Қишлоқлардаги муаммолар ечимида депутатнинг ҳиссаси катта

17.10.2023, 15:16

Қишлоқлардаги муаммолар ечимида депутатнинг ҳиссаси катта

Ҳақиқий депутат қандай бўлиши керак деган савол, зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис қиладиган, эл-юрт ҳурматини қозонган халқ ноиблари фаолиятига назар солишга, улар тажрибасини ўрганишга ундайди.

Зомин туманидаги 36-“Навоий” сайлов округи ҳудудида Навоий, “Гулшан” ҚФЙ, “Нурликент”, “Қўштол”, “Ёшлик” ва “Пешағор” маҳалла фуқаролар йиғинлари жойлашган бўлиб, мазкур ҳудудда жами 30 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.  Эътиборли томони,  уларнинг кўпчилиги халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари  Эркин Холматовни  қатъиятли, элпарвар, шу ҳудуддаги аҳолининг қувончи ташвишларини яхши биладиган тажрибали раҳбар ва халқ ноиби сифатида яхши билишади. Маслакдош депутатимиз одамлар билан яқиндан, самимий мулоқот қилиш, маҳалла фаоллари ва оқсоқоллар билан бамаслаҳат иш қилишни, ўз сайловолди дастурига киритилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишнинг энг синалган усули, деб билади.

Тажрибали депутатимиз томонидан жорий йилда мазкур ҳудудлардаги турли хил муаммоларни партиявий воситалар билан ҳал қилиш мақсадида мутасадди ташкилотларга 83 та депутатлик сўрови чиқарилди. Аҳоли ва юридик шахслар томонидан қилинган 51 та мурожаатларнинг аксарияти  ижобий ечимини топди, вақт талаб қиладигани депутатлик назоратига олинди.  Депутат кўмаги билан амалга оширилган ишлар салмоғини кўрган аҳоли ҳудудаги ҳар бир муаммоли масалани ҳал қилишда халқ ноиби билан маслаҳатлашишни маъқул кўришмоқда. 

Айни пайтда Навоий МФЙ ҳудудида жойлашган Отчилик базаси, Бошпешағор, Бешбулоқ, Хатап, Аржа қишлоқларидаги ички йўлларни шағаллаштириш, электр энергияси таъминотидаги камчиликларни бартараф этиш, қишлоқларга тортилган ичимлик суви тармоғини хонадонларга киритиб бериш, сел йўлларига осма кўприк қуриш, болалар  ва спорт майдончалари бунёд этиш борасидаги муаммоларни бартараф этишга киришилди.

Уларнинг баъзилари келгуси йил давлат дастурига киритилган бўлса, зудлик билан бартараф этиш лозим бўлган муаммолар депутат назоратига олинган.

Таъкидлаш лозимки, Эркин Холматов каби фидойи депутатларимиз томонидан аҳолига муносиб турмуш шароити яратиб бериш, борасида  амалга оширилаётган бу саъй ҳаракатлар, жойларда яқинда йигирма йиллигини нишонлайдиган O’zLiDePнинг мавқеи ва обрўси ошишига ҳам хизмат қилмоқда.

Холбек АСАТОВ,

O’zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши Сиёсий таълим ва

депутатлик гуруҳлари билан ишлаш бўлими мудири

  • Кўрилди
    320
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+