Кичик бизнес – бу маҳаллага, туманга янги муҳит олиб кирадиган, одамларимизга шиж́оат берадиган катта кучдир

21.08.2023, 16:56

Кичик бизнес – бу маҳаллага, туманга янги муҳит олиб кирадиган, одамларимизга шиж́оат берадиган катта кучдир

Президентимиз ташаббуси билан мана икки йилдирки мамлакатимизда 20 август - “Тадбиркорлар куни” сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Бу – кейинги йилларда мамлакатимизда тадбиркорларга кўрсатилаётган юксак эътибор, улар қўллаб-қувватланишининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Бугун тадбиркор ва ишбилармонларимиз мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришда, минглаб иш ўринлари яратишда, жаҳон бозорларини забт этишда улкан ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

Шу билан бир қаторда тадбиркорларимиз иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, инновацияларни жорий этиш, солиқларни ўз вақтида тўлаш, етук мутахассисларни тайёрлашда алоҳида ибрат кўрсатиб келмоқда. Бу эса аҳолимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Куни кеча давлатимиз раҳбари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда ҳам бу борада алоҳида тўхталиб ўтилди, қатор таклифлар, ташаббуслар ва янги лойиҳалар амалга оширилишини билдирди.

Президентимиз маърузасида кўрсатиб ўтилган бешта асосий йўналишнинг ҳар бири ўз ичига кўплаб ташаббусларни қамраб олган.

Биргина кичик бизнесни ривожлантиришдаги лойиҳаларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, кичик бизнес – бу маҳаллага, туманга янги муҳит олиб кирадиган, одамларимизга шиж́оат берадиган катта кучдир.

Иқтисодиёти жадал ривожланаётган кўплаб давлатларда иш ўринларининг 70-80 фоизи шу соҳа вакиллари томонидан яратилмоқда. Барча нуфузли компаниялар тарихи ҳам айнан кичик ва ўрта бизнесдан бошланган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда микро-бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича катта амалий ишлар қилинди. Дастурлар орқали микро-бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашга ҳар йили 1 миллиард доллардан зиёд маблағ йўналтирилмоқда. Натижада бугун ҳар бир маҳаллада камида 40-50 нафар янги тадбиркор пайдо бўлиб, минглаб доимий иш ўринлари яратилмоқда.

Давлатимиз раҳбари кичик бизнесни манзилли қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш борасида ҳали қилиниши лозим бўлган қатор ташаббусларни илгари сурди.

Унга кўра, энди кичик тадбиркорларнинг “оёққа туриб олиши” ва фаолиятини кенгайтириши учун мутлақо янги ёндашувлар жорий этилади. Бунда ушбу соҳа вакилларини тадбиркорликка ўқитиш, уларга лойиҳа тайёрлаб бериш, фаолиятини молиялаштириш, маҳсулотларига бозор, бизнесига шериклар топиш бўйича яхлит эко-тизим яратилади.

Бунинг учун, энг аввало, “Қишлоқ қурилиш банк”ни “Бизнесни ривожлантириш банки”га айлантирилади. Ушбу янги банкнинг фаолияти ҳам, ишлаш услуби ва молиялаштириш механизмлари ҳам янгича бўлади. Жумладан, банк ҳузурида ҳар бир ҳудудда жами 14 та кичик бизнес маркази ташкил этилади.

Бундан ташқари оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида тажриба орттирган 500 мингдан зиёд микро-бизнес вакиллари бор. Энди 9 минг 400 та маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари ўз ҳудудида микродан кичик бизнесга ўсмоқчи бўлган 3-4 нафар тадбиркорни ҳар ойда бизнес марказларига жалб қилинади.

Марказлар эса ташаббускорларнинг бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқишга кўмаклашади, ўз ҳисобидан янги лойиҳа қилмоқчи бўлган тадбиркорларни ўқитади, янги лойиҳаларга зарур мутахассисларни жалб қилади, тадбиркорлар учун бухгалтерия, солиқ, аудит, маркетинг, ҳуқуқий ва бошқа консалтинг хизматларини кўрсатади.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг кичик бизнесга алоҳида эътибор қаратиши энди иш бошламоқчи бўлган тадбиркорларнинг оёққа туриб олишида, келгусида тадбиркорларнинг сонини ортишига, бунинг натижасида минглаб иш ўринлари яратилишига туртки бўлади.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    307
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+