Эпидемиологик осойишталик корхона ва ташкилотларнинг янада барқарор ишлашини таъминлайди

30.08.2023, 11:04

Эпидемиологик осойишталик корхона ва ташкилотларнинг янада барқарор ишлашини таъминлайди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг эпидемиологик осойишталигини таъминлаш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, эпидемия ва пандемиялар саломатликка путур етказибгина қолмай, жиддий иқтисодий оқибатларни ҳам юзага келтириши мумкин. Корхоналарнинг ёпилиши, халқаро савдонинг чекланиши, иш ўринлари йўқолиши ва иқтисодий ўсишнинг пасайиши шулар жумласидандир.

Эпидемиологик осойишталигини таъминлашдан асосий мақсад – юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш ва камайтириш орқали аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш ҳамда уларда жиддий оқибатларнинг олдини олишдир. Бунда инфекцияланган беморларни тезда аниқлаш, изоляция қилиш ва даволаш мумкин. Натижада касаллик тарқалиш ва эпидемиялар пайдо бўлиш эҳтимоли камаяди. Ўз-ўзидан юқоридаги қатор муаммоларнинг олди олинади.

Кези келганида айтиш жоизки, аҳолининг, ҳусусан ёш болалар орасида ўтказилган профилактик, эпидемияга қарши ҳамда мақсадли эмлаш тадбирлари натижасида кўплаб хасталиклар динамикаси пасайишига эришилди. Айрим касалликлар тугатилди.

Эътибор беринг, 2022 йилда болаларни юқумли касалликларга қарши эмлашга ажратилган маблағлар 205 млрд. сўмни ташкил этди ва қамров 98 фоизга етказилди. Бу маблағлар 2017 йилга нисбатан 10 баробар ортиқ эканини билдиради.

Охирги 5 йил давомида эмлаш календарига 4 турдаги янги вакцина киритилди. Қарабсизки, ўтган йил якунига келиб бруцеллёз 2017 йилга нисбатан 36 фоизга, вирусли гепатитнинг “В” тури 2 баробарга, “С” тури 2,3 маротабага, ОИВ инфекцияси 29 фоизга, ўткир юқумли ичак касалликлари 15 фоизга камайди.

Бутун дунёни ларзага солиб, инсониятда катта қўрқув уйғотган коронавирус пандемияси даврида бу ишларга янада жадаллашди. Тождор вирусга қарши профилактик эмлаш ишларини ташкил этиш мақсадида жами 75,9 млн доза вакцина ҳозирланди. Улардан 48,4 млн дозаси четдан олиб келинди, қолгани республикамизда ишлаб чиқарилди. 73,8 млн. доза вакцина ишлатилиб, тўлиқ босқичларда эмланганлар улуши 82,7 фоизни ташкил қилди.

Оролбўйи минтақасида, хусусан, Қорақолпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида яшовчи болаларда микронутриент етишмовчиликнинг олдини олиш борасидаги хайрли ишларни ҳам эътироф этиш ўринли. Шу мақсадда 2021-2022 йилларда мазкур ҳудуд кичкинтойларига  68 984 ўрам мультивитамин озуқа қўшимчалари тарқатилди.

Ислоҳотларнинг давоми ўлароқ давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори воситаларининг ҳажми ҳам тасдиқланди. Кафолатланган пакетга 120 турдаги дори воситалари, тиббий буюмлар ва сарфлов материаллари ҳамда барча бўғиндаги тиббиёт муассасаларида бепул кўрсатиладиган тиббий хизмат турлари киритилди.

Айниқса, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 4 июлдаги “Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Зеро, ҳар бир соҳа ривожи кадрларининг илми ва малакасига боғлиқ.

Мазкур қарорга мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳузурида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази ташкил этилади.

2023 йилнинг 1 сентябрдан фаолиятини бошлайдиган ушбу марказ бир қатор вазифаларни ўз ичига олади. Жумладан, жамоат саломатлиги ва касалликлар профилактикаси ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигига оид фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотларни амалга оширади. Соҳа мутахассисларини қайта тайёрлайди ва уларнинг малакасини оширади. Инновацион технологиялар ҳамда илғор хорижий тажрибани жорий этишга мўлжалланган ўқув режаси ва дастурлари, халқаро эътироф этилган ташкилотларда аккредитациядан ўтган ўқув дастурлари асосида қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг ўқув-методик ҳужжатларини ишлаб чиқади. Етакчи профессор-ўқитувчилар, тажрибали амалиётчи мутахассисларни таклиф этган ҳолда, инновацион технологияларга асосланган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ташкил этади.

Чет эл олий таълим ташкилотларининг профессор-ўқитувчилари ва соҳа мутахассисларини  жараёнга жалб этади. Бундан ташқари, тўлов-контракт асосида турли соҳа ходимларининг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари бўйича малакасини оширади. Соҳада фавқулодда ҳолатларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича машқ ва машғулотлар, анжуман, кўргазма ва бошқа тадбирларни ўтказади.  

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, нафақат,  касаллик тарқалишини камайтириб, унинг иқтисодиётга таъсирини минималлаштиради, қолаверса, корхона ва ташкилотларнинг янада барқарор ва самарали ишлашини таъминлашга ёрдам беради.

Дилбар Усмонова
 
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
 
O'zLiDeP фракцияси аъзоси 
 
  • Кўрилди
    257
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+