Тадбиркорлар: иқтисодиёт таянчи, ислоҳотлар локомотиви, ўсиш нуқтаси драйвери

28.08.2023, 14:23

Тадбиркорлар: иқтисодиёт таянчи, ислоҳотлар локомотиви, ўсиш нуқтаси драйвери

Жаҳон банки маълумотига кўра, Ўзбекистон 2017 йилда рақобатбардош ва инклюзив бозор иқтисодиётини барпо этиш бўйича муҳим ислоҳотлар жараёнини бошлади. Асосий ислоҳотлар валюта курсини либераллаштириш, импорт тарифларини пасайтириш, танланган товар ва хизматлар нархларини эркинлаштириш, монополияга қарши қўмитани ташкил этишдан иборат бўлди. Ушбу дастлабки саъй-ҳаракатлар хусусий секторни ривожлантириш, кўпроқ ва яхши иш ўринлари яратиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда тадбиркорликни, айниқса кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, фаолиятида келиб чиқаётган муаммо ва тўсиқларни бартараф этиш бўйича комплекс чоралар кўрилаяпти. Бунда Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти ўзига хос ўринга эга.

Бўлиб ўтган мулоқот давомида бир қатор ташаббуслар илгари сурилдики, булар тадбиркорлик ривожи ва давлатимиз равнақида муҳим аҳамиятга эга. Илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар кичик бизнесга янги имкониятлар эшигини очади, ўрта бизнесни ривожлантиришга ҳисса қўшади, янги бозорларга сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар билан кириш имкониятини оширади, юқори даромадли корхоналарни кўпайишига кўмак беради. Солиқ маъмурчилигини соддалаштириш ва бюрократияни йўқ қилишга доир ташаббуслар эса тадбиркорларга янги марраларни забт этиши учун замин яратади.

Анъанавий мулоқот уч йилдан буён ўтказиб келиняпти. Бу даврда нафақат давлатимиз, балки дунё ҳамжамияти ҳам пандемия ва геосиёсий вазият туфайли глобал муаммолар иқтисодий ноаниқликлар гирдобида ҳаёт кечирди. Дунё ҳамжамиятнинг охирги уч йилдаги ҳаётига халқаро майдонда бўлаётган ўзгаришлар кучли таъсир қилиб, мамлакатлар иқтисодиётига, шу жумладан, миллий иқтисодиётимизга ҳам ўз таъсирини ўтказди. Юзага келган вазиятда Ўзбекистонда олиб борилган ислоҳотлар ва стратегик мақсадларнинг амалий ижроси миллий иқтисодиётимизни барқарор ўсишини таъминлаб, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечиришига замин яратди.

Халқаро ҳаётдаги ўзгаришларни биринчи навбатда тадбиркорлар ҳис қилади, десак асло муболаға эмас. Чунки, глобал даражада содир бўлаётган турли зиддиятлар туфайли логистика ва маҳсулот етказиб бериш занжирининг узилиши улар фаолиятига катта таъсир қилади. Бундан ташқари ҳамкорлари фаолият юритаётган мамлакатлар валютасининг қадрсизланиши ва глобал миқёсда инфляция даражаси юқори бўлиши ҳам тадбиркорлар учун муайян қийинчилик келтириб чиқаради.

Очиқ мулоқот ушбу жиҳатлар атрофлича муҳокама қилиниб, галдаги устувор вазифаларни ҳал этишнинг аниқ таклифлари ўртага ташланди. Агар рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, очиқ мулоқот арафасида 2021 йилда 15 мингдан ортиқ, 2022 йилда 12 мингдан зиёд, жорий йилда эса 6 минг та мурожаат келиб тушган. Демак, муаммолар ечимини топган сари мурожаатлар сони ҳам камайиб бормоқда.

Кўрилган чора-тадбирлар ва муҳим қарорлар қабул қилиниши натижасида ўтган сўнгги бир йил давомида кичик тадбиркорлар сони 40 минг тага кўпайди ва уларнинг умумий сони 490 минг тани ташкил қиляпти. Ўрта тадбиркорлар сони эса 2 минг тага ошиб, ҳозирда уларнинг сони 10 минг тага етди. Йирик корхоналар сони ҳам ўтган қисқа даврда 400 тага кўпайди. Энди уларнинг умумий сони 1500 та бўлди.

Замонавий бозор иқтисодиёти шароитида йирик корхоналар сони камайиб, кичик корхоналар сони кескин ўсди. Чунки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари бозор иқтисодиёти талабларига тезда мослашиб, инновацияларни ўзлаштиришда илғор бўлиб бормоқда. Бозор динамикаси ва ўзгаришларига бу таҳлит мослашиш тадбиркорликнинг ривожланишига катта ҳисса қўшмоқда.

Сўнгги йилларда кичик бизнеснинг ўсиши мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида ҳам ўз аксини кўрсатаяпти. Шу боис, мамлакатимизда ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаяпти.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг маҳаллий эҳтиёжларни тўлиқ қоплаш ва маҳсулотларни экспорт қилишдаги аҳамияти ҳисобга олиниб, мазкур секторни ривожлантириш бўйича стратегия ва йўл хариталари ишлаб чиқилди ва изчил амалга оширилаяпти. Бу жараёнларнинг барчаси иқтисодиётни жадал ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлади.

Бугунги кунда мамлакатимизда иқтисодий-ижтимоий соҳани ислоҳ этиш, эркин тадбиркорлик фаолиятини қарор топтириш борасидаги ислоҳотлар мантиқий изчилликда амалга оширилиб келинаётир. Жумладан, тадбиркорликни ривожлантириш ва унинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш борасида барча зарур ташкилий ва ҳуқуқий механизмлар яратилди. Амалга оширилаётган ислоҳотлар ва чора-тадбирлар натижасида бизнес муҳити яхшиланиб, тадбиркорлик фаолияти иқтисодий тараққиётимизни таъминлашда муҳим аҳамият касб этаяпти.

Сўнгги олти йилда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ҳамда ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида жами 3 087 та ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан, 153 та қонун қабул қилинди. Қабул қилинган қонунлар, Президент фармонлари, қарорлари ҳамда Ҳукумат қарорлари асосида тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олишнинг хабардор қилиш тартиби жорий этилди, уларнинг молия-хўжалик фаолиятини фақат солиқ идоралари текшириши мумкинлиги ва тадбиркорларга нисбатан ҳар қандай санкциялар суд қарорига биноан қўлланилиши, ҳисобот тақдим этишнинг барча шакллари ва турлари, тадбиркорлар фаолиятига асоссиз аралашув ва текширишлар сони кескин қисқартирилди.

Хусусан, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинди. Тадбиркорлар фаолиятидаги текширувлар ўтказишга мораторийларни белгилаш амалиёти жорий этилди.

2018 йил 1 сентябрдан бошлаб, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган режали ва назорат тартибидаги текширувлар бекор қилинди ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятида қонунбузилиши ҳақидаги жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида ҳамда “хавфни таҳлил этиш” тизими асосида текширувларни ўтказиш тартиби белгиланди.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувларни ўтказишга қонунбузилишларга йўл қўйилишини олдини олиш бўйича профилактика тадбирлари белгиланган тартибда ўтказилгандан сўнг йўл қўйилиши белгиланиб, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 16 та назорат функциялари бекор қилинди.

Тадбиркорлик фаолиятининг ривожланишида ҳуқуқий асослар билан бирга, унинг молиявий қўллаб-қувватланиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мулоқот давомида маълум қилиндики, бири бизнес субъектлари лойиҳаларини молиялаштиришга 10 фоиз тадбиркор инвестиция киритса, қолган 90 фоизини янги ташкил этилган “Бизнесни ривожлантириш банки” ҳамда давлат томонидан молиявий ресурс йўналтирилади. Бу тадбиркорлар учун улкан рағбат бўлиб, ўз ташаббусларини амалга ошириш учун кенг майдон яратади.

Мамлакатимизда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни такомиллаштириш борасида изчил чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Бунинг натижасида давлат хизматларини кўрсатишнинг умумий муддати деярли 787 кундан 471 кунгача қисқартирилди, тадбиркорлик соҳасида 132 та лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бекор қилинди. Давлат хизматларидан экстерриториаллик тамойили бўйича фойдаланиш тартиби жорий этилди, давлат идоралари томонидан фуқаролар ва тадбиркорлардан жами 73 та ҳужжат ҳамда маълумотномаларни талаб қилиш амалиётига чек қўйилди.

Аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишини таъминлаш мақсадида 2017 йилда ҳар бир туман (шаҳар)да давлат хизматлари марказлари ташкил этилди. Мазкур тизимни ислоҳ қилиш натижасида мавжуд 750 дан ортиқ давлат хизматларидан 172 таси арказлар, 308 таси эса Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда “Лицензия” ахборот тизими орқали интерактив шаклда кўрсатилиши йўлга қўйилди.

Бугунги кунга қадар 207 та марказ ҳамда уларнинг 141 та филиаллари орқали жисмоний ва юридик шахсларга жами 32 млн. тадан ортиқ хизматлар кўрсатилди. Давлат хизматларини кўрсатишинг янги шакллари жорий қилиниши натижасида 17 та давлат хизматини композит тарзда кўрсатиш йўлга қўйилди. Марказлар орқали давлат хизматларини кўрсатишни жорий этиш натижасида 200 дан ортиқ тартиб-таомиллар қайта кўриб чиқилиб, соддалаштирилди.

Мазкур йўналишларда олиб борилган ишлар лицензиялаш ва рухсат бериш тизимини либераллаштириш ҳамда институционал ислоҳ қилишнинг янги босқичини бошлаш учун мустаҳкам асос яратди.

Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжат билан 50 та лицензиялар, 124 та рухсат бериш ҳужжатлари ҳамда 34 та хабарномаларнинг якуний рўйхатлари тасдиқланди.

Эндиликда унда назарда тутилмаган янги тартиб-таомиллар турларини жорий этиш тақиқланади. Яъни, амалга оширилиши учун лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат ва ваколатли органни хабардор қилиш талаб этиладиган фаолият турлари рўйхатлари қонун билан тасдиқланади ҳамда тегишли қонун қабул қилингандан сўнг ушбу рўйхатларга киритилмаган фаолият ёки ҳаракатни амалга ошириш учун жисмоний ва юридик шахслардан маъмурий тартиб-таомиллардан ўтишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомилларидан ўтиш қатъий тартибда “Лицензия” ахборот тизими орқали электрон тарзда амалга оширилади. Илк бор ваколатли органни хабардор этиш орқали фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ мутлақо янги механизм жорий этилди. Бунда жисмоний ва юридик шахслар хабарнома юбориш орқали хабардор қилиш тартиби жорий этилган фаолият ёки ҳаракатни амалга ошириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган талаб ва шартларга мувофиқ эканликларини тасдиқлайди.

Автоматлаштирилган электрон тизим орқали қонун ҳужжатларида белгиланган талаб ва шартларга мувофиқлиги ҳужжатларни тақдим этиш жараёнида устувор равишда инсон аралашувисиз текширувдан ўтказилади. Хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият жумласига фаолиятни бошлаш ёки ҳаракатни амалга ошириш учун ваколатли орган томонидан қарор қабул қилиниши талаб этилмайдиган, бироқ давлат томонидан тартибга солиниши ҳамда тегишли фаолият билан шуғулланаётган субъектларнинг ҳисобини юритишни таъминлаш учун қонун ҳужжатларида белгиланган талаб ва шартларга риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олиш орқали амалга ошириладиган фаолият турлари киради.

Тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият берилиб, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан тадбиркорлик субъектларининг 46 мингдан зиёд лойиҳаларига 15 триллион сўмдан ортиқ миқдорда молиявий ёрдам кўрсатилди. Тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, солиқ тизими тубдан ислоҳ қилинди, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилди, тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширишлар бекор бўлди.

Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ қарзлар ҳисобдан чиқариш “солиқ амнистияси” амалиёти қўлланилди. Коронавирус пандемияси даврида туризм, транспорт, фармацевтика ва тўқимачилик саноати каби тармоқларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Мисол учун туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш, ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш тўхтатилди.

Молиявий қийинчиликларга дуч келган тадбиркорларнинг кредитлари бўйича тўловларга кечиктириш тақдим этилди, муддати ўтиб кетган кредитларига гаров таъминоти бўйича жарима санкциялари ва ундирув чоралари қўлланилмади. Кичик тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш корхоналари, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилинди.

Микрофирма ва кичик корхоналарга ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача камайтирилди, туроператорлар, турагентлар, шунингдек жойлаштириш воситалари учун фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилди.

Тадбиркорлик субъектларига нисбатан асбоб-ускуналар ва бутловчи буюмлар етказиб бериш бўйича импорт шартномалари юзасидан муддати ўтган дебитор қарздорлик учун, агарда мазкур буюмларни етказиб бериш муддати уларнинг техник хусусиятлари ва ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда 180 кундан ортиқ бўлса, молиявий жазо чоралари қўлланилмаслиги белгиланди.

Тадбиркорлик фаолиятининг чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, узумчилик озиқ-овқат ва доривор ўсимликлари йўналишларини ривожлантириш учун қўшимча имтиёз ва преференциялар берилди. Жумладан, фаолият тури паррандачилик бўлган тадбиркорлик субъектлари ва доривор ўсимликлар ишлаб чиқарувчилар учун фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ер солиғи учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланилиши белгиланди. Чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, узумчилик, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари ва касаначиликни ривожлантиришнинг субсидиялаш тартиби йўлга қўйилди.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида фуқароларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ жами 565 млрд сўмлик қарзлари ҳисобдан чиқарилиб, 19 435 нафар шахснинг тадбиркорлик фаолияти тикланди. Пандемия даврида тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари кучайтирилиб, уларга 86 трлн сўм кредит, 33 трлн сўмлик имтиёзлар ва бошқа турдаги кўмаклар кўрсатилди. Мазкур чоралар натижасида пандемиядан зарар кўрган 100 мингдан зиёд корхона ўз фаолиятини тиклаб олди.

Бу каби вазиятларда зудлик билан ва пухта ўйланган қарорларнинг қабул қилиниши катта аҳамият касб этганини алоҳида қайд этиш зарур. Аниқ ижтимоий, иқтисодий ва молиявий натижаларга эришишни таъминлаши зарурати боис 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга вақтинчалик имтиёзларнинг берилиши тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришда муҳим омил бўлди.

Шу билан бирга, индивидуал имтиёзлар, алоҳида ҳолларда, хусусий сектор инвестиция киритишдан манфаатдор бўлмаган тармоқларда ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун аниқ ижтимоий ёки иқтисодий асослар мавжуд бўлганда имтиёзлар берилди. Имтиёзлар беришга, божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўллаган ҳолда Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган товарлар рўйхатларини тасдиқлашга доир ҳукумат ва идоравий қарорларни қабул қилиш тақиқланди.

Ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритиш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Янгиланган Бош қомусимизда ҳам мулк ҳуқуқини ҳимоялашга қаратилган ҳаётий нормалар ўрин олди.

2018 йилдан бошлаб тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини электрон аукцион орқали сотиб олиш тартиби жорий қилиниб, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида фақат муайян ҳолатларда тўғридан-тўғри ер ажратиш ваколати қолдирилган. Бунда, ер участкаларини аукционга чиқаришнинг мақсадга мувофиқлиги масаласида масъул идоралар билан келишиш жараёни ҳам тўлиқ “Yerlektron” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди.

2021 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб эса барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган шароитни жорий этиш мақсадида, ҳокимларнинг тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкасини ажратиш бўйича ваколатлари тўлиқ бекор қилиниб, барча ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш масаласи фақатгина электрон аукцион орқали амалга ошириш тартиби жорий этилди.

2022 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзига ажратилган ер участкаларни хусусийлаштириш ҳуқуқи берилди, шунингдек, ер участкаларига нисбатан мулк ҳуқуқини электрон аукцион орқали сотиб олиш имконияти тақдим этилди.

Тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий фаоллиги ошиши, солиқ маъмурчилигида янги инструментларнинг жорий этилиши ва хуфиёна иқтисодиётга қарши курашиш натижасида 2021 йилда солиқ турлари бўйича ҳам сезиларли равишда ўсиш кузатилиб, 2020 йилга нисбатан фойда, қўшилган қиймат солиғи солиқ тушумлари 1,3 бараварга, норуда қазилмалардан солиқ ва сув солиғи тушумлари 1,4 бараварга, ер солиғи 1,7 бараварга ўсди.

Яширин иш ўринларини легаллаштиришга қаратилган тадбирлар натижаси билан даромад солиғи тўловчи жисмоний шахслар сони 502 мингтага ошди ҳамда ўзини ўзи иш билан банд қилиш тизим орқали рўйхатга олинганлар сони 1,2 млн. тани ташкил этди.

Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида 6,5 минг хотин-қизларга давлат мақсадли жамғармаси томонидан 100 млрд  341 млн сўм кредит ресурс маблағлари ажратилди. Шу билан бир қаторда, 2021 йилнинг ўзида “Аёллар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида йил давомида 96 873 нафар хотин-қизларга 1 трлн 197 млрд сўм кредит берилди. Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида 6,5 минг хотин-қизга Давлат мақсадли жамғармаси томонидан 100 миллиард 341 миллион сўм миқдорида кредит тақдим этилди.

2022 йил якунлари бўйича эса, 90 мингта юридик ва 96 мингта якка тартибдаги тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди. Тижорат банклари томонидан ҳудудлардаги 54,9 мингдан зиёд хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорларга 41,9 трлн сўм кредит маблағлари ажратилди.

Тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш ва доимий даромад манбаларини шакллантириш учун шароитлар яратиш, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80 фоизга ва экспортдаги улушини 60 фоизга етказиш чоралари кўрилди.

2022 йилдаги “очиқ мулоқот”да белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш орқали бандлигини таъминлаш орқали 121 минг 731 нафар ёшларга 2 трлн 894 млрд сўм кредит ажратилди.

Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган 103 мингдан зиёд хотин-қизлар тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиб, улар томонидан 200 951 та янги иш ўринлари яратилди. Шунингдек, 233 минг нафардан зиёд хотин-қизларга оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида жами 4,7 трлн сўм имтиёзли кредитлар ажратилди.

Умуман олганда, тадбиркорликни, айниқса кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, уларнинг фаолиятида келиб чиқаётган муаммо ва тўсиқларни бартараф этиш бўйича комплекс чоралар кўрилмоқда. Натижада бир йилнинг ўзида бизнес учун мўлжалланган 55 мингдан ортиқ бинолар барпо этилди, пул айланмасини 1 миллион доллардан оширган тадбиркорлар сони 5 мингтага кўпайиб, 26 мингтани ташкил этди, экспорт қилувчи корхоналар сони 7,5 мингтага етиб, жами экспорт ҳажми 30 фоиз кўпайди.

2023 йил 12 июнь куни Президентимизнинг “Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Мазкур ҳуқуқий ҳужжатга асосан, “20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис” дастури амалга оширилади. 2023-2024 йилларда дастурни амалга ошириш учун жами 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилади. Бунда дастурга киритилган тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини молиялаштириш учун 2023 йилда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан тижорат банкларига 100 миллион АҚШ доллари эквивалентида кредит линияси очилади.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан 1 триллион сўм йўналтирилади. Халқаро молия ташкилотларидан 200 миллион АҚШ доллари миқдорида кредитлар жалб қилинади. Кредит линияси маблағлари тижорат банкларига 10 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан 10 фоиз ставкада берилади.

Мазкур жараёнда қатор имтиёз ва преференциялар қўлланилади. Жумладан, тадбиркорлар томонидан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқаролар ишга қабул қилинганда 2025 йил 1 январгача, тадбиркорлар ушбу фуқароларга камида бир йил давомида ҳар ой меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 баравари даражасидан кам бўлмаган иш ҳақи тўлаб, бандлигини таъминлаган ва улар жами ишчилар сонининг камида 20 фоизини ташкил этганда, мол-мулк ва ер солиқларидан имтиёз берилади.

Шунингдек, фуқаролар ишга қабул қилинганда ҳамда ҳар бир ой учун иш ҳақи миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам даражасининг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланганда, ойлик иш ҳақи бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи республика бюджетидан иш берувчига (ҳар бир ишчи учун БҲМнинг 2 бараваригача) қайтариб берилади ҳамда уларга ижтимоий солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилган ҳолда қўлланилади. Тадбиркорларга айрим турдаги солиқлар ҳамда божхона тўловларини таъминотсиз ва фоизсиз бир йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади. Бундан ташқари, тадбиркорлар давлат мулки бўлган кўчмас мулк объектлари ва ерга бўлган ҳуқуқларни аукцион орқали сотиб олганида, тўловларни 5 йилгача бўлиб-бўлиб тўлашлари мумкин бўлади.

Шу ўринда солиқ ва божхона маъмуриятчилигини соддалаштириш борасида белгиланган устувор вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратиб ўтиш лозим. Белгилаб қўйилдики, қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш), шунингдек, барча солиқ турлари бўйича мавжуд ортиқча тўлов суммасини қайтариш бир кун муддатда тезлаштирилган тартибда амалга оширилади. Шу билан бирга, товарлар импортида ва товарлар ёки хизматлар реализациясида тўланадиган қўшилган қиймат солиғи суммаларини божхона ва солиқ органларининг ҳисоб тизимларида ўзаро ҳисобга олиш имконияти берилади. Энг эътиборлиси, божхона назоратини амалга оширишда “яшил йўлак” қоидалари амал қилади.

Кўрилаётган ушбу чора-тадбирлар ҳудудларнинг йўл-транспорт, электр, алоқа ва туризм инфратузилмасини яхшилаш ҳамда кичик ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш, маҳаллаларни саноатлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш ва ривожлантиришга хизмат қилиши билан бирга, аҳолининг бандлиги ҳамда доимий даромад манбаига эга бўлишида ҳам муҳим омилдир. Бу занжирнинг бир бутун бўлиши иқтисодий ўсишни таъминлайди. Иқтисодий ўсиш, ўз навбатида, фаровонлик олиб келади.

Хулоса қилиб айтганда, ҳамжиҳатликда амалга оширилаётган ислоҳотлар мавжуд қийинчиликларга қарамай ўз самарасини бериб келаяпти. Кичик ва ўрта бизнес, хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши янги иш ўринларини ташкил қилиш, фуқароларнинг даромадлари ва фаровон яшашини таъминлашга алоҳида ҳисса қўшмоқда. Мазкур жараёнларнинг муваффақияти ва юқори самарали бўлишида белгилаб берилган ислоҳотлар стратегиясининг аниқ ва изчил амалга оширилганлиги мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

 Нодир ЖУМАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    421
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+