Ишчи гуруҳ Сирдарёда назорат-таҳлил тадбирларини олиб борди

22.08.2023, 11:08

Ишчи гуруҳ Сирдарёда назорат-таҳлил тадбирларини  олиб борди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Хаитов бошчилигидаги парламент қуйи палатаси депутатлари, шунингдек, маҳаллий кенгашлардаги партия вакиллари Сирдарё вилоятида жойлашган “Акбар бизнес строй” МЧЖда фаолияти билан яқиндан танишишди.

Мазкур сайёр учрашув Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2023 йил 27 июль кунги ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифаларнинг бажарилиши устидан ҳудудларда депутатлик назоратини амалга ошириш мақсадида ўтказилди.

Нафақат сирдарёликлар, балки вилоятдан ташқарида ҳам танилган масъулияти чекланган жамиятида “Зиннур” бренди остида бир неча турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Корхона бурун ижарада турган кичик тадбиркорлик субъекти эди. Энди эса у бир эмас, қатор ишлаб чиқариш линияларига эга йирик бирлашма.

Гулистон шаҳридаги 2,3 гектар сатҳли бўш бино 14,5 миллиард сўм инвестиция киритиш шарти билан тендерда ютиб олинганида “Зиннур” жамоаси атиги 20 нафар ходимдан иборат эди.

- Бугунги кунда ишчи-ходимлар сони 165 нафарга етди. Ҳозир кроссовка, кийим-кечак, мебель жиҳозлари, лок-буёқ сингари кўп тармоқли ишлаб чиқаришга эгамиз, - дейди бирлашма раҳбари Носиржон Эгамбердиев. - Барча маҳсулотларимизга талаб юқори. Бу қулай ишлаб чиқариш майдонига эгалигимиз ҳамда технологик янгиланишларга алоҳида эътибор қаратиш самараси, албатта. Масалан, 1,5 миллион АҚШ долларига янги пойабзал тайёрлаш ускуналари олганимиз туфайли бир неча кўрсаткичларимизни яхшилаб олдик.

МЧЖда маҳсулот ишлаб чиқариш тўлиқ маҳаллийлаштирилган. Юқори сифат туфайли таннарх арзонлашган. Ундан ташқари корхонада ижтимоий ҳимояга муҳтож ва имконияти чекланган ходимлар учун барча шароитлар яратилган.

Актам Хаитов бошчилигидаги депутатлар шундан сўнг Гулистон шаҳрида жойлашган “Маънавият” МФЙ биноси ва бешлик фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди. Мазкур маҳаллада 576 та хонадон, 677 та оила бўлиб, умумий аҳоли сони 3 577 нафарни ташкил қилади. Бешлик томонидан одамларнинг оғирини енгил қилиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишлари яхши ташкил қилинган.

Хотин-қизлар мисолида айтадиган бўлсак, 2022 йилда “Аёллар дафтари”га 56 нафар 30 ёшдан ошган аёллар киритилган эди. 2023 йилда 80 нафар аёл шу рўйхатга киритилиб, тегишли ёрдамларни олишди. Ўтган йил охирида нотурар жойда яшовчи 6 нафар фуқарога уй-жой берилди.

Жорий йилда эса икки нафар кишига уй-жой берилди. Икки нафар фуқарога 9 ой муддатга ижара конпенсациялари тўланди. Ногиронлиги бўлган аёлларимизга ҳам тегишли ёрдамлар берилди. 33 нафар ишсиз бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларимизни 10 нафарига субсидия тариқасида тикувчилик ва қандолатчилик анжомлари берилди. 15 нафарига эса имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши орқали бандлиги таъминланди.

Ҳоким ёрдамчиси томонидан касбга ўқитиш учун тавсияномалар, имтиёзли кредитлар ажратилиши орқали аҳоли бандлиги таъминланди. Ёшлар етакчиси саъй-ҳаракати билан 6 нафар ёшга контракт тўловлари тўлаб берилди. 2 нафар ёшга бир марталик моддий ёрдам ажратилди. 2 нафар ёшга даволаниш пули тўланди. 17 нафар ёш мономарказга ўқишга йўлланма берилди. 15 дан ортиқ ёшлар ишга жойлаштирилди.

O‘zLiDeP Сирдарё вилоят

кенгаши матбуот хизмати

  • Кўрилди
    348
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+