Байроғимиз – рамзимиз, фахримиз, ғурур ва ифтихоримиздир!

17.11.2023, 17:56

Байроғимиз – рамзимиз, фахримиз, ғурур ва ифтихоримиздир!

Ҳар бир мамлакатнинг мустақиллигини ифодаловчи муқаддас белгиси миллатнинг шаъни ва ғурурини уйғотувчи давлат рамзида акс этади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 5-моддасида: “Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳиясига эга” деб белгилаб қўйилган. Давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсоллардир. Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди.

Давлатимиз байроғи ҳам халқимизнинг ўтмиши, бугуни ҳамда келажагини ўзида мужассам этади. Байроғимиздаги рамзлар Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқликни ҳамда юртимиз ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг анъаналарини ўзида бирлаштирган. Шу боис, давлат байроғи ҳар бир фуқаро учун муқаддас ва улуғдир. Шу боис, байроғимиз ёки гербимизга назар солганимизда ёки мадҳиямиз янграганда биз рухан жўшқинликни, азму шижоатимиз ошганини, қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга ишонч туйғусини ҳис этамиз.

Байроқ ҳар бир давлатнинг рамзи, халқнинг тимсолидир. Бугун давлатимиз суверенитетининг рамзларидан бири – мустақил Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигига 32 йил тўлади. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрдаги навбатдан ташқари VII сессиясида тасдиқланган Давлат байроғи – мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у ер юзининг шу сарҳадларида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради.

Ватанимиз мустақиллигининг тимсоли ҳисобланган ва ўзида жуда катта маъно-мазмунни мужассам этган, юксак дид ва маҳорат билан пухта ишланган, бутун Ўзбекистон аҳлининг асрий орзу-истакларини, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни, аждодлар ёди ҳамда миллат ғурурини мужассам этган байроғимиз сайёрамиздаги барча мамлакатларнинг давлат рамзлари орасида алоҳида ҳурмат ва эҳтиромга сазовордир.

Ватанимиз байроғи ўзининг кўрки ва жамоли билан қадимда мавжуд бўлган миллий давлатларимиз билан тарихан боғлиқлигини англатиб, барча ижтимоий-маданий қадриятларимизни ўзида мужассамлаштиргани билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон байроғи тимсоллар тилида бу – яхшиликни, донишмандликни, ҳалолликни, тинчликсеварликни, беғуборлик ва софликни, орзулар тозалиги ва ички гўзалликка интилувчанликни, навқиронлик ва умидлиликни, табиат билан уйғун янгиланиб боришни билдиради.

Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.

Бугун миллий байроғимиз давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб турибди. Турли байрам тантаналарида, мамлакатимиз аъзолари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида ҳам байроғимиз Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттирмоқда. Масалан, халқаро спорт беллашувларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимиздан ғурурланамиз.

Қолаверса, халқимизнинг, фаол жамоатчиликнинг таклифларини инобатга олган ҳолда яқинда, яъни 2023 йилнинг 7 июлида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунга асосан эндиликда Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига нисбатан ҳурматни таъминлаган ҳолда, нафақат умуммиллий байрамларда, спорт мусобақаларида, оммавий жисмоний тарбия тадбирларида, маданий ва ўзга оммавий тадбирларда, расмий халқаро тадбирларда, тантанали тадбирларда, шунингдек, жамоат жойларида, бинолар ва бошқа объектларда, яшаш ёки иш жойларида, уларга туташ бўлган ҳудудларда, транспорт воситаларининг салонида, оилавий байрамларда, хотира саналарини нишонлашда ҳамда бошқа ҳолларда ҳам фойдаланилиши мумкин.

Давлат байроғи тўғрисидаги қонунимизга киритилган ушбу янгиликлар юртдошларимиз учун фахр ва ифтихор туйғуларини ифода этиш имкониятини янада кенгайтиради, деб ўйлаймиз.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир.

Байроғимизнинг баландлиги юртимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолатдир. Шундай экан, сарбаланд қаддимиз ва қадримиз тимсолини ҳамиша эъзозлаш ва бошимиз узра баланд кўтариш она ватан олдидаги муқаддас бурчимиздир.

Барча юртдошларимизни ушбу сана билан табриклаймиз! Ўзбекистондаги тинчлик ва осойишталик бардавом бўлсин, байроғимиз баланд-баландларда ҳилпирайверсин!

Давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар недан устунлигини англатиб, эслатиб туришини ҳар биримиз, юракдан хис қилишимиз, рамзларимизни ардоқлаб ҳурмат қилишимиз инсонийлик ва фуқаролик бурчимиздир.

Насимжон Алимов,

O‘zLiDeP Сиёсий таълим маркази раҳбари.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    233
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+