Ўзгаришлар одамларнинг кундалик ҳаётида акс этмоқда

16.08.2023, 17:17

Ўзгаришлар одамларнинг кундалик ҳаётида акс этмоқда

Бухоро — Ўзбекистоннинг энг қадимий шаҳарларидан бири ҳисобланади. Унинг ҳар бир кўчаю хиёбони, боғию майдони, ҳар бир гўшасида олис ўтмишнинг акс-садоси, қолдирган изи бор. Кўкка бўй чўзган миноралар, обидаю қадамжолар, осору антиқалар инсон ақл-заковатини намойиш қилади.

Қарийб ўттиз асрлик тарихга эга шаҳар бугун ҳам дунё халқлари томонидан иззат-икром, ҳурмат ва эҳтиром ила тилга олинади. Шарқ гавҳари, жаҳон мўъжизаси, нурли шаҳар, Ўрта Осиё дурдонаси, Осиё жавоҳири номлари билан янада шуҳрат топиб, бой ўтмиши ва шонли келажаги билан боқий яшамоқда.

Кейинги йилларда эса маърифат ва маънавият бешиги саналган Бухорода бунёдкорлик, яратувчанлик юмушлари янги босқичга кўтарилмоқда. Ўтган даврда вилоятда кўплаб соҳаларда юксалишга эришилди. Замонавий корхоналар ишга тушиб, шаҳару қишлоқлар обод бўлди.

Одамларни йиллар давомида ўйлантириб келган йўллар, ичимлик сув, электр энергияси билан боғлиқ масалалар ечилди. Шаҳарликлар ҳам орзу қиладиган боғча, мактаб, маҳалла бинолари, янги-янги корхоналар қурилди. Аҳолининг яшаш шароитини тубдан яхшилаш, ижтимоий муаммоларни адолатли ҳал этиш, одамларнинг фаровон яшаши, орзу-истакларига етишиши учун барча шароитлар яратилди.

Инсонни эъзозлаш, унинг ҳаётий манфаатлари, орзу-умидларини рўёбга чиқариш мақсадида катта-катта марраларни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси аҳолини фаровонликка, тараққиёт сари дадил етаклаб боряпти. Бундай ўзгаришларни кўриб, ўн йиллаб ҳал бўлмаган масалаларни, мана, қисқа фурсатда ҳал қилса бўлар экан-ку, дейсиз.

Айниқса, шаҳар ва туманлар янада обод ва кўркам масканларга, чинакам ислоҳотлар майдонига айланган. Президентимизнинг вилоятга ташрифи чоғида амалга ошириладиган ҳар бир ислоҳот, аввало, инсон қадр-қиммати, шаънини янада юксалтиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Биргина вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида шу йилнинг январь-июнь ойлари давомида тўртта туман ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантирилди. Жами вилоят бўйича 472 маҳалла ишсизликдан ҳоли маҳалла тоифасига ўтказилди. Ўзингиз айтинг, бир неча йил олдин бундай натижаларни тасаввур қилиш мумкинмиди? Йўқ, албатта. Бу улкан эврилишлар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқчил сиёсати билан боғлиқ. 

Давлатимиз раҳбарининг 10-11 август кунлари Бухоро вилоятига навбатдаги ташрифи ҳам бухороликлар ҳаётида янги саҳифалар очишига ишонамиз. Зеро, узоқ кутилган ташриф ҳудуд аҳлининг кайфиятини янада кўтарди, уларни фаолликка чорлади, янги марралар сари руҳлантирди, таъбир жоиз бўлса, ҳаракатга келтирди. Айниқса, сафар чоғида белгилаб берилган устувор вазифалар вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, халқимизни рози қилишга қаратилгани билан диққатга сазовор.

Янги Ўзбекистондаги янги йўналиш

Илгари бир тадбиркор иш бошласа, унинг фаолиятига аралашиб, ҳуда-беҳуда текшируви билан тўсиқ қўядиганлардан кўпи бўлмасди. Маҳсулот ишлаб чиқариш, унга бозор топиш, янги иш ўрни яратиш – бари катта машаққат, бу ёқда тадбиркорга ёрдам бериш ўрнига унинг ишига халал қилиш, албатта, ривожланиш йўлидаги тўсиқ эди.

2016 йилдан бошлаб мамлакатимизда тадбиркорларга муносабат тубдан ўзгарди. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, эркин ва самарали фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратилди. Соҳани ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, кейинги етти йилда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган аниқ манзилли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, яратилаётган қулайлик ва имкониятлар натижасида янги субъектлар кескин кўпайиб, аввалдан ишлаётганлари фаолиятини кенгайтирди. Ҳозир нафақат вилоят марказларида, балки чекка-чекка ҳудудларда ҳам замонавий корхоналар қад ростлаб, аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларнинг даромадини оширишга хизмат қилмоқда.

Етти йил олдин бошланган бу борадаги амалий ишлар самараси бугун мамлакатда тадбиркорликнинг тараққий этиб бораётгани, янги-янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилгани, аҳолининг салмоқли қисми шу соҳада меҳнат қилаётганида намоён бўлаётир. Бу янгиланишлар орзу-ҳавасли инсонлар яхшиликка интилиб яшаши учун эмасми?!

Когон туманидаги “Сиёвуш текстиль” корхонаси ҳам шундай мажмуалардан бири саналади. Илгари бу ер унумсиз, бўш турган майдон эди. Тадбиркорларга шароит яратиш мақсадида ҳудуд “Ғиждувон” эркин иқтисодий зонасига киритилди. Зарур инфратузилма барпо этилгач, бу ерда саноат ривожланди.

“Сиёвуш текстиль” масъулияти чекланган жамиятининг 36 миллион долларлик лойиҳаси ўтган ойда ишга тушди. Унда йилига 40 минг тонна акрил ип-калава йигириш қуввати ҳамда 600 иш ўрни яратилди. Ҳеч шубҳасиз, бу Янги Ўзбекистондаги янги йўналишдир.

Сир эмаски, кейинги йилларда юртимизда тўқимачилик саноати ҳам ривожланяпти. Агар корхоналар қўшилган қиймат яратиб, даромадини ошираман деса, қисман акрил ишлатишига тўғри келади. Ундан тайёрланган маҳсулот қиймати 5 баробар ошади. Бу — манфаатдорлик, барқарорлик, одамларга иш ўрни, дегани.

Корхонада лойиҳанинг биринчи босқичи иш бошлаган. Айни пайтда хорижлик ҳамкорлар билан корхона фаолиятини кенгайтириш устида иш олиб борилмоқда. Режага кўра, кейинги босқичда акрил тола ҳамда ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш тўлиқ маҳаллийлаштирилади. Натижада жами иш ўрни сони 1 минг 200 тага етади.

Энг муҳими, эришилган ютуқлар билан чегараланиб қолаётганимиз йўқ. Ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича самарадорлиги тан олинган, чуқур ўйланган чора-тадбирлар тизимли ва узлуксиз давом этяпти. Кейинги йилларда ҳудудда бундай корхоналар сони тобора ортиб бораётгани юртимизда соҳага қаратилаётган катта эътиборнинг юксак намунаси, десак айни ҳақиқат.

«Қаҳрамон» маҳалласидаги катта ўзгаришлар

Маҳалла — жамиятда тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, оилалар жипслигини таъминлаш, аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этишда халқимизга энг яқин ижтимоий тузилма саналади.

Кейинги йилларда ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган бу идоранинг нуфузини ошириш, уни чинакам халқ виждонига айлантириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, барча соҳа ва йўналишлар бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизими кенг жорий этилиб, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат таъсирчан тузилма фаолияти йўлга қўйилди. Бу ислоҳотлар маҳаллаларда тадбиркорлик ривожланиб, янги иш ўринлари, доимий даромад манбалари яратилаётгани, барқарор ижтимоий-маънавий муҳит мустаҳкамланиб, жиноятчилик камайиб бораётганида намоён бўлаётир.

Ўтган даврда маҳаллаларни обод қилиш, уларнинг ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли даромад манбаини кўпайтириш  борасида олиб борилган саъй-ҳаракатлар бугун халқимиз турмуш даражаси ва маданиятини юксалтиришга хизмат қиляпти. Бу борада Бухоро вилоятида ҳам салмоқли ишлар қилиндики, буларнинг барчасини одамлар ўз ҳаётида сезмоқда, ҳис этмоқда.

Ромитан туманидаги Қаҳрамон маҳалласида 3 минг 900 нафарга яқин аҳоли яшайди. Ҳунармандлик ва иссиқхона хўжалиги маҳалланинг драйвери ҳисобланади. Чунки 200 гектар майдондаги иссиқхоналарда бозорбоп сабзавотлар етиштириб сотилади. Шунингдек, бу ерда мебелсозлик, тикувчилик, зардўзлик яхши ривожланган.

Маҳаллада ўндан ортиқ савдо дўкони, тикувчилик устахоналари, меҳмонхона ва ресторанлар бор. Уларда маҳаллий ёшлар ишлаб, даромад топмоқда. Умуман айтганда, маҳаллада ишсиз одам йўқ, ўтган даврда биронта жиноят содир этилмаган.

“Обод маҳалла” дастури асосида инфратузилма яхшиланган. Хусусан, ички йўллар асфальтланиб, пиёдалар йўлаклари қурилган. Трансформатор ўрнатилиб, электр тармоқлари янгиланган. Айтиш мумкинки, бугун вилоятда ҳар битта маҳаллада ана шундай ўзгаришлар, янгиланишлар рўй бераётир.  

Барча ҳудудларда маҳалла гузари, дўкон, кутубхона, болалар майдончалари барпо этиляпти. Одамлар меҳнат қилиб, даромад топиши, ҳар бир кунидан, ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча шароитлар муҳайё қилинмоқда. Айтинг, буларнинг ҳаммаси ким учун қилинмоқда, бу имкониятлар ким учун яратилмоқда? Албатта, ҳар бир инсоннинг қаерда яшаши ва ишлашидан қатъи назар, қадр топиши, фаровон яшаши, мурод-мақсадига етиши учундир.

73 минг гектар майдоннинг ижара муддати 30 йилга узайтирилади

Бугунги кунда Бухоро вилоятида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш, томорқалардан йилига икки-уч маротабагача ҳосил олиш учун катта имкониятлар бор. Бу орқали қанча одам ишли бўлади, оилаларга даромад, барака киради. Энг муҳими, бозорларда тўкин-сочинлик бўлади, нарх-наво барқарорлиги таъминланади. Минг-минглаб ёшлар ишли бўлиб, даромад манбаига эга бўлади.

Сир эмаски, бу йилги қаҳратон қиш ва ёздаги ўта иссиқ кунлар синовли бўлди. Шу боис, келаётган қишга ҳозирданоқ тайёрланиш, бунинг учун етарли озиқ-овқат захирасини шакллантириш зарур. Ўтган йилларда пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳолига деҳқончилик учун 200 минг гектар ер ажратилгани озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтиришда муҳим омил бўлди.

Қувонарлиси, бу орқали 700 минг нафар аҳоли доимий, яна 1 миллион 300 минг нафари мавсумий иш билан таъминланди. 605 минг нафар деҳқоннинг даромади ошди. Картошка, пиёз, сабзи билан ўзини ўзи таъминлайдиган туманлар кўпайди. Лекин бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш лозим.

Боиси айни чоғда бир қатор туман ва шаҳарлар сабзавотлар, гўшт ва тухумни бошқа ҳудудлардан олиб келмоқда. Бунинг сабаби ажратилган ерлардан фойдаланиш тўғри ташкил қилинмаётгани билан боғлиқ. Ташриф чоғида Бухоро шаҳрида ўтказилган видеоселектор йиғилишда ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилди ва бу борада янги ташаббуслар илгари сурилди.

Энди дастлабки босқичда 10 йил муддатга ажратилган 73 минг гектар майдоннинг ижара муддатлари 30 йилга узайтириб берилади. Бу миришкорларимиз учун катта имконият бўлиб, бу даврда улар ердан самарали фойдаланиш билан бирга, ёшлар бандлигини таъминлайди. Бўш турган 100 минг гектар яйловларни чорваси бор аҳоли камида 10 гектардан 10 йил муддатга ижарага олишига рухсат берилиши ҳам айни муддао бўлди. “Ижтимоий ҳимоя реестри”га киритилган эҳтиёжманд аҳолига ерларни беришда улар ер учун барча тўловлардан озод қилиниши ҳам энг тўғри ва оқилона қарор бўлди.  

Шунингдек, талабгор топилмаган майдонларни сувли ва аҳолига яқин ерларга алмаштириш, янги экин жойларини очиқ-ошкора савдога чиқариш бўйича кўрсатмалар берилдики, булар ҳисобига 1 миллион тонна маҳсулот етиштириб, қўшимча 800 минг аҳолини даромадли қилиш мумкин.

Дала четларида узум, кади, қовун, тарвуз ва сабзавот экиб, қўшимча 220 минг тонна маҳсулот етиштириш, 600 минг бош парранда ва 300 минг дона асалари оиласини боқиш бўйича дастур ижроси кўриб чиқилди. Нархларни жиловлаш такрорий экинларни кўпайтириш ва маҳсулот ҳажмини ошириш орқали бўлиши кераклиги таъкидланди.

Сўнгги йилларда иссиқхоналар майдони 3 баробарга кўпайиб, уларда етиштирилаётган маҳсулотлар ҳажми 90 минг тоннадан 300 минг тоннага кўпайган. Уларда 150 минг аҳоли юқори даромадли иш билан банд. Куз-қиш мавсумида иссиқхоналарга ёқилғи маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш, зарур бўлса, бунинг хариди учун кредитлар ажратиш муҳимлиги қайд этилди. Бу эса аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, нарх-наво барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Туризм — асосий даромад манбаига айланмоқда

Кейинги йилларда кўҳна ва боқий Бухоронинг туризм салоҳиятини янада юксалтириш, хорижий сайёҳлар оқимини ошириш, туристик йўналишларни кўпайтириш, хизмат кўрсатиш ва сервис хизматларини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Буни Бухорога келаётган сайёҳлар оқими йилдан йилга ошаётганида кўриш мумкин. Агар рақамларга тўхталадиган бўлсак, 2021 йилда хорижий сайёҳлар сони 30 минг 800 нафарни ташкил этган бўлса, 2022 йилда бу кўрсатгич 550 минг нафарга етган. Жорий йилнинг дастлабки чорагида боқий Бухорони кўриш истагида келган чет эллик сайёҳлар сони 400 мингтани ташкил этмоқда.

Қадимий кент ўзига хос жозибаси билан меҳмонларни мафтун этади. Чунки кўп минг йиллик бу тарихий эврилишлар даврини босиб ўтган шаҳарнинг такрорланмас меъморий обидаларида ўзгача сеҳр, маҳобат бор. Лаби ҳовуз, Арк қўрғони, Нодир девонбеги мадрасаси, Сомонийлар мақбараси, яна бошқа обидалар дизайни, шарқона гўзаллиги билан сайёҳларнинг қизиқишини оширади.

Маҳаллий сайёҳлар мисолида олсак, 2021 йилда 1 миллион 405 минг, 2022 йилда 2 миллион 700 мингдан ортиқ меҳмон Бухорога ташриф буюрган. Шу йилнинг апрель ҳолатида эса бу кўрсатгич 1 миллион 200 минг кишини ташкил этган.

Кўҳна ва боқий Бухоронинг иқтисодиёти ўсиши учун хизмат қиладиган асосий йўналишлардан бири бу хизматлар кўрсатиш сервис соҳаси ҳисобланади. Бухоро шаҳрига 2022 йилда 3,5 миллион маҳаллий ва хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, жорий йил якунига қадар бу кўрсаткични 5 миллиондан ошириш кутилмоқда.

Бетакрор тарихий обидалари, улкан туризм салоҳияти билан хорижликларни тобора ўзига жалб этаётган қадимий кентда келгусида сайёҳлар оқими янада ошиши, шубҳасиз.

Ташриф давомида Бухоро шаҳрини ривожлантириш лойиҳаси кўриб чиқилиб, унинг тарихий қисмида туризм инфратузилмасини яхшилаш ва сайёҳлар учун шароитларни кенгайтириш лозимлиги таъкидланди. Тўдакўл сув омборининг ғарбий ҳудуди эса Бухоро вилоятига ўтказилиб, дам олиш туризми ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу лойиҳа ўз навбатида, маҳаллий ва хорижий сайёҳларда бирдек қизиқиш уйғотади ва вилоятга сайёҳлар оқмини янада кенгайтиради.

Муболағасиз айтиш мумкинки, бугун узоқни кўзлаб юритилаётган прагматик халқчил сиёсат туфайли одамлар елкасидан ташвиш, муаммолар тоғи ағдарилмоқда, кўнгилларга чўккан қоронғу пардалар сидириб ташланмоқда. Одамларга орзу-ҳаваслар қайтмоқда, фахр-ифтихор қайтмоқда, шодлик қайтмоқда. Ташриф чоғида белгилаб берилган вазифалар ижроси ҳудуднинг беқиёс имкониятларини юзага чиқариш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш, турмуш шароитини янада яхшилашга хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг Бухорога ташрифи, воҳада амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ташаббуслар вилоят аҳолисига янада рағбат, кўтаринки кайфият бағишлади. Янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этилишига кўмаклашиш ЎзЛиДеП фаоллари ва унинг парламентдаги фракция аъзолари зиммасига масъулиятли вазифалар юклайди. Истиқболли вазифалар ижросини таъминлашда биз депутатлар бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз.

 Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари

  • Кўрилди
    563
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+