Қарлиғбоғотликлар депутатдан мамнун

06.10.2023, 17:10

 Қарлиғбоғотликлар депутатдан мамнун

Қарлиғбоғот маҳалласи сайловчилари Халқ депутатлари Қарши шаҳар кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Арзиқул Шеров билан учрашув чоғида аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш, йўлларни асфальт қилиш, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида амалий ёрдам сўрашган эди. Депутат мутасадди идораларга сўровнома чиқиб, муаммоларнинг мақбул ечимларини топа олди. Ҳозирга қадар маҳалладаги Посбон, Элбек, Зардўзлик, Катта маҳалла кўчалари асфальт қилинди. Аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида ҳам  кенг кўламда ишлар бошлаб юборилган. Маҳаллада 25 та кўча бўлиб, уларда 4784 нафар аҳоли истиқомат қилади. Айни пайтда 10 та кўчада истиқомат  қилаётган одамлар депутатнинг саъй-ҳаракатлари билан ичимлик сувдан баҳраманд бўлишди. Қолган кўчалардаги мавжуд ичимлик сув қувурлари таъмирланиб, сув бормаган жойларга янги қувурлар тортилмоқда. 

- Арзиқул Шеровни депутат этиб сайлаб, адашмаган эканмиз, - дейди Қарши шаҳар Қарлиғбоғот МФЙ раиси Қундуз Бобоназарова. – Мунтазам равишда маҳалламиз аҳолиси билан учрашиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этишда яқиндан ёрдам бермоқда. Маҳалламиз бозор яқинида жойлашганлиги учун уйда ўтирган 42 нафар хотин-қизга 5 млн. сўмдан кредит ажратилгач, улар ҳунармандчилик билан шуғулланиб, рўзғорларига барака киритмоқдалар. Йил бошидан ҳозирга қадар 34 та тадбиркорлик субъектлари ишга туширилиб, етмишга яқин янги иш ўринлари яратилди. 160 нафар фуқаро эса ўзини-ўзи банд қилди. 179 нафар ёшларни давлат идораларига ишга жойлаштирдик. Депутатимиз сайловчилар билан мулоқотларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, маҳаллада ободонлаштириш ишларини кенг кўламда ташкил этиш юзасидан тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бормоқда. Энг муҳими, депутатга қилинаётган ҳар бир мурожаат эътиборсиз қолмасдан, ўз вақтида ечимини топмоқда. Бу эса маҳалладошларимиз орасида O’zLiDePнинг нуфузи ортиб боришига сабаб бўлаётир. 

Жўра ҚОРЖОВОВ,

O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши

Сиёсий таълим ва депутатлик

гуруҳлари билан ишлаш бўлими мудири  

  • Кўрилди
    324
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+