Яхшидан боғ қолади

19.10.2023, 10:52

Яхшидан боғ қолади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда БМТ минбарида туриб, жаҳон жамоатчилиги эътиборини инсоният ҳаётига таҳдид солаётган учта инқирозга қаратди. Иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланишини бартараф этишга доир муҳим ташаббусларни илгари сурди. Давлатимиз раҳбари шу йил 11 октябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мазкур масала бўйича бир қатор таклифларни билдириб, устувор вазифаларни белгилаб берди. Хусусан, 25 октябрдан 1 декабрга қадар мамлакатимизда “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинди.

Юртбошимизнинг ана шу ташаббусидан руҳ олиб, Ўзбекистон маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, хотин-қизлар ва ёшлар вакиллари мурожаат билан чиқди. Фаоллар доимо она табиат билан уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, атроф-муҳит софлиги ва барқарорлигини сақлашга интилиб келадиган кўп миллатли халқимизни, бутун эл-юртимизни “Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!” деган олижаноб ғояни қўллаб-қувватлашга чақиришган.

Мурожаатда айтилганидек, айрим маҳаллаларда, кўча ва гузарларда бўш турган, дарахт экилмаган жойлар ҳам кўп. Эндиги вазифамиз ушбу жойларни боғ-роғларга айлантиришда маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлигини кучайтириш, ҳудуд ободлиги ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган лойиҳаларни кенгайтиришдан иборатдир. Бунинг учун ҳар бир маҳаллада “маҳалла боғлари”ни яратиш, яшил ҳудудларни кўпайтириш, ҳар бир фуқаро шахсий намуна сифатида дастлаб ўз хонадони ва кўчасини обод қилиши “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилиши шубҳасиз.

Миллий қадриятларимизга содиқ қолган ҳолда, оилада фарзанд дунёга келганида унга атаб кўчат экиш, ҳашар йўли билан боғроғлар яратиш, иморатлар атрофини кўкаламзорлаштириш каби эзгу анъаналаримизга ҳамоҳанг тарзда ҳар бир хонадон томонидан 20 туп кўчат экиш ва ўстириш ташаббуси илгари сурилмоқда. “Ҳар бир фуқаронинг тўй ва бошқа яхши кунларида ниҳол экишни анъанага айлантирсак, нима дейсизлар?! Бу ғоят савобли тадбир эмасми?” деган чақириққа бефарқ қараб бўлмайди, албатта.

Мамлакатимизда 3 миллиондан ортиқ нуронийлар умргузаронлик қилмоқда. Улар маҳаллаларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, кўчатларни намунали экишни ташкиллаштиришда янада фаоллик ва ташаббус кўрсатишларига ишонамиз. Агар отахон-у онахонларимизнинг ҳар бири 1 тупдан ниҳол қадаса, 3 миллион оғочлик улкан боғ барпо бўлади. Улар ўз ёнларига яна 10 нафар фарзанд-у невараларини олсалар, бу савобли ишга ёшларни ҳам шерик қилсалар, 30 миллион туп кўчат экилади. Шундай савобли ишларни давом эттириш учун ҳар бир хонадон эгаси ўз томорқасига, маҳалла гузари ва кўчасига 10 тупдан кўчат экса, юртимиз бўйлаб яна ўртача 55 миллион дарахт бўй чўзади. Бу боғлар бир кун келиб шовуллаган яшил денгизга айланиши ҳеч гап эмас.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини муваффақиятли амалга оширишда O‘zLiDeP электорати, жумладан, деҳқон ва фермерлар, томорқа ер эгаларининг ўрни беқиёс. Юртимизда бир ярим минг фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан 81 миллиондан зиёд тут, ток, тол, ёнғоқ ва бошқа ниҳоллар парваришланаётгани мурожаатда ҳам эътироф этилган. Фермерларимиз “Бир дала – бир маҳсулот” тамойили асосида ўз ҳудудига тут, ток, терак ва бошқа кўчатларни экса, ҳар бир қарич еримиз боғ-роғларга айланади.

Ўлкамизда “Оналар – яшил макон учун” ғояси кенг қулоч ёзиб бораётгани, маҳаллаларда “Оналар боғи” ташкил этилаётгани ҳар биримизни қувонтиради. Бунда 10 мингга яқин маҳалладаги “Оқила аёллар” ҳаракатининг ҳам муносиб ўрни борлиги шубҳасиз. Ушбу хайрли тадбирларни халқимиз орасида кенг ёйишда партиямизнинг “Аёллар қаноти” фаоллари ҳам жонбозлик кўрсатишмоқда. Сиёсий куч сафидаги опа-сингилларимиз бундан буён ҳам хайрли амалларда бардавом бўлишига ишонамиз. Ҳудудларда “Ёшлар боғи”ни ташкил этишда ҳам O‘zLiDePнинг навқирон аъзолари пешқадамлар қаторида бўлиши турган гап.

Мурожаатда таъкидланганидек, дарахт экиш ва уни парваришлашни мажбурият эмас, қадрият сифатида қабул қилайлик! Ҳар биримиз келажак авлод олдидаги бурчимизни чуқур ҳис қилган ҳолда, “Яшил макон” лойиҳасини умумхалқ миллий ҳаракатига айлантирайлик! Токи, биздан фарзандларимизга обод, яшилликка бурканган гўзал Ватан мерос қолсин!

Тўлқин ФАЙЗИЕВ,

O‘zLiDeP Тошкент вилоят кенгаши раиси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    308
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+