Глобал муаммолар ечимлари

21.09.2023, 14:37

Глобал муаммолар ечимлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 78-сессиясидаги нутқи орқали халқаро муносабатларда фундаментал ўзгаришлар юз бераётган шароитда жаҳон ҳамжамияти эътиборини  айни кундаги долзарб масалаларга қаратди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, дунёда ишонч инқирози, халқаро ҳуқуқ меъёр ва талабларидан четга чиқиш ҳолатлари кузатиляпти. Оқибатда геосиёсий қарама-қаршиликлар кучаймоқда. Иқлим ўзгаришлари, очлик ва тенгсизликка нисбатан норозилик ҳаракатлари кўзга ташланяпти.

Юзага келган мураккаб вазиятни холис ва амалий ҳамжиҳатликни қатъият билан қарор топтириш, умуминсоний қадриятларни ҳамма нарсадан устун қўйган ҳолда халқаро ишонч руҳини мустаҳкамлаш орқали тўғри изга солиш ҳар қачонгидан муҳим.

Дунё ҳамжамиятига маълумки, Ўзбекистон Президенти 2023 йил умумий ҳавфсизлик ва тараққиёт масалаларига бағишлаб Самарқандда ўтказилган халқаро анжуманда Самарқанд бирдамлик ташаббусини илгари сурган эди. Бундан асосий мақсад жаҳон халқларининг бугуни  ва истиқболи учун жавобгарликни чуқур англаш, томонларни очиқ ва конструктив ҳамкорлик учун глобал мулоқотга жалб қилишдан иборатдир.

Давлатимиз раҳбари нутқида БМТ Бош Котиби ташаббуси билан келгуси йили “Келажак саммити” ўтказилиши ҳам халқаро ва минтақавий тараққиётнинг долзарб муаммоларини хал этишга, мазкур ташкилотнинг таъсири ва самарадорлигини оширишга хизмат қилишига ишонч билдирди. Нутқда, шунингдек, Марказий Осиё ва жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган қатор муаммоларни ҳал этишга алоҳида тўхталиб, жумладан, аёлларнинг бунёдкорлик ташаббусини рўёбга чиқариш мақсадида Осиё хотин-қизлар форумини ўтказиш таклифи олға сурилди. Бундан ташқари Марказий Осиё ҳудудида экологик вазият кескинлашгани, сайёрамиздаги иқлим ўзгаришлари, биохилма-хиллик камаяётгани, атроф-муҳит ифлосланиши ортаётгани ўз ечимини кутмоқда.  Орол денгизи қуришидан Марказий Осиёда вужудга келган мураккаб экологик вазиятни ўнглашга Ўзбекистон ўз имкониятлари даражасида изчил интилмоқда.

Ўзбекистон раҳбари жаҳон минбаридан экстремизм ва халқаро терроризмга қарши курашни такомиллаштириш ҳақида сўз юритар экан, дунё ҳамжамиятини айрим мамлакатларда кўзга ташланаётган диний тоқатсизлик, исломофобияга йўл қўймасликка чақирди.

Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси минбаридаги  нутқида олға сурилган ғоялар давлатлар ва халқлар ўртасида тинчлик-тотувликни мустаҳкамлаши, жаҳон ҳамжамияти диққат-эътиборини мавжуд глобал муаммоларни хал этишга ундаши шубҳасиз.    

Солижон МЎМИНОВ,

O'zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши раиси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    192
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+