Устозлар улуғланган юртда ривожланиш бўлади

15.08.2023, 10:28

Устозлар улуғланган юртда ривожланиш бўлади

“Авлодларингизга фақат бугуннинг эмас, келгуси замоннинг илмини ўргатинг”. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий шу сўзларни айтганларида нақадар ҳақ эдилар.

Бугун барчамиз ҳар қандай соҳада рақобат кучайиб бораётган ўта бир мураккаб бир даврда яшаяпмиз. Бу ўткир ҳақиқат эса кейинги йилларда мамлакатимизда янгича фикрлайдиган, юксак мезонлар асосида таълим-тарбия берадиган ўқитувчи ва педагогларни етиштириш, уларни қўллаб-қувватлаш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани бежизга эмаслигини яна бир бор исботлайди.

Ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатаяптики, ўқитувчиларнинг машаққатли меҳнатини муносиб иш ҳақи билан таъминлайдиган, уларнинг малакасини оширишга сармоя киритиб бориладиган давлатда таълим сифати ўсиб боради ва жамиятда ривожланиш кузатилади.

Шу боис "Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак" деган эзгу ғоя асосида давлат ва жамият томонидан ҳар қанча маблағ, ресурс ва имкониятлар зарур бўлса, барчаси сафарбар этилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга маъқуллаш учун юборилди.

Мазкур қонун билан педагогларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, улар фаолиятининг асосий кафолатлари, уларнинг меҳнатига яраш ҳақ тўлаш, рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тамойиллари белгиланмоқда. Жумладан, илмий даража ёки илмий унвонга эга педагогларнинг иш ҳақларига ҳар ойлик устама тўланиши қонун билан мустаҳкамланяпти.

Бундан ташқари, давлат умумий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагоглар давлат томонидан ўқув қўлланмалар, бирламчи ўқув-методик материаллар ва ўқув қуроллари билан бепул таъминланиши кафолатланмоқда. Муҳими, педагог ўз шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилиш мақсадида муайян мансабдор шахснинг ҳатти-ҳаракати устидан судга мурожаат қилган тақдирда давлат божини тўлашдан озод этиладиган бўлмоқда.

Мазкур қонунда педагогларнинг касбий фаолиятини амалга оширишини таъминлаш борасида бир қатор нормалар ҳам белгиланмоқда.

Хусусан:

—педагогнинг касбий фаолиятига аралашиш, унинг фаолиятини асоссиз равишда текшириш, таълим олувчиларнинг билимларини тўғри ва холис баҳолашга таъсир кўрсатиш, шунингдек педагогнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиш, педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан ҳудудларни ободонлаштиришга, қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш;

—педагогдан унинг касбий мажбуриятларига тааллуқли бўлмаган ҳисоботларни ва бошқа маълумотларни, шу жумладан аҳолининг солиқлар, коммунал тўловлар, кредитлар ва бошқа қарздорлиги тўғрисидаги маълумотларни, битирувчиларни бандлигини таъминланганлиги ҳақидаги ҳисоботларни шакллантиришини ва тақдим этишини талаб қилиш;

—педагогни куз-қиш даврида ва байрам кунларида таълим ташкилотида навбатчиликка жалб этиш;

— педагогнинг зиммасига товарлар ва хизматларни сотиб олиш мажбуриятини юклаш, шу жумладан лавозим маошидан унинг розилигисиз товарлар ва хизматлар учун маблағ ушлаб қолишга йўл қўйилмаслиги назарда тутиляпти.

Кези келганда қайд этиш керак, мамлакатимизда илк маротаба бошқа тармоқ ва соҳалардан фарқли равишда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорига боғлиқ бўлмаган ҳолда айнан педагог ходимларнинг иш ҳақи 2 босқичда (2018 йил 1 сентябрь ва 2019 йил 1 январь) 1,5 бараварга оширилди. Бугунги кунда уларга 1000 АҚШ доллари эквивалентида иш ҳақи олиши учун (малака, тил сертификатлари ва илмий даража учун белгиланган устамалар эвазига) имконият яратилди.

Халқаро тан олинган сертификатга ёки халқаро стандартларга жавоб берадиган миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида устама олишмоқда. Бундан ташқари, малакали педагог ходимларни қўшимча рағбатлантириш мақсадида “Вазир жамғармаси” ишга туширилди.

Натижада жорий йилнинг ўзида 1 697 нафар малакали педагог ходимлар “Вазир жамғармаси” ҳисобидан 9 ой давомида 5 миллион сўмдан қўшимча рағбатлантирилди. “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури доирасида ташкил этилган саёҳатларга 383 093 нафар ходимлар, ўқитувчилар ва ўқувчилар жалб этилди.

Олис ва чекка ҳудуддаги ҳамда таълим сифати паст бўлган мактабларга дарс бериш учун жалб қилинган олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар бошқа туман(шаҳар)дан келса 50 фоиз, бошқа вилоятдан келса 100 фоизлик ҳамда олимпиада ғолибларини тайёрлаганлик учун 100 фоизлик устамалар ажратилмоқда.

Шунингдек, уларга базавий ҳисоблашнинг 50 баравари миқдорида бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойни ижарага олганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси берилади.

Бугунги ўқитувчи келажак авлод вакилларига нафақат билим ва кўникмани бериш билан чекланиши, балки уларда умрбоқий қадриятлар шаклланишига, танқидий фикрлашни ривожлантиришга, асосийси катта ҳаётдаги ижтимоий мослашишига ҳисса қўша олиши керак. Бунинг учун ўқитувчи доимо ўз устида ишлаши, таълимнинг сўнгги тенденцияларидан хабардор бўлиши, зарур моддий-техник база билан таъминланиши, таълим сифатини ошириш ва ўқувчиларининг натижаларини яхшилашга бор куч-ғайратини сафарбар қила олиши лозим.

Ғайрат АБДИЕВ,

Олий Мажлис  Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    532
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+