавий автобус ва электробуслар олиб келинди.

Учрашувда Шавкат Мирзиёев сайловчиларни Тошкент шаҳрини келгуси етти йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича стратегик режалари билан таништирди.

Биринчи навбатда шаҳар экологиясини ва аҳолининг ҳордиқ чиқариши учун шароитларни яхшилаш масалаларига эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, кўчат етиштириш ва парваришлаш бўйича замонавий сервис тизими йўлга қўйилади. Яшнобод, Янгиҳаёт, Сергели ва Мирзо Улуғбек туманларида 4 минг гектар майдонда боғлар барпо қилинади. Жумладан, Чирчиқ дарёси бўйида “Билимлар парки” ва “Истеъдодлар мактаби” қурилади. Анҳор бўйида 60 километрлик сайилгоҳ, шунингдек, шаҳар бўйлаб 100 километр велосипед йўлаклари, 32 та сайилгоҳ барпо қилинади. Ҳавога чиқариладиган зарарли газлар миқдорини 50 фоизга қисқартириш чоралари кўрилади.

Келгуси етти йилда шаҳарда 230 минг квартирали 3 минг 700 та уй-жой қурилади. Реновация дастури орқали 20 мингта оиланинг турмуш шароити яхшиланади. Электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш мақсадида 5 минг километр тармоқ, 1 минг 600 та трансформатор янгиланади. Кунига 1,5 миллион куб метр оқова сув тозалаш қувватига эга янги замонавий иншоот барпо қилинади. Электр энергияси, газ, ичимлик суви, иссиқлик таъминоти ҳамда чиқинди ташиш хизматлари рақамлаштирилиб, ягона “биллинг” тизимига ўтказилади.

Аҳоли учун қулай ижтимоий инфратузилма яратиш режалари ҳам айтиб ўтилди. Унга кўра, келгуси етти йилда 50 минг ўринли 421 та янги боғча фаолияти йўлга қўйилади. 100 мингта янги ўқувчи ўрни очилади. Олий таълим қамрови келгуси йилнинг ўзида 50 фоизга, 2030 йилга бориб эса 60 фоизга етказилади.

Тошкент шаҳрида 35 та поликлиника, Чилонзор туманида Болалар шифохонаси барпо этилади. Сергели, Мирзо Улуғбек, Олмазор ва Учтепада туманлараро перинатал марказлари иш бошлайди.

“Хавфсиз шаҳар” тамойили кенг жорий қилиниб, шошилинч хизматлар ягона платформада ишлашга ўтказилади. Фуқаролар бу хизматлардан битта рақам орқали фойдаланиш имконига эга бўлади. Тирбандликни камайтириш мақсадида хорижий тажриба асосида барча чорраҳаларда “ақлли чорраҳа” ва “ақлли светофор” бошқарув тизими амалга киритилади. Шаҳарга киравериш ва метро бекатлари атрофида кўп қаватли автотураргоҳлар ташкил қилинади. Тирбандлик юқори бўлган кўчаларда 12 та йўл ўтказгич қурилади.

Номзод барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш масалаларига катта аҳамият қаратди. Таъкидланганидек, 2030 йилга бориб, Тошкент шаҳрида ялпи ҳудудий маҳсулот 500 триллион сўмга етказилади. Саноат, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларида 40 миллиард долларлик 20 мингдан зиёд лойиҳалар амалга оширилиб, 400 мингта доимий ва юқори даромадли иш ўрни яратилади. Бунинг учун шаҳарни 3 та ўсиш ҳудуди – “Илм-фан”, “Туризм ва хизмат” ва “Индустрия” зоналарига ажратган ҳолда ривожлантириш режалаштирилган.

Келгуси 7 йилда саноат ишлаб чиқариши ҳажми 2 баробар кўпайиб, 300 триллион сўмга, экспорт эса 3 миллиард долларга етади. Бу орқали 165 мингта янги бизнес субъекти фаолияти йўлга қўйилади, хусусий корхоналар сони 200 мингтага, тадбиркорлар 100 минг нафарга етказилади.

Умуман, бу мақсадларни рўёбга чиқариш учун алоҳида дастур қабул қилинади ва бунга жами 42 миллиард доллар йўналтирилади.

Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда маданият, санъат ва адабиётни янада ривожлантириш билан боғлиқ режаларини ҳам баён қилди. Аввало, юртимиздаги 130 дан зиёд миллат ва элат намояндаларига, барча конфессиялар вакилларига ўз тили, маданияти, урф-одат ва қадриятларини ривожлантиришлари учун барча шароит яратилиши қайд этилди. Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш, лотин ёзувига асосланган алифбони такомиллаштириш, илмий ва бадиий асарлар яратишни қўллаб-қувватлаш вазифаларига тўхталиб ўтилди.

Театр санъатини янада ривожлантириш мақсадида 6 та янги театр биноси қурилади, 40 таси тўлиқ таъмирланиб, жиҳозланади. Бадиий, ҳужжатли, мультипликацион фильмлар ва сериаллар яратиш бўйича янгича ёндашувлар жорий қилинади. Хорижий кинокомпаниялар билан ҳамкорликда фильмлар олиш, уларни халқаро телеканаллар ва фестивалларда намойиш этиш, киноижодкорлар малакасини ошириш, эркин иқтисодий киноҳудудлар ташкил қилиш чоралари кўрилади.

Мақомчилар ва бахшиларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳам эътибор марказида бўлади. Санъатимизнинг “Олтин фонди”га киритилган барча мумтоз ва эстрада мусиқа асарлари рақамлаштирилиб, алоҳида интернет платформага жойлаштирилади. 10 мингдан зиёд мактаб, болалар санъат мактаблари ҳамда маданият марказлари миллий мусиқа чолғулари билан тўлиқ таъминланади.

Тасвирий ва амалий санъат соҳаларини ривожлантириш учун ижодий марказ ва галереялар ташкил этилади. Ёш ижодкорларга имтиёзли кредитлар ажратилади. Шаҳарлардаги “яшил ҳудудлар”да ижодкорларнинг кўргазмаларини ташкил қилиш йўлга қўйилади.

Музейлардаги барча экспонатлар хатловдан ўтказилиб, уларнинг электрон базаси яратилади. 81 та музей тўлиқ таъмирланади. Инновацион технологиялар асосида Ўзбекистон тарихи музейи ҳамда Санъат музейининг янги биноси қурилади. 18 та археология ёдгорлиги очиқ осмон остидаги музейларга айлантирилади. Реставрацияга муҳтож 100 мингдан ортиқ экспонатлар “ҳаётга қайтарилади”. Дунёнинг энг машҳур 60 та музейи билан халқаро ҳамкорлик ўрнатилади.

Санъат ва маданият институти фаолияти кучайтирилиб, хориждан мутахассислар жалб этилади. Маданият, санъат ва адабиёт вакиллари учун янги қурилаётган массивлардан 10 мингта хонадон имтиёзли шартларда берилади.

Учрашувда партия вакиллари ва бошқа сайловчилар сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади ва бошқаларни ҳам шунга чақирди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати

Теглар
Сайлов 2023
  • Кўрилди
    830
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+