Халқ ишончини ҳар ким ҳам қозонолмайди

12.10.2023, 17:46

Халқ ишончини ҳар ким ҳам қозонолмайди

Мамлакатимиздаги етакчи сиёсий куч – O’zLiDePнинг ташкил топганига яқинда йигирма йил тўлади. Ўтган вақт давомида партиянинг ўзига хос иш усули, анъаналари шаклланиб улгурди, жуда катта сиёсий тажриба тўпланди. Фидойилик, одамлар дардига дармон бўлишга интилиш, қолаверса, партияни ташкил этишда бош-қош бўлган устозлар анъаналарини давом эттириш, айтиш мумкинки, ўзбекистонлик либерал-демократларга хос фазилатлар, десак янглишмаймиз.

Ушбу сиёсий кучнинг босиб ўтган йўлига назар солар эканмиз, унинг халқ ишончини қозониб, бугунги мавқеи ва обрўга эришишида депутатларнинг ҳам алоҳида ўрни борлигига гувоҳ бўламиз. Тўғри, халқ вакиллари фаолияти ҳақида сўз кетса, ҳаммадан ҳам илиқ гаплар эшитавермаймиз. Чунки демократик тамойиллар устувор бўлиб бораётган жамиятда бундай муносабат билдирилиши табиий ҳол. Лекин, очиғини айтганда, халқ ноибларининг жойларда олиб бораётган фаолиятидан бахобар ёки бевосита депутат кўмаги билан оғири енгил бўлган кишилар борки, улар ўзлари сайлаган номзод номини доимо миннатдорлик билан тилга олишади.

Яна бир жиҳати, маҳаллий кенгашларда O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоларининг сони сайловдан сайловга фақат ошиб бораётгани уларнинг эл ишончини қозонаётганини кўрсатади.

Мисол учун, маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган дастлабки сайловларда Жиззах вилоят, туман (шаҳар) кенгашларига партиямиздан жами 72 нафар депутат сайланган эди. Айни пайтда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида жами 12 нафар O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари фаолият олиб бормоқда. Уларнинг 26 нафари халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати ҳисобланади.

Демак, қаердаки, халқ ноиблари сайловчилар ишончини оқласа, том маънода элим, юртим деб ёниб яшаса, ўша ҳудудда маслакдош депутатларимиз сони кейинги сайловларда кўпроқ овоз олаётгани ҳам бор гап.

Бу борада Халқ депутатлари Шароф Рашидов туман кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари фаолияти фикримиз исботидир.

– Айни пайтда бизнинг маҳаллий кенгашимизни бошқа ҳудудларга солиштирадиган бўлсак, энг кўп, яъни 15 нафар маслакдош депутатимиз фаолият юритаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Нафақат сон, балки сифат жиҳатдан ҳам улар фаолиятини ижобий баҳолашимиз мумкин. Шунинг учун ҳам фидойи халқ вакиллари десак арзийдиган Шарофат Нориева, Акмал Аҳмедов, Нигора Асқарова, Мелиқўзи Омонлиқов ва бошқа фаол депутатларимиз номини туманимиз аҳли беҳад ҳурмат билан тилга олади, – дейди мазкур туман партия кенгаши аппарат раҳбари ƀанишер Авалбоев.

Тумандаги машҳур сулола вакилларидан бири Наханбоевларнинг кенжа вакили Зафар Наханбоевни фахр билан тилга олсак арзийди. У дастлаб Жиззах давлат педагогика институтини, кейинчалик Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари миллий тадқиқот университетини тамомлаган. Оғир-босиқ, мулоҳазали бу йигитнинг гап-сўзларида иккала олий даргоҳда устозларидан олган таълимнинг таъсири сезилиб туради. Мана етти йилдирки, чорвачиликка ихтисослашган “Ўрол Наханбоев” фермер хўжалигини бошқариб келади.

У сайланган 30 – “Янги қишлоқ” сайлов округи ҳудудида дашту тоғларга туташиб кетган учта – Тинчлик, Кўрпасой, Равот маҳаллалари жойлашган. 1650 дан ортиқ хонадонда истиқомат қилувчи аҳолининг турмуш тарзи деҳқончилик, чорвачилик билан узвий боғлиқ.

– Очиғини айтиш керак, қишлоқларимизда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар нафақат аҳоли турмуш тарзини оширишга, балки ҳудудда тадбиркорликни ривож лантиришга ҳам тўсиқ бўлиб келаётган эди, – дейди Зафар Наханбоев биз билан суҳбатда. – Шу сабаб маҳаллий ҳокимият, мутасадди ташкилотлар билан ҳамжиҳатликда сўнгги йилларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш, таълим соҳалари билан бир қаторда, электр энергияси, табиий газ, тоза ичимлик суви таъминотини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди. Албатта, аҳоли ҳам бу хайрли ишдан четда тургани йўқ.

Гарчи унинг ўзи истиҳола қилиб айтмаган бўлса-да, ана шу қишлоқларда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ободончилик, бунёдкорлик ишларига партиямиздан сайланган бу жонкуяр депутат бош-қош бўлаётганини кўпчиликдан эшитиб, тўғриси, хурсанд бўлдик.

Ўзгаришларни санайдиган бўлсак, улар ҳар қандай кишини қувонтиргулик. Кўрпасойда 8 километр, Тинчлик маҳалласида 12 километр, Равот маҳалласида 1 километр йўлларга шағал тўкилди. Одамлар қишда тизза бўйи лой, ёзда тупроқ кечиб юриш азобидан қутулишди. Увоб қиш лоғида кўприк таъмирланди. Барча қишлоқларни электр энергияси билан таъминлаш мақсадида километрлаб янги кабеллар тортилди, симёғочлар алмаштирилди. Бугун Жиззах шаҳридан Зомин томонларга йўли тушган ҳар қандай йўловчи умумий Равот деб юритилувчи қишлоқ йўлларидан ўтса, атрофига гул ва ниҳоллар экилган, текис кўчаларини кўриб кўзи қувнайди. Бир нечта мактаб ва тиббиёт масканлари таъмирланди. Бу каби хайрли ишлар аҳолини якка тартибда ҳамда оилавий тадбиркорликка жалб қилишга имкон яратмоқда.

Биз санаб ўтаётган бунёдкорликлар 230 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган Шароф Рашидов туманида кечаётган улкан ислоҳотлардан бир қисмигина, холос. Ишонч билан айта оламизки, бундай савобли ишларда Зафар Наханбоев каби маслакдош депутатларимизнинг бош-қош бўлаётгани одамларни ўзига хос тарзда руҳлантирмоқда.

  • Кўрилди
    274
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+