Мустақиллик — барча ютуқларимиз асоси

28.08.2023, 14:25

Мустақиллик — барча ютуқларимиз асоси

Бу йил мамлакатимиз ҳаёти ва тақдирида туб бурилиш ясаган, том маънодаги буюк, оламшумул воқеа — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллиги эълон қилинганига 32 йил тўлади. Бу тарих учун кўп муддат эмас, лекин ўтган даврнинг ҳар дақиқаси бунёдкорлик, янгиланиш, дунёга чиқиш мақсади билан чуқур мазмун ва моҳият касб этди.

Мустақиллик эл-юртимиз учун жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаб, ҳаётнинг турли соҳа ва тармоқларида кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратиб, барча ютуқ ва марраларимизнинг асосий манбаи бўлиб келмоқда.

Истиқлол туфайли халқимизнинг асрий орзулари рўёбга чиқди, миллатнинг ғурури, ор-номуси, шаъни тикланди. Айниқса, сўнгги олти-етти йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизнинг бутун дунёга очилиши учун барча шароитларни яратмоқда.

Ўтган қисқа даврда барча соҳаларда бўлгани каби таълим соҳасида  ҳам катта ўзгаришлар, янгиланишлар бўлди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки илм-фан, таълим ривожисиз ҳаётда юксалиш бўлмайди. Ҳозир дунё мамлакатларининг аксарияти асосий эътиборни илм-фанни ривожлантиришга, илм-фан орқали ишлаб чиқаришни, саноатни ва бошқа тармоқларни юксалтиришга қаратаётгани сабаби ҳам шунда.

Шу жиҳатдан, кейинги йилларда Ўзбекистонда таълим, илм-фан соҳасини ривожлантириш давлат сиёсатида устувор дажаражага кўтарилди. Ўтган олти-етти йилда мамлакатимизда ушбу соҳани ривожлантириш учун кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар — қонунлар, қарорлар, фармонлар, фармойишлар, дастурлар қабул қилинди.

Ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, таълим тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш бўйича улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Биринчи навбатда, ўқитувчилар мажбурий меҳнатдан – пахта терими, ободонлаштириш ишларига жалб этилишдан холос қилинди. Таълим даргоҳларидаги ортиқча қоғозбозликка чек қўйилди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам таълим тизимини, илм-фан соҳасини янада ривожлантириш учун, ўқитувчилар мақомини, нуфузини ошириш учун алоҳида моддалар киритилди. Соҳани ривожлантириш учун яратилган ҳуқуқий асослар ҳаётда қисқа вақт ичида амалий натижаларини бера бошлади.

Юксак салоҳиятли ўқувчиларни тайёрлаш маънавий бой ва интеллектуал ривожланган авлодни шакллантириш мақсадида Президент мактаблари, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди. Ҳозир бундай мактаблар республикамизнинг барча вилоятларида фаолият олиб бормоқда. Бу мактаблар маълум фанлар бўйича ихтисослашган.

Ҳар бир синфда 15-20 та ўқувчи таълим олади. Уларда ўқиш дунёнинг юздан ортиқ мамлакатларида эътироф этилган “А — Lеvel” таълим дастури асосида, фанлар чуқур ўзлаштириладиган тарзда ўқитилади. Таълим хорижий ва ўзбек тилида олиб борилади. Бу эса ушбу мактабларда таълим олаётган ёшларнинг дунёнинг нуфузли олийгоҳларига кириб ўқишлари учун имконият яратади.

Мустақиллик йилларида, хусусан, охирги йилларда умумтаълим фанлари бўйича тегишли даражадаги сертификатга эга педагог кадрларга ҳар ой қўшимча 20 фоиздан 50 фоизгача устама тўлаш, ўқитувчиларга имтиёзли истеъмол кредитларини бериш, олис ҳудудларга бориб ишлаётган юқори малакали педагоглар учун устамалар белгилаш жорий этилди. Буларнинг барчаси муаллим шахсига кўрсатилган юксак эътибор ва эъзоз намунаси, эмасми?

Таълим соҳасидаги янгиланишларнинг асосий қисмини олий таълим тизимидаги ислоҳотлар ташкил этади. Истиқлол йиллари айниқса, кейинги етти йилда олим таълимда бу соҳа катта ўзгаришарга юз тутди. Эътибор беринг, бир пайтлар республикамизда 40 дан ортиқ олий таълим муассасалари бўлган бўлса, ҳозирги кунга келиб уларнинг сони 200 тага етди.

Мамлакатимизнинг нафақат йирик шаҳарларида, балки олис ҳудудларида ҳам олий ўқув юртлари очилиб, ёшларнинг таълим олишлари йўлга қўйилди. Олий таълим тизимида ўқув муассасаларининг кўпайиши, хорижий олий ўқув юртлари билан ҳамкорликнинг кучайиши мамлакатимизда кўпдан бери юзага келган яна бир муаммони ҳал қилиш имконини берди.

Давлатимиз раҳбари олий ўқув юртларини ҳам, улардаги таълим ўринларини ҳам кўпайтиришга эътибор қаратди. Мамлакатимизда ёшларнинг олий таълим олишига катта шароитлар яратиб берилётгани туфайли олий таълим муассасалари сони 2,5 баробарга ортди. Бу орқали ёшларни олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга оширилди.

Аҳамиятлиси, кейинги йилларда олий таълим тизимига нодавлат ва хусусий секторнинг, шунингдек, кўплаб хорижий олий ўқув юртлари ва филиалларининг кириб келиши ижобий ҳолат бўлди. Бир жиҳатдан олий таълимнинг қамрови кенгайса, иккинчидан, давлат ва нодавлат таълим муассасалари ўртасида ижобий маънодаги ўзаро рақобатни таъминлайди, тизимда бозор қонунлари ишлай бошлайди.

Таълим ва илм-фан соҳасида ўтган 7 йилда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида жиддий ўзгаришлар, янгиланишлар юзага келди. Қисқа вақт ичида мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, олий ўқув юртлари сони бир неча баробарга кўпайди. Буларнинг барчасига мустақиллик шарофати ҳамда давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтган даврда олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли эришяпмиз, десак муболаға бўлмайди.

Таълим соҳасига бу даражада катта эътибор қаратилаётгани,  таълим тизимини комплекс ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш мақсадларига катта куч ва маблағлар йўналтирилаётгани бежиз эмас. Зеро, юртимизни тараққиётнинг янги босқичига олиб чиқиш, барча куч-ғайратни бирлаштириш ва фидокорона меҳнат қилиш орқали Янги Ўзбекистонни, пировардида, Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этиш мумкин. Жамиятда олий маълумотга эга, юксак малакали мутахассислар қанча кўп бўлса, ривожланиш шунча тез ва самарали бўлади.

Президентимизнинг шу йил 27 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарорига асосан, бу йилги ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган шиор асосида кутиб олиниши қалбимизда фахр ва ифтихор  тўйғуларини жўш урдирди. Зеро, бунинг замирида мустақилликнинг нақадар улуғ неъмат эканлиги, шу улуғ ва муқаддас Ватанда ўтаётган тинч-осуда ҳаётимиз, фаровон турмушимизнинг қадрига етишдек улуғ ғоя ва мақсад мужассам.

Шу кунларда бутун халқимиз давлатимиз мустақиллигининг 32 йиллигини кенг нишонлашга катта тараддуд кўраётган бир пайтда барча соҳада амалга оширилаётган хақчил ислоҳотларни кўриб, қалбимиздан бир тилак ўтади: ҳар лаҳзада янгиланиб, кўркамлашиб бораётган Ўзбекистон манфаати йўлида меҳнат қилишдан асло толмайлик. Ҳамиша Ватанимиз хизматига камарбаста бўлайлик!

 Ғайрат АБДИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    347
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+