Сайловчилар билан юзма-юз мулоқот қилмасдан уларнинг корига яраб бўлмайди

12.10.2023, 12:22

Сайловчилар билан юзма-юз мулоқот қилмасдан уларнинг корига яраб бўлмайди

Депутат, аввало, халқ вакили, унинг зиммасида сайловчилар ишончини қозониш, ғаму ташвишларидан хабардор бўлиш, корига ярашдек катта масъулият туради.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг сайловолди дастурида “партия мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, ор-номуси, эҳтиёжлари ва манфаатларига қаратилганини алоҳида эътироф этади” деб белгилаб қўйилган. Бу эса мазкур сиёсий кучнинг ҳар бир фаоли, ундан сайланган ҳар бир халқ вакилининг асосий мақсади ва фаолияти инсон бахту камолоти ва фаровонлигини таъминлашга ҳисса қўшиш, бу йўлдаги муаммоларни ўз вақтида бартараф этишдан иборат эканини кўрсатади. Зеро, давлатимиз раҳбарлигида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, янги Ўзбекистонни яратишдаги асосий мақсад ҳам шу – инсон бахти ҳамма нарсадан устунлигига эришиш.

Шу боис ўзим сайланган Шайхонтоҳур тумани Кохота маҳалласида дам-бадам сайловчилар билан дилдан мулоқот қиламан. Уларни безовта қилаётган муаммоларни эшитаман, бартараф этиш учун масалани жойига чиқиб ўрганаман. Чунки кишиларни тингламасдан туриб, корига яраб бўлмайди. Тинглашнинг ўзи муаммонинг ярми ечим топди дегани.

Ана шундай учрашувларимдан бирида маҳалладаги Аэроплан кўчасида оқова сув қувури йўқлиги айтилди. Ушбу муаммони маҳалла раиси Дилфуза Муҳамеджонова билан биргаликда ўргандик. Жараёнда гувоҳ бўлдикки, халқ бежиз эътироз билдирмаган. Кўчанинг санитар-гигиеник ҳолати кўнгилдагидек эмас. Нохуш ҳидлар ҳашарот ва зараркунандаларнинг бу атрофда кўпайишига сабаб бўлган. Сайловчилар айтганидек, аҳвол ёз ойларида янада ёмонлашиб, аҳоли, айниқса, болаларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатади.

Сайловолди дастуримда берган ваъдаларимни амалга ошириш ҳамда ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида зудлик билан мутахассисларга боғландим. Сал ўтмай ушбу кўчага оқова сув қувури ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди. Тез фурсатда 150 метрли оқова сув тармоғи ўрнатилиб, 18 та хонадонга улаб берилди.

Бу ишлар якунлангач, йўлларни таъмирлаш ва асфальтлашни ҳам ният қилган эдик. Шу мақсадимни туман ободонлаштириш бўлимига депутатлик сўрови орқали билдирдим. Мутасаддилар мурожаатимга ўз вақтида эътибор қаратишди. Сойбўйи кўчаси тўлиқ таъмирланиб, мустақиллигимизнинг 32 йиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилди. Равон йўллардан юриб, шаҳар марказидаги байрам тадбирларини томоша қилиш учун кетаётган фуқароларимизнинг кайфияти баландлигини кўриб, бизнинг ҳам баҳри дилимиз очилгани рост. Доимгидек ушбу хайрли ишда маҳалла раиси Дилфуза Муҳамеджонова ҳаммаслак ва кўмакдош бўлди.

Аҳоли билан яна бир юзма-юз мулоқотимда маълум бўлдики, туманнинг Олим Хўжаев маҳалласида истиқомат қилувчи Қозиевлар оиласи ижтимоий ҳимояга муҳтож экан. Кўп болали ушбу оила фарзанди Нурислом юрак туғма етишмовчилиги ташхиси билан дунёга келган. Кетма-кет уч бора ўтказилган жарроҳлик амалиётидан кейин ҳушсизлик ҳолатига тушиб қолган. Шунинг оқибатида 6 йилдан бери ўзи ҳаракатлана олмайди, парваришга муҳтож.

Ўша куниёқ зудлик билан ушбу манзилга бориб, оиланинг яшаш шароити билан яқиндан танишдим, шароитларини ўргандим. Улар асли қашқадарёлик бўлиб, ҳозирги вақтда Тошкент шаҳрида вақтинчалик рўйхатда туриб, ижарада яшаб келмоқда. Шунча йилдан бери фарзандининг парвариши, даволатиш учун ёрдам ололмай, сарсон бўлиб юрган. Чунки Қашқадарёдаги тегишли мутасадди органларга бу борада ариза билан мурожаат этишса, Тошкентга жўнатишар, Тошкентга келса, яшаш жойингиз Қашқадарё вилояти-ку, деб у ёққа юборишар экан.

Нурисломнинг соғлиғини тиклаш мақсадида 3-оилавий поликлиникадан шифокор ва ҳамширалар бириктирдик. Янги 2023-202 ўқув йилидан унинг таълим олиши учун ҳам ҳудудий мактаб ўқитувчилари билан таъминладик. Ҳозирда боланинг дарсларга етиб олиши учун амалий ҳаракат олиб бориляпти. Бундан ташқари, болакайнинг тоза ҳавода сайр қилиши учун туман тиббий-ижтимоий хизматларни ташкил этиш бўлими кўмаги ва ҳомийлигим остида аравача тақдим этдик.

Одамлар орасида бўлган ва уларнинг корига яраган сари бундан-да масъулиятли юмуш ва бундан бахтиёр кун йўқлигини янада чуқур англаяпман. Ҳазрат Алишер Навоий бобомиз таъбири билан айтганда: “Одами эрсанг демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидин ғами”.

Абдуазиз АБДУРАЗЗОҚОВ,

Халқ депутатлари Шайхонтоҳур туман кенгаши депутати, O’zLiDeP аъзоси

  • Кўрилди
    215
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+