Ўзбекистон ва Венгрия ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб бормоқда

21.08.2023, 15:12

Ўзбекистон ва Венгрия ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб бормоқда

Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, мамлакатимиз ташқи сиёсатда мисли кўрилмаган даражада муваффақиятларга эришмоқда. Бугун Ўзбекистон дунёга юз тутмоқда, ўзаро алоқалар янада кенгайиб боряпти. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрияга ташрифи фикримизнинг ёрқин ифодасидир.

Давлатимиз раҳбари Будапешт шаҳрида Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан учрашув ўтказди.

Бош вазир давлатимиз раҳбарига Венгриянинг миллий байрами – авлиё Иштван кунига бағишланган тадбирларда ҳамда шу кунларда Венгрия пойтахтида ўтаётган енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионатининг эркаклар ўртасидаги югуриш мусобақалари финалида шахсан иштирок этаётгани учун самимий миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон етакчиси, ўз навбатида, Венгрия Ҳукумати ва дўст халқини миллий айём билан дилдан қутлади. Будапештда ўтказилаётган жаҳон биринчилиги ушбу мамлакат спорт соҳасида бой анъаналарга эгалиги ва кейинги йилларда бу борада юксак муваффақиятларга эришаётганининг далолати эканини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон билан Венгрия ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқотда амалий ҳамкорлик барча йўналишларда изчил ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Олий даражадаги келишувлар самарали амалга оширилмоқда, парламентлар, ҳукуматлар, идоралар ва ҳудудий маъмуриятлар ўртасида сермаҳсул алоқалар йўлга қўйилган.

Ўзаро савдо ҳажми ортиб бормоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида етакчи корхоналар кооперацияси кучаймоқда. Шу ўринда Венгриянинг OTP банки Ўзбекистон банк-молия бозорига кириб келгани стратегик аҳамиятга эга экани ҳамда Европа бизнеси учун муҳим ишора бўлганини алоҳида эътироф этиш жоиз.

Бундан ташқари, Венгриянинг Bonafarm, Gedeon Richter, Meditop, Wizz Air каби йирик компаниялари Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик лойиҳаларида фаол қатнашмоқда.

Учрашув давомида маданий-гуманитар соҳадаги қўшма дастурларни янада илгари суриш муҳимлиги ҳам қайд этилди. Шу ўринда жорий йил 20 август кунидан бошлаб Тошкент ва Будапешт ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилишини таъкидлаб ўтмоқчиман.

Умуман олганда давлатимиз раҳбари учрашувда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида яқин ва конструктив ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.

Дилбар УСМОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси.

  • Кўрилди
    305
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+