“Ўзбекистон - 2030” стратегияси: Таълим тизимида сифат ва самарадорликка эришиш - давр талаби

15.09.2023, 17:31

 “Ўзбекистон - 2030” стратегияси: Таълим тизимида сифат ва самарадорликка эришиш - давр талаби

5 та устувор йўналиш бўйича 100 та муҳим мақсадни ўз ичига қамраб олган “Ўзбекистон-2030” стратегиясида биринчи навбатда Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция ҳисобланган таълимни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Ушбу муҳим ҳужжатда мактабгача, умумий ўрта, профессионал ва олий таълим муассасаларини янада ривожлантириш, айниқса барча йўналишларда инновацион фаолиятни кенг жорий этиш, илмий тадқиқотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган мақсад-вазифалар ҳамда уларнинг амалдаги ижросини таъминлаш муҳим вазифа сифатида белгилаб қўйилган. Ушбу тизимдаги ислоҳотлар билан танишар эканмиз, жумладан умумтаълим мактаблари фаолиятида ҳам 2030 йилгача рўй берадиган ўзгариш ва янгиланишлар замирида мамлакатимиз тараққиётининг шундан кейинги босқичларида фаолият юритадиган етук, салоҳиятли ёш авлодни тарбиялашга қаратилган долзарб вазифалар белгиланганлигига амин бўламиз.

Вилоятимиз таълим тизими хусусида сўз борар экан энг аввало, умумтаълим мактабларининг кейинги пайтдаги самарали фаолияти хусусида тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ эканлигини ҳис этамиз.

Вилоятда бугунги кунда 547 та давлат умумтаълим мактаби, 21 та хусусий мактаблар фаолият кўрсатмоқда. Кейинги 1 йилда улардаги олий тоифали педагоглар сони 2940 нафардан 4763 тага, 1-тоифали ўқитувчилар сони эса 7112 тадан 7800 тага етган. Таълим-тарбия жараёнини янада яхшилаш мақсадида Япония, Россия, АҚШ сингари хорижий давлатлардан 51 нафар малакали педагоглар бухоролик ўқувчи-ёшларга сифатли дарс бера бошлашди. Биргина 2023-2024-ўқув йилида хорижлик 10 нафар юқори малакали педагоглар чет тилларни ўргатиш бўйича вилоят умумтаълим мактабларига жалб этилди. Мақсад - ҳар битта ўқувчини мактаб партасидаёқ камида 2 та чет тилини ўрганишига эришишдан иборат. Бухоролик иқтидорли ўқувчи ёшлардан  500 нафарининг хориждаги бир қатор олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинганлиги бу борадаги таълим сифатининг яхшиланганлигидан далолат беради. Бу йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида кейинги 7 йилда мамлакатимизда “Ўзбекистон-2030” стратегиясига мувофиқ таълим ташкилотларига ҳар йили 500 нафар тил эгалари бўлган хорижий мутахассисларни жалб этиш кўзда тутилган. Вилоятимиздаги иқтидорли ўқувчи-ёшларнинг республика ва фан олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этаётганлиги, жумладан, республика олимпиадаларида уларнинг 8 нафари совриндор бўлгани, халқаро олимпиадаларда эса 7 та кумуш ҳамда 12 бронза медалларини қўлга киритганликлари умумтаълим мактабларида таълим-тарбия сифат кўрсаткичлари давр талаблари даражасида эканлигидан дарак беради.

“Ўзбекистон-2030” стратегиясида олий таълим билан қамровни кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор берилган. Вилоятда ҳам ушбу йўналишдаги ишларни кейинги 7 йилда босқичма-босқич давом эттириш назарда тутилган. Бу борада Бухоро давлат университети  асосий ўрин эгаллаб турганлигини қуйидаги рақам ва далиллардан билиб олса бўлади. Бугунги кунда бу ерда 22535 нафар талаба таҳсил олмоқда. 847 нафар профессор-ўқитувчилар уларга юқори сифатли таълим бериб келмоқда. Университетда 10 та кафедра иш олиб боряпти. Бир қатор хорижий давлатлардаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик меморандумарининг тузилганлиги таълим тизимида сифат ва самарадорликка эришиш, ўзаро тажриба алмашиш имконини беряпти. Хусусан, АҚШ, Корея, Япония, Россия, Малайзия, Италия, Испания, Латвия, Португалия, Белоруссия, Болгария, Ҳиндистон, Туркия, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа хориж мамлакатлари ўртасидаги олий ўқув юртлари билан тузилган ўзаро манфаатли шартномалар қўшма таълим дастурлари асосида “икки дипломли тизим” ни жорий этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Университетда шунингдек, илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш ва илмий салоҳиятни юксалтиришга ҳам эътибор қаратилмоқда.  

Мухтасар қилиб айтганда, “Ўзбекистон - 2030” стратегиясида белгиланган барча мақсад ва чора-тадбирларнинг ҳар бирини ўз вақтида ва самарали бажарилишига ҳамда ҳаётимизда кенг тадбиқ этилишига барчамиз, шу жумладан, O’zLiDePнинг фаол аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва зиёли қатлам вакиллари бирдек масъулмиз.

Стратегияда илгари сурилган долзарб вазифалар ва уларнинг ижроси ҳар биримизни қайси соҳада фаолият олиб боришимиздан қатъий назар жамиятимиз, хусусан, мамлакатимиз таълим тизими ривожига унинг шундан кейинги истиқболли вазифалари ижросини таъминлашга самарали таъсир кўрсатишга дават этади.

Обиджон Хамидов,

O’zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши раиси,

 халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    835
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+