Янги Ўзбекистонни илм-маърифат билан қурамиз

21.09.2023, 10:26

Янги Ўзбекистонни илм-маърифат билан қурамиз

“Ўзбекистон - 2030” стратегиясида белгиланган бешта ғоя ва уни амалга оширишга қаратилган юзта мақсад билан танишиб чиқарканман, кейинги етти йилнинг ичида мамлакатимиз ижтимоий, иқтисодий ҳаётида, халқимиз турмуш даражасини янада яхшилашда қандай юксак марралар кўзланганлигини тасаввур этдим.

Бу муҳим ҳужжатда  ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш биринчи устувор вазифа этиб белгиланган. Бу бежиз эмас, албатта, Президентимиз Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг XI  съездидаги нутқида ҳам донишмандларнинг “Ҳар қайси инсоннинг қалбида бир қуёш бор, фақат унга нур сочиш имконинин бериш керак” деган сўзларини таъкидладилар.

Чиндан ҳам инсондаги ақл-заковат, истеъдод ва қобилият қуёш каби нур сочиб, унинг йўлини ёритса, бунинг учун имконият яратилса, жамиятда ўсиш, ўзгариш ва равнақ бўлади. Халқаро экспертлар билан бирга ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугун ҳаётимиздаги мавжуд шароитлар болаларимизга фақат олтмиш фоиз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун имкон бераркан.

Бизнинг аждодларимиз икккита Ренессанс даврини бошдан кечирганлар. Биринчи Ренессанс даврида юртимиздан Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу али ибн Сино каби қомусий олимлар етишиб чиққанлар ва ўз илмий кашфиётлари билан  дунё тамаддунига салмоқли ҳисса қўшганлар. Иккинчи Ренессанс даврида эса шоҳ ва олим Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Қозизода Румий, улуғ шоир ва мутафаккирлар Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобурлар билим ва салоҳиятлари билан Турон замин довруғини оламга ёйганлар.

Демак, биз ана шундай буюк истеъдодларни берган миллатнинг фарзандлари эканмиз, бугун ҳам яна шундай буюк кашфиётлар яратишга қодир авлодмиз, дейишга тўла асосимиз бор.

Шу маънода 2030 йилгача мўлжалланган тараққиёт стратегиясида ҳам ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини, қобилиятини юзага чиқариш учун шароитлар яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги ғоят аҳамиятлидир..

Кейинги йилларда болаларни боғчаларга қамраб олиш 23 фоиздан 70 фоизга кўтарилган бўлса, 2030 йилгача бу кўрсаткични юз фоизга етказиш вазифа қилиб белгиланмоқда. Бундан ташқари ҳар бир мактабгача таълим муассасасида компьютер синф хоналари ташкил этилади. Яъни болалар мактабга ахборот коммуникация технологиясидан фойдаланиш кўникмасига эга бўлган ҳолда қадам қўяди.

Шу ўринда эслаш жоиз, яқин йилларгача ҳам ўқитувчилар ва ўқувчиларни мажбурий меҳнатга, жумладан, пахта йиғим-теримига жалб этиларди. Бу ўз навбатида таълим-тарбиянинг сифатига салбий таъсир этарди. Юртбошимизнинг саъй-ҳаракатлари билан ўқитувчи ва ўқувчиларни, тиббиёт ходимларини, талабаларни мажбурий меҳнатга жалб этишга барҳам берилди. Натижада кейинги беш-олти йилнинг ичида мактаблардаги таълим-тарбия жараёнлари тубдан ўзгарди.  

Стратегияда мактаб тизимидаги ислоҳотларни ҳам янада юқори босқичга кўтариш, замонавий мактаблар қуриш, янги дарсликлар, ўқув қўлланмалари яратиш, бошланғич синф ўқувчиларини таълим планшетлари билан таъминлаш, ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини янада кўтариш, фан олимпиадалари, спорт мусобақалари ғолибларини, уларнинг устоз ва мураббийларини рағбатлантириш, хорижий тилларни ўқитиш сифатини янада ошириш, ҳар бир битирувчи албатта бирорта замонавий касб-ҳунарни эгаллашини таъминлаш каби қатор муҳим вазифалар белгиланган. 

Шу ўринда вилоятимиздаги бир тажриба ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Олий Мажлис Сенати аъзоси, “ANAMED” тиббиёт маркази раҳбари Носирбек Абдуллаханов ташаббуси билан аълочи ва жамоатчи ўқувчиларга стипендия жорий этилган бўлиб, Наманган шаҳридаги 4-,46-мактабларнинг энг фаол ўқувчиларидан 250 нафари уч йилдирки, шу стипендияни олишга сазовор бўлишди. Энг муҳими, уларда ўқишга, билим олишга бўлган қизиқиш сезиларли равишда ортди.

Ёки сенатор ташаббуси билан қизил ҳудудга кирган мактаблар учун танлов эълон қилинди. Яъни қайси мактаб юқори натижаларга эришса, шу муассаса жамоасини 1 октябрь-ўқитувчи ва мураббийлар кунида тантанали равишда тақдирлаш  кўзда тутилган.

Демоқчиманки, бугун мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг, айниқса, ёш авлод салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш учун шароитлар, имкониятлар яратиляпти. Сенатор Носирбек Абдуллахановга ўхшаган таълимга, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлашга катта ёрдам бераётган, ҳомийлик қилаётган  тадбиркорларимиз сафи янада кенгайса, айни муддао бўларди.

 Президентимиз таълим тизими вакиллари билан ўтказилган йиғилишлардан бирида “Янги Ўзбекистон - мактабдан бошланади” деган катта ташаббусни, ғояни илгари сурган эдилар. Бугун бу шиор умуммиллий ҳаракатга айланди. “Ўзбекистон - 2030” стратегияси ва унда ҳар бир инсон салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган устувор вазифалар яқин йилларда албатта ўзининг амалий натижасини беради. 

Орифжон МАҲМУДОВ,

O’zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши аппарат раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    149
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+