Умумий тараққиёт йўлидаги қатъий интилиш

09.11.2023, 17:02

Умумий тараққиёт йўлидаги қатъий интилиш

Кейинги йилларда минтақамиздаги ва унга яқин давлатлар ўртасидаги ўзаро иқтисодий ҳамкорликнинг мустаҳкамланиб бораётгани таҳсинга сазовор. Бунда айниқса, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббус кўрсатаётгани ва давлатлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшаётгани қувонарлидир. Бугун Халқаро конгресс марказида очилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити ҳам ана шундай манфаатли тузилмалардан биридир.

Тан олиш керак, бугун дунё қалқиб турибди. Турли низолар, келишмовчиликлар ва урушлар гирдобида қолган бир қатор мамлакатлар аҳолиси қийинчилик ва азоб-уқубатлар исканжасида қолмоқда. Бундай мураккаб шароитда давлатларнинг бир-бири билан ҳамжиҳат бўлиши, муаммоларни биргаликда ҳал этиши жуда муҳимдир.

 Президентимиз саммитдаги нутқида бу ҳақда айтиб ўтар экан, бу мураккаб жараёнларда ўзининг катта ўрнига эга бўлган Ташкилот  давлатлари биргаликда ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қилиши, вужудга келаётган хавф-хатарларга қарши самарали ечимлар топиши муҳим эканини алоҳида таъкидлади. “Ҳамкорликда иқтисодий барқарорлик ва тараққиёт сари” шиори остида ўтган саммитда кўп томонлама алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш ва энг долзарб масалалар бўйича батафсил фикр алмашиш ниҳоятда муҳим эканилигши айтиб ўтилди.

Шуни алоҳида айтиб ўтиш ўринлики, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти аъзоларини муштарак тарих ва муқаддас ислом дини, бой маданият ва ўхшаш қадриятлар чамбарчас боғлаб туради. Ярим миллиард аҳоли яшайдиган кенг минтақамиз савдо-иқтисодий, саноат, инвестиция ва инновациялар, транспорт соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришда катта салоҳиятга эга. Президентимиз ўз нутқида ИҲТнинг асосий ҳужжати бўлган “Истиқболлар – 2025” ижросини сарҳисоб қилишни қўллаб-қувватлади. Ҳозирча ишга солинмаётган катта имкониятларнинг чуқур таҳлили асосида Ташкилотнинг келажакдаги устувор соҳа ва тармоқларини белгилаб берувчи “Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари – 2035” концептуал ҳужжатини ишлаб чиқиш вақти келганини таъкидлади.

Шу муносабат билан Президент Ўзбекистон экспертлари томонидан ишлаб чиқилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида савдони соддалаштириш тўғрисидаги битимни қабул қилишга чақирди. Унда товар ва хизматлар савдосини енгиллаштириш, техник ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш, божхона, фитосанитария ва ветеринария тартиб-қоидаларини рақамлаштириш, электрон савдони ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу чора-тадбирлар орқали 2035 йилга бориб ўзаро савдо ҳажмларини камида икки баробар кўпайтириш мумкин. Ўзаро транспорт-коммуникация боғлиқлигини кучайтириш ҳақида сўз юритар экан, Президентимиз аъзо давлатларнинг аксарияти денгизга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга эмаслигини таъкидлади. Шу билан бирга, Осиё-Тинч океани, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа минтақаларининг йирик бозорлари билан боғлайдиган ва бизнинг ҳудудларимиз орқали ўтадиган трансконтинентал транспорт йўлаклари салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишимиз зарур. Келгусида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” ва Трансафғон мультимодал йўлларининг ишга туширилиши барча аъзо давлатлар манфаатларига мос келади.

Давлатимиз раҳбари экология масалалари бўйича юқори даражали платформа яратиш бўйича Ўзбекистоннинг ғояси қўллаб-қувватлангани учун ташаккур изҳор этди ва унинг биринчи анжуманини 2024 йили Самарқанд иқлим форуми доирасида ташкил этишга тайёрлигини билдирди. Ҳозирги вақтда тобора жиддий муаммога айланиб бораётган қум-чанг бўронларига қарши курашиш мақсадида Самарқанд декларациясини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Ҳар йили мамлакатларимизда навбат билан Маданият, санъат ва кино ҳафталикларини ўтказиб бориш, ёшларнинг ижодий фестиваллари ва инновацион ҳамкорлик платформасини йўлга қўйиш, фундаментал илмий йўналишларда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Умуман олганда, Ўзбекистоннинг бир қатор давлатлар билан манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйгани ва бу ташкилотлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ўзининг ижобий самараларини бераётгани ҳар биримизни қувонтиради. Бинобарин, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти минбаридан Президентимиз кўплаб ташаббусларни илгари сураётгани бу нафақат мамлакатимиз тараққиёти балки минтақа ва дунё иқтисодиётини ривожлантиришга муҳим ҳисса бўлиб қўшилади.

Дилбар УСМОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

  • Кўрилди
    247
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+