Бухорода ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида кўрилган чора-тадбирлар таҳлил қилинди

26.10.2023, 17:01

Бухорода ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида кўрилган чора-тадбирлар таҳлил қилинди

O’zLiDeP Бухоро вилоят Кенгашида Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссиянинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Доимий комиссия йиғилишида вилоятда 2023 йилнинг 9 ойи давомида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати тўғрисида вилоят ИИБ ташкилий бошқарма бошлиғи Азим Бозоровнинг ахбороти тингланди.

Таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 10-11 август кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида жиноятчиликни маҳаллабай жиловлаш, маҳаллаларда “хавфсиз муҳит”ни яратиш борасида берилган топшириқлар ижросини самарали ташкил этиш бўйича вилоятда муайян ишлар амалга оширилган.

Жумладан, криминоген вазияти оғир бўлган Бухоро шаҳар, Ғиждувон ва Бухоро туманларида комплекс тадбирлар ўтказилиб, йил якунига қадар вазиятни ўнглаш ҳамда жиноятчиликни жиловлаш бўйича манзилли профилактик тадбирлар олиб бориш кўзда тутилган.

Бундай тадбирлар доирасида йиллар давомида криминоген вазияти оғир бўлиб келган Бухоро шаҳрининг “Раззоқ Ҳамроев” маҳалласи тажриба сифатида танлаб олиниб, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида ишлар ташкил этилган. Маҳалла ҳудуди 320 млн. сўм маблағ эвазига камералаштирилиб,  8 та савдо нуқталари ва 37 та аҳоли хонадонлари қўриқлов пультига уланган ҳамда аҳоли ўртасида тарғибот тадбирлари ўтказилган. Амалга оширилган профилактик тадбирлар натижасида ушбу маҳалла ҳудудида бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган.

Жиноятчиликни жиловлаш борасида амалга оширилаётган тадбирлар натижасида жорий йилнинг 9 ойида содир этилган жиноятларнинг 100  минг аҳоли сонига нисбати ўртача 173 тадан тўғри келиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 2,1 тага камайган.

Рўйхатга олинган жами жиноятларнинг 2197 таси ёки 63,1 фоизини олди олиниши мумкин бўлган жиноятлар ташкил этиб, ушбу турдаги жиноятлар ҳам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 110 тага ёки 4,7 фоизга камайган.

Умумтаълим мактаблари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида вояга етмаган ва ёшлар томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этилишининг, ёхуд уларнинг жиноят ёки ҳуқуқбузарлик қурбонига айланиб қолишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар тасдиқланиб, бу борада амалий ишлар олиб борилган.

Хотин-қизлар орасида ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш мақсадида ички ишлар идоралари, соғлиқни сақлаш ва бошқа идораларнинг ҳисобида турган 3 592 нафар хотин-қизларнинг ҳолати ўрганилиб, 2 960 нафарининг муаммолари мутасадди идоралар томонидан ижобий ҳал этилган. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган 1 756 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилган.

Вилоятда жорий йилнинг 9 ой якунида 544 та маҳаллаларнинг 36,6 фоизида жиноятлар содир этилмаган, 37,9 фоизида жиноятлар камайишига эришилган.

Йиғилишда доимий комиссия аъзолари томонидан кун тартибидаги масала юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди. Мажлис якунида муҳокама қилинган масалага доир тегишли қарор қабул қилинди.

  • Кўрилди
    268
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+