Депутатлик эшитуви: Қашқадарёда таълим соҳасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисобот берилди

30.08.2023, 16:12

Депутатлик эшитуви: Қашқадарёда таълим соҳасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисобот берилди

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи йиғилишида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Қашқадарё вилоят бошқармаси бошлиғи Олимжон Мавлоновнинг ҳисоботи тингланди.

- Замонавий билимларни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, доимо эл юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган ёшларгина  давр олдимизга қўяётган вазифаларни хал эта оладилар,- дейди бошқарма бошлиғи Олимжон Мавлонов. -  Воҳамиздаги барча ёшларнинг ташаббус ва иқтидорларини намоён этишлари учун қулай шарт-шароит яратиш, инновацион лойиҳаларини ишлаб чиқаришга кенг жалб этиш, маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар билан ўзаро мулоқот майдонини яратиш, жамиятда ўзларининг муносиб ўринларини топишлари учун ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш Янги Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан ҳисобланади.

-Ҳисоботда таъкидланишича, воҳада 6та давлат, 6 та нодавлат олий таълим муассасалари мавжуд бўлиб, 2022/2023 ўқув йили давомида жами 68 424 нафар талабалар таҳсил олмоқда. Бу йил Давлат олий таълим муассасаларини жорий йилда жами 9 931 нафар талабалар тамомлади. Уларнинг 7542 нафари иш билан таъминланди. Мамлакатимиз бўйлаб энергия ресурсларини тежаш, муқобил, яшил энергия манбаларига ўтиш мақсадида вилоятдаги барча давлат ОТМда қуёш панелларини ўрнатиш бўйича ҳам самарали ишлар амалга оширилди. 6 та давлат олий таълим муассасалари томонидан қиймати  18,4 млрд. сўмлик жами 1 734 кВтлик қуёш панеллари ўрнатилди.  

 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб 14 нафар билимдон ва жамоа ишларида фаол талабаларга  “Вилоят ҳокими стипендияси” жорий тўланади. Жорий йил вилоятдан 105 277 нафар  абитуриентдан 20 759 нафари талабаликка тавсия этилган бўлиб, шундан 4 345 нафари грант ва 16 414 нафари шартнома асосида ўқишга қабул қилинди. Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Туркиянинг Эгей университети билан Қарши муҳандислик-иқтисодиёти институти ҳамкорликда “Текстил муҳандислиги факультети” ва Қарши давлат университети билан “Туризм факултети” очиш бўйича келишувга эришилди. Олий таълим муассасаларининг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати бўйича бошқарма томонидан кунлик назорат тизими йўлга қўйилган.

Ҳозирда давлат олий таълим муассасалари ҳузурида фойдаланишга тайёр жами 5 113 ўринли 20 та талабалар турар жойлари мавжуд.  Вилоятдаги олий таълим муассасаларида талабалар турар жойига бўлган талаб 8 320 тани ташкил этиб, ҳозирда қамров даражаси 5 113 тани ёки 61 фоизга бажарилган. Жорий йил сентябрь ойида ТАТУ Қарши филиалида қиймати 21,4 млрд.сўмлик 540 ўринли ётоқхона фойдаланишга топширилади.

 Вилоятда 5 та академик лицей ва 60та профессионал таълим муассасалари (33 та касб-ҳунар мактаблари, 13та коллеж ва 14та техникум) фаолият кўрсатиб келмоқда. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси билан ҳамкорликда 25 та профессионал таълим муассасаларида 14 та мутахассислик бўйича 2 517 нафар вақтинча ишсизлар, шумладан аёллар қисқа муддатли ўқув курсларга ўқитилди.

 2022-2023 ўқув йилида вилоятдаги профессионал таълим муассасаларининг 17 479 нафар битирувчиларидан 6 665 нафарининг бандлиги таъминланди. Германиянинг “EURO BUSINESS SCHOOL” компанияси директори Йах Карл-Хайнц вилоят ҳокимининг олий ва професионал таълим муассасаларига хорижий мутахассисларни жалб қилиш ва ҳамкорликни амалга ошириш бўйича маслаҳатчи лавозимига тайинланди.

Йиғилишда вилоят кенгаши депутатларидан Алишер Бойқараев, Исмигул Хушмуродова, Исломиддин Аброров,  ва бошқалар сўзга чиқиб, таълим сифатини оширишда хориж тажрибасидан  фойдаланиш, ёшларни ижтимоий, маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини тўлақонли рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига қулай шароит яратиш орқали уларни юрт тақдири ва келажагини ҳал қилувчи катта кучга айлантириш борасидаги вазифалар ҳақида сўзладилар.

Шунингдек, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг ҳам ҳисоботи тингланди. Депутатлар томонидан билдирилган мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилиб, уларни депутатлик назоратига олиш ва партиявий воситалар билан бартараф этиш чора тадбирлари белгилаб олинди.

  • Кўрилди
    285
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+