Президентимиз Яшил ипак йўли доирасидаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди

20.10.2023, 10:00

Президентимиз Яшил ипак йўли доирасидаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Пекин шаҳрида “Бир макон, бир йўл” халқаро форумининг очилиш маросимида ҳамда “Инсон ва табиат уйғунлиги йўлида “Яшил ипак йўлини” биргаликда барпо этиш” мавзусидаги ялпи йиғилишида иштирок этди ва ва бир қатор таклифларни илгари сурди.

Хитойнинг ҳар томонлама стратегик шериги сифатида Ўзбекистон биринчилардан бўлиб “Макон ва йўл” ташаббусини қўллаб-қувватлаган ва мазкур ташаббуснинг асосий мақсад ва вазифаларини янада илгари суришнинг қатъий тарафдоридир. Шу сабабдан ҳам давлатимиз раҳбари “Яшил ипак йўли” ташаббуси моҳият эътибори билан умумий “яшил” келажак кун тартибини шакллантиришини таъкидлади.

Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган махсус резолюция доирасида Оролбўйида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудларини яратиш бўйича кенг кўламли дастурни амалга ошираётгани таъкидланди.

Марказий Осиёда “яшил” тараққиёт соҳасидаги мақсадларга эришиш йўлида фикр алмашиш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун Ўзбекистон раҳбари 2024 йилда Самарқанд халқаро иқлим форумини ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Мамлакатимиз “Яшил ипак йўли” доирасида кенг кўламли халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор экани қайд этилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон етакчиси Хитой ҳамда “Макон ва йўл” ташаббусининг бошқа иштирокчилари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича фикрлари билан ўртоқлашди.

“Марказий Осиёнинг “яшил” кун тартиби” ва “Яшил ипак йўли” концептуал ташаббусларини ўзаро боғлаш доирасида иқтисодиёт тармоқларини “яшил” тараққиёт талаблари асосида трансформация қилиш ва рақамлаштириш, транспорт ва энергетика тармоқларида барқарор инфратузилмани яратиш, “яшил” саноат қувватларини ишга тушириш, камбағалликни қисқартириш ва “ақлли” қишлоқ хўжалигини ривожлантириш чоралари ва лойиҳаларини ўз ичига олган “Яшил” тараққиёт дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Давлатимиз раҳбари кам углеродли иқтисодиёт ва “тоза” технологияларни ривожлантириш, шунингдек, минтақа мамлакатларида юқори экологик стандартларни жорий этиш мақсадида Ўзбекистонда “Яшил молиялаштириш” жамғармасини таъсис этишни таклиф қилди. Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси “яшил” маҳсулотлар, айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўзаро савдосидаги чеклов ва тўсиқларни камайтиришга чақирди.

“Яшил” энергетикага ўтиш бўйича мулоқотни фаоллаштириш ва “Макон ва йўл” ташаббусига қўшилган мамлакатлар вазирларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш таклифи билдирилди.

Ўзбекистон Президенти Оролбўйи халқаро инновациялар маркази негизида “яшил” билим ва ечимларни трансфер қилиш бўйича илмий-ахборот платформасини ишга тушириш ташаббусини илгари сурди.

“Яшил” тараққиёт ва экология соҳаси учун малакали кадрлар танқислиги ортиб бораётганини ҳисобга олиб, давлатимиз раҳбари Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети негизида етакчи хорижий олийгоҳлар ва таълим марказлари билан ҳамкорликда “Яшил” тараққиёт ва экология соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва академик алмашувни ривожлантириш бўйича қўшма дастур ишлаб чиқишни таклиф этди.

Умуман олганда, Марказий Осиё жаҳондаги иқлим ўзгариши оқибатларидан энг кўп зарар кўраётган минтақалардан бири эканини ҳисобга олсак, давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган ташаббуслар минтақамиздаги аномал об-ҳаво шароитлари, тез-тез юз бераётган қурғоқчилик ва чанг бўронлари, ерларнинг шиддат билан деградацияга учраши ва чўлланиши, биохилма-хилликнинг йўқолиши кўринишида намоён бўлаётган мураккаб экологик вазиятни олдини олишга хизмат қилади.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    214
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+