Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим йўналишлари

16.08.2023, 10:44

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим йўналишлари

Қишлоқ хўжалиги ҳар қандай давлат иқтисодиётининг стратегик тармоғи ҳисобланади. Ушбу тармоқнинг мамлакат аҳолисини ҳаёт сифати ва соғлиғининг ҳолати билан боғлиқ бўлган озиқ-овқат ёки бошқа турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришда, қолаверса қишлоқ хўжалигида аҳолининг бандлигини таъминлашда ўрни беқиёс.

Бундан олти-етти йил олдин даромад топиб, оиласига нафи тегиши учун халқимизга ер берилиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрилмаган. 2021 йил январдан бошлаб Президентимиз ташаббуслари билан ёшларга экин майдонларидан ер ажратилгани яхши натижа берганини гувоҳи бўлаяпмиз.

Ишсиз аҳолига қишлоқ хўжалиги ерларини деҳқончилик билан шуғулланиш учун ижарага бериш тартиби жорий қилинди. Натижада, ўтган йиллар давомида деҳқончилик учун аҳолига ажратилган 200 минг гектар ер майдонларида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш бўйича қатор ижобий натижаларга эришилди.

Хусусан, 700 минг нафар аҳоли доимий, яна 1 миллион 300 минг нафари мавсумий иш билан таъминланди. 605 минг нафар деҳқонларнинг даромади ошди. Картошка, пиёз, сабзи билан ўзини ўзи таъминлайдиган туманлар кўпайди.

Президентимиз  Шавкат Мирзиёев жорий йил 10-11 август кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида энди дастлабки босқичда 10 йил муддатга ажратилган 73 минг гектар майдоннинг ижара муддатлари 30 йилга узайтириб берилишини таъкидлади. Бу эса аҳолини қувонтирди, фаолликка чорлади.

Эътиборлиси, бу борадаги ислоҳотлар янада давом эттирилиши, яъни пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, 70 минг гектар ер майдонлари аҳолига деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун ажратилиши кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, эндиликда бўш турган 100 минг гектар яйловларни чорваси бор аҳоли камида 10 гектардан 10 йил муддатга ижарага олишига рухсат берилади. Аҳамиятлиси, “Ижтимоий ҳимоя реестри”га киритилган эҳтиёжманд аҳолига ерларни беришда улар ер учун барча тўловлардан озод қилинади. Бу эса аҳолининг янада аграр тармоқда даромади ортишига хизмат қилади.

Йиғилиш давомида дала четларидан самарали фойдаланиш борасида ҳам муҳим вазифалар белгилаб олинди. Жорий йилдан бошлаб фермер хўжаликларининг 60 минг гектар бўш дала четларида узум, кади, қовун, тарвуз ва сабзавот экиб, қўшимча 220 минг тонна маҳсулот етиштириш, 600 минг бош парранда ва 300 минг дона асалари оиласини боқиш бўйича дастур ишлаб чиқилган эди.

Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, белгиланган режаларни ўз вақтида бажариш, бунда аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда дала четларидан самарали фойдаланишда масъулликни ошириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилгани мутасаддилардан янада масъулликни оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Ташриф чоғида аграр соҳанинг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланган иссиқхоналарни ташкил этиш ва уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам эътибордан четда қолмади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда иссиқхоналар майдони 3 баробарга ошиб, уларда етиштирилаётган маҳсулотлар ҳажми 90 минг тоннадан 300 минг тоннага кўпайган. Бугунги кунда мазкур тармоқда 150 минг аҳоли юқори даромадли иш билан бандлиги таъминланган.

Бу каби ижобий натижаларни янада ошириш мақсадида давлатимиз раҳбари куз-қиш мавсумида иссиқхоналарга ёқилғи маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш, зарур бўлса, бунинг хариди учун кредитлар ажратиш муҳимлиги бўйича алоҳида кўрсатмалар берди. Бу эса иссиқхона йўналишида фаолият олиб бораётган аҳолини янада соҳани кенгайтиришга бўлган қизиқишини оширади.

Инсон қачон ўзини бахтли ҳис қилади? Қачонки, барқарор даромад манбаи ва севимли иш жойига эга бўлиб, ўзи ва оила аъзоларига нафи тегса. Президентимиз илгари сурган ташаббуслар имкон қадар кўпроқ бухороликларнинг оиласини боқишга бўлган имкониятини янада кенгайтириши билан аҳамиятлидир.

Куз-қиш мавсумида иссиқхоналарга ёқилғи маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш, зарур бўлса, бунинг хариди учун кредитлар ажратиш муҳимлиги бўйича топшириқлар берилгани вилоятдаги миришкорларимизга яқин истиқболда кузатилиш эҳтимоли мавжуд бўлган қийинчиликлардан катта йўқотишларсиз ўтиш имконини беради.

Хулоса ўрнида айтганда, Президентимиз томонидан кўтарилган ташаббуслар нафақат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, балки қишлоқ хўжалиги махсулотларини етиштиришни кенгайтириш орқали аҳоли даромадларини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ерга бўлган муносабатларни ўзгартириш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабни нафақат ички бозорда таъминлаш, балки, экспорт салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилади.

Биз, депутатлар ўз навбатида, ушбу вазифаларнинг ижросини таъминлашда мутасаддилар билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишимиз, ўз таклиф ва тавсияларимиз билан уларга кўмаклашишимиз зарур. Шунингдек, соҳада амалга оширилаёган ислоҳотларни халқимизга етказиш, уларни ўйлантираётган масалаларни парламент даражасида кўтариб чиқиш ва аграр соҳани ривожлантиришга оид қонунчиликни такомиллаштиришда фаоллик кўрсатишимиз керак.

Равшан МАМУТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    645
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+